Мақолалар

Биз – оналар дуодамиз

Президентимизнинг яқинда  халқимизга қилган Мурожаатини тинглагач, кўзимга уйқу келмади. Давлатимиз раҳбари юртимизга кириб келган коронавирус пандемиясини қандай даф қилишни ўйлаб, куйиб-пишиб ю́рган бир пайтда кимдандир вирус юқтирганини яширган, касалликни иситмаси ошкор қилгач, мажбур бўлиб “Тез ёрдам” чақирган фуқаронинг бу ҳаракати одамни лол қолдиради. Наҳотки, инсон ҳам бу қадар масъулиятсиз, энг аввало,  ўз соғлигига бефарқ бўлса. Ахир, шифокорлар ҳар куни вирусни юқтирганлар агар вақтида даволанмаса, уларни ўлим кутаётганлигини такрор-такрор  айтишаётганликларини наҳотки  англамаган бўлишса?

Бу кунларда бизнинг юртимизда вируснинг кенг тарқалмаслиги учун карантин эълон қилинган бўлиб,   хавфли хасталикка қарши курашиш, яъни  санитари-гигиена  қоидаларига амал  қилиш, вирусдан сақланиш жараёни кечмоқда. Бундан мақсад соғлом инсонларга касаллик юқишининг олдини олишдир. 

Мен ўзимни юртимиздаги барча аёлларнинг бир яқин кишиси ҳамда қизларнинг бувиси ўрнига қўйиб, уларга: “Уйда – оилангиз бағрида ўтиринг, ўзингизнинг ва яқинларингизнинг соғлигини ўйланг”, деб таъкидлагим келади.

Ассалому алайкум, азиз опа-сингилларим. Бугун ҳаммамиз дунёни ташвишга солаётган “COVID 19” вирусининг тарқалиб кетмаслиги учун шифокорлар берган тавсияларга амал қилиб уйда ўтирибмиз. Фарзандларимиз ва набираларимизнинг уйда  билим олишлари  учун онлайн тизимида  дарслар ташкил этилганлиги айни муддао бўлди. Шахсан ўзим набираларим билан бўш пайтларда  биргалашиб китоблар ўқияпмиз, уларга ҳадислар, эртак ва ривоятлар айтиб беряпман. Телевизорда берилаётган фойдали ва қизиқарли кўрсатувларни бирга томоша  қиламиз.

Қарангки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам вабо тарқалган экан. Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларига: "Вабо тарқалган жойга борманг. Агар у ерда бўлсангиз юртингизга қайтманг”, – деган эканлар. Демак, шу ҳадисга биноан, асорати оғир касаллик юқтирганлар алоҳида сақланиб, бир-бирларидан, бошқалардан узоқлаштирилиши керак экан.

Азизаларим! Президентимиз халққа мурожаат қилиб, барчани шундай синовли кунларда уйда ўтириб, бир-бирларини руҳан қўллаб-қувватлаш, бу  оғир вазиятни мустаҳкам иродали  ва қудратли бўлиш билан енгиш зарурлигини қайта-қайта такрорламоқдалар. Юртимизда фуқароларни ушбу касалликдан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш кечириш ва  беморларни даволаш барча учун шароитлар  яратилганини хабарлардан кўриб, билиб турибмиз. Бунга жавобан сизу биз ҳам уй қолиб, яратилган шароитдан тўғри фойдаланиб, пандемиянинг тезроқ бартарф бўлишига ҳисса қўшайлик.

Азиз қизларжон! Сиз уйда ўтириб, билимларингизни мустаҳкамланг. Оналарингизга рўзғор ишларида кўмаклашинг. Айни кўклам пайтида ҳовлиларни супуриб  сидиринг, гуллар, райҳонлар, ўсмалар экиб, уларни парваришланг, устозларингиз, дугоналарингиз,  синфдошларингиз билан зарур бўлганда уяли телефонлар орқали мулоқот қилинг, янгиликлардан хабардор бўлинг. Бўш вақтларингиздан унумли фойдланиб, бувижонларингиздан  чеварликни, кашта тикишни  ўрганинг,  китоб ўқинг, расм   чизинг, ижод килинг.

Буни қарангки, Аллоҳнинг ҳар бир иши ҳикматли.  Қадрли опа-сингиллардан: “Рўзғор, давлат ишлари, кўча юмушлари билан овора бўлиб, қизларимиз билан дилдан суҳбатлашишга вақтимиз етмайди”, – деган гапни кўп эшитардик. Бугун эса  имкон бор: фарзандларингиз билан  кўнгилдан гаплашинг, сирлашинг, зарур маслаҳатлар беринг.

Тез кунларда вирус юқтирган беморларнинг барчаси ҳам соғайиб, уйларига қайтишади, вирусга батамом барҳам берилади, яна осойишта ва мазмунли ҳаётимизга қайтамиз, иншааллоҳ.

Биз бувижонлар ҳам  барча эзгу ишларга бош-қош бўлаётган муҳтарам Президентимизни, эл-юртимиз, айниқса, бугуннинг  қаҳрамонлари бўлган шифокорларни, осуда ва соғлом ҳаёт учун курашаётган барча юртдошларни дуо қилайлик.

 

Раҳима ИСКАНДАРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Сирдарё вилояти вакилининг аёллар

 масалалари бўйича ёрдамчиси

Онлайн мулоқотни Муҳтарама УЛУҒОВА ёзиб олди

Read 2470 times

Мақолалар

Top