Мақолалар

Муножот

Олам аҳлин, Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил,

Нафсу шайтон қутқуси шарру риёдан сақлагил,

Фитнаю бўҳтон, адоват, норасодан сақлагил,

Беамал, бетуҳфа ул бемуддаодан сақлагил,

Ҳақ йўлида юрмаган ул беҳаёдан сақлагил,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

Келди бу ғам ногаҳон олам аро офат бўлиб,

Жумлаи борлиққа одам кўрмаган кулфат бўлиб,

Ҳар соат, ҳар ерда ул бўй кўрсатар даҳшат бўлиб,

Олам аҳли ғам чекар ҳар ердаким қат-қат бўлиб,

Келди ул ёшу қарига кутмаган ғурбат бўлиб,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

Билмайин ғафлатда қолдик келди қайдин бу бало,

Чора излаб қанча жонлар айлагай оҳу наво,

Илтижомиз сенга, Тангрим, айлагил тезроқ даво,

Бергучи сенсан шифосин истасанг қодир Худо,

Айлагил авф биз гуноҳкор бандани олампано.

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

Ваҳ, гуноҳим ошдими, ҳаддимни билмайким бу дам,

Ҳаққа тавба ҳам тазарру ичраким  қўймай қадам,

Қўрқмайин ҳаргизки Ҳақдан, чекмайин дилда алам,

Ўйламай шодликда ҳаргиз келгусин бу тарзда ғам,

Ҳақ таоло, биз гуноҳкор бандага этгил карам,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

Қилмайин неъматга шукринг журму исён айладим,

Нафсу шайтон комида кўнглимни вайрон айладим,

Норасо йўлдан юриб гоҳ ўзни сарсон айладим,

Луқмани покиза тутмай наҳси туғён айладим,

Билмагайман қай куни ҳаққинга эҳсон айладим,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

 

Ё жазо бердингми, Тангрим, кимсалар яғмосига[1],

Нафсу шайтон жазмида турфа одам савдосига,

Билдириб қўйдингми ўзни бевафо дунёсига,

Тоату ростлик, диёнат келмаган парвосига,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

 

Эслатиб қўйдингми шу тарз оч кўзинг бандам дебон,

Хақ жазоси бирлаким Нуҳ қавмини босди тўфон,

Ер ютиб юборди қавми Лутни ҳеч қўймай омон,

Қилди нобуд Самуд қавмин зилзила, чақмоқ чунон,

Бўлди ибрат бизга тарих саҳнидаги имтихон,

Беадад тавба тазарру айлагайдурмиз бу он,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

 

Дини иймон йўлини рост тутмадим, сенга аён,

Қўймадим вақтида мақдам отаю онам томон,

Дўст қолиб, ағёрга сирдош бўлдим мен нодон ҳамон,

Бехабарлар ичраким сен этмагил рангим сомон,

Мушкулимни энди сен авфинг билан қилгил осон,

Икки олам сен ўзингсан, Эй Худоё, соябон,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

Уммати Сарвар ҳаққи юртни чароғон айлагил,

Ҳазрати чорёр ҳаққи элни фаровон айлагил,
Барча ўтган авлиёлар ҳаққи дармон айлагил,

Олам ичра бу зарар офатни яксон айлагил,

Илтижомиз Сенга чексиз, бизни ғуфрон айлагил,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

 

Эй Худоё, юртимизни хусни ҳолат айлагил,

Раҳнамомиз бирлаким элни саломат айлагил,

Файзу икромингни бизларга зиёдат айлагил,

Тинчлигу шавкат билан аҳли барокат айлагил,

Қудратинг-ла барчамизни ҳусни суврат айлагил,

Ногаҳон келган бу ғам жабру жафодан сақлагил,

Олам аҳлин,Эй Худо, ҳар хил балодан сақлагил.

 

                                                                

                                                     Исмоил Маҳмуд Марғилоний  

 

 

[1] Яғмо-талон-тарош қилмоқ

Read 3208 times
Tagged under

Мақолалар

Top