Мақолалар

«ИЛМ, ТАЖРИБА, ДУО» — Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ёд этиб
9 май — Хотира ва қадрлаш куни 
 
Ҳаёт кутилмаган воқеаларга бой. Фақат хайрли кунларни кўп қилгин, деб Аллоҳдан сўраш керак.

Мамлакатимиз ўтган асрнинг 90-йилларида мустақил бўлгач, жуда кўп соҳаларда, айниқса вазифалари аввалги Марказдан туриб белгиланган вазирликлар ва идоралар соҳасида кадрлар танқислиги билиниб қолди. Ана шу соҳалардан бири – Ташқи ишлар вазирлиги, яъни дипломатия соҳаси эди. Хуллас, 1993-йилнинг октябрида Францияга Олий даражадаги ташрифда таржимонлик вазифасини бажарганимдан сўнг, Ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтиш учун танловга таклиф қилиндим. Тест-танловда юқори натижа кўрсатганим сабабли, мустақил Ўзбекистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги тарихида илк Биринчи котиб даражасини олишга муяссар бўлдим ва Европа бошқармасида ишлай бошладим.

Республикамизда элчихоналар очилаётган пайт, хорижда дипломатик ваколатхоналаримиз ташкил қилинмоқда, делегацияларнинг, лойиҳаларнинг саноғи йўқ. Ўша пайтда кўпчилик дипломатларимиз ишлаб туриб, ушбу соҳани эгалладилар. 1997-йилнинг июнь ойида кутилмаганда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинландим. Албатта, Ташқи ишлар вазирлигида орттирган тажрибам Қўмитанинг ташқи алоқаларини ривожлантириш, халқаро диний вазиятга баҳо бериш жараёнларида жуда қўл келди. Айтиш керакки, 90-йилларнинг охирида Республикада диний вазият ўта мураккаб кечмоқда эди.

Ушбу мураккаб вазиятнинг асосий сабабларидан бири миллий диний етакчиларнинг деярли йўқлигида эди. Иккинчи томондан, хориждан “сизларга динни ўргатамиз” дея сон-саноқсиз даъватчи гуруҳлар кириб келмоқда эдилар.

Аслини олганда, Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотуридий, Насафий, Замаҳшарийдек буюк уламолар авлодларини исломга ўргатиш, уларга ислом динидан маъруза ўқиш мантиқан нотўғри эди. Турли оқимларга мансуб даъватчилар ва хорижда турли мазҳабларга оид таълимотларни ўрганиб қайтган айрим ёшларимизнинг қарашлари асрлар мобайнида Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.) асос солган Ҳанафия мазҳаби ва мотуридия ақидаси асосида ислом дини амалларини бажариб келган халқимизнинг қарашлари билан ҳамоҳанг бўла олмади. Ушбу ҳолат имом домлаларнинг қарашларида ҳам акс этиб, жамиятдаги барқарорлик ва осойишталикка раҳна сола бошлади.

Ушбу зиддиятларнинг натижаси ўлароқ 1999 йил воқеалари юз берди. Мамлакатимиз мусулмонларига асл ислом динининг мазмун-моҳияти, мазҳаблар орасидаги фарқ, исломда вассатия (мўътадиллик), табаррук динимиз учун ёт ва хатарли оқимлар, мусулмоннинг мусулмондаги ҳақлари ва бошқа ўта муҳим мавзуларни халққа тушунтириб бера оладиган, ҳамма тан оладиган, диний ва дунёвий илмларни чуқур эгаллаган, нотиқ, дипломат инсон кераклиги вақт ўтган сари аён бўлиб бораверди.

Пировардида, 1993 йилдан буён хорижда истиқомат қилиб келаётган таниқли ватандошимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (р.а.) ҳазратлари Ўзбекистонга қайтиб келишга таклиф қилиндилар. Вазиятни тўғри англаган Шайх ҳазратлари розилик бердилар ва 2001 йилда Ватанга қайтдилар. Шу санадан эътиборан иккимизнинг ижодий ва инсоний ҳамкорлигимиз бошланди. Айтиш жоизки, 1993-2001 йиллар орасида хорижда Шайх ҳазратлари жуда унумли ижод қилгандилар. Ҳозир халқимиз севиб мутолаа қилаётган “Тафсири Ҳилол” ва “Ҳадис ва Ҳаёт” йирик тўпламли асарлар Маккаи Мукаррамада ва Ливияда яратилган.

2002-йилда яна бир кутилмаган ва хайрли воқеа юз берди, мен Дин ишлари бўйича қўмитага раис этиб тайинландим. Марҳум Шайх Ҳазратлари ёзган китобларни нашр эта бошладик. Фахр билан айта оламанки, ушбу донишманд инсоннинг босилган ҳар бир китобларини қўлёзмалик ҳолатидаёқ ўқиганман, у ёки бу жойларини муҳокама қилган жойларимиз ҳам бўлган. Ҳар бир учрашувимизда у кишидан узр сўраб, мен бир ўқувчи сифатида айрим жойларини ўзим учун аниқлаб олмоқчиман, дея зарур аниқлашлар ва изоҳларни сўраб олардим.

Қувайт давлати ташаббуси билан тузилган “Осиё мусулмонлари қўмитаси” жамғармасининг Ўзбекистон бўлимини биргаликда ташкил қилдик ва натижада 2005-йилга қадар ушбу жамғарма бир неча юз етим болалар, шунингдек Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Тошкент ислом институти ва Кўкалдош мадрасаси устозлари ҳамда талабаларини қўшимча маблағлар билан таъминлаб турди (фурсатдан фойдаланиб “Осиё мусулмонлари қўмитаси” жамғармасининг ўша йиллари Тошкентда ижрочи мудири бўлган Абдуҳаким қори Матқуловга миннатдорчилик билдираман).

Шайх ҳазратлари билан Фарғона водийсига, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида хизмат сафарларида бирга бўлиш шарафига муяссар бўлдим. Элимизнинг у кишига бўлган самимий эҳтиромлари ва ушбу зотнинг Ватанга, халққа ва динга бўлган муҳаббатларини ҳамиша ҳис қилдим.

Шоҳимардонга ёки Самарқандга саёҳатларимиз вақтида қирғиз ва қозоқ чегарачилари (у пайтларда қўшниларимиз билан муносабатларимиз тарангроқ эди) машинада ўтирган Шайх ҳазратларига кўзлари тушиши билан: “Ўзбекнинг домласи, келинг, ўтинг” дея тўсиқларни тез олиб ташлаганларини ҳамон эслайман.

Водий бўладими, воҳа бўладими, юрт кезар эканмиз Саудия Арабистони ёки Иордания, Ливиядаги каби масжидлар, тоза таҳоратхоналар тўғрисида ҳам фикр алмашган вақтларимиз бўлган. Шунда, раҳматли Шайх ҳазратлари, у кунларни ҳам кўрамиз, худо хоҳласа, деганлари эсимда. Ўша пайтнинг ўзидаёқ ҳозирги Раҳбаримизнинг рухсатлари ва кўрсатмалари билан автоёқилғи қуйиш бекатларида замонавий ҳожатхоналар бўлиши кўзда тутиладиган бўлди. Шунингдек йўл чеккаларида айрим масжидларни очишга муваффақ бўлинди.

Шайх ҳазратлари яратган асарлар, у кишининг маърузалари, ўтказган машғулотлари, қилган панд-насиҳатлари натижасида мамлакатимизда диний вазият барқарорлашди, адашишлар камайди, табаррук ислом динимиз ўзининг маърифий-тарбиявий вазифаларини бекаму-кўст амалга ошира бошлади.

Вақти-вақти билан Шайх ҳазратларига ҳамсафар ва ҳамсуҳбат бўлиб, ушбу донишманд инсондан жуда кўп нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Гап-сўзларига, насиҳатларига қулоқ тутдим, ҳам билим, ҳам инсоний тажриба орттирдим. Ва дуоталаб бўлдим. Фахр билан айта оламанки, бизнинг муносабатларимиз ўзаро ишонч, ҳурмат ва самимиятга асосланган эдилар.

Умумжаҳон уламолар иттифоқи котиблари кенгаши, Ислом Олами Робитаси таъсисчилари кенгаши, Жаҳон тасаввуф уюшмаси раёсати, Жаҳон халқ исломия раҳбарияти раёсати, Умумжаҳон исломга даъват кенгаши раёсати, Иордания исломий фикр қироллик академияси, Покистон умумжаҳон ислом университети илмий кенгаши, Жаҳон масжидлар уюшмасига аъзо бўлган марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг яна бир орзулари бор эди. У зот Ўзбекистонда халқаро фиқҳ академияси тузилса, деган ғоя ва лойиҳани ардоқлар эдилар.

Шайх ҳазратларининг ушбу орзулари, у кишининг вафотларидан бор-йўғи икки йил ўтиб амалга ошди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг қарорлари билан Ўзбекистонда Халқаро ислом академияси ташкил қилинди. Халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ислом дини таълимоти, жумладан фиқҳ соҳасида етук мутахассислар, фан докторлари тайёрлаш юклатилган. Умуман сўнгги уч йил ичида дин ва маърифат соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлардан халқимизнинг муносиб фарзанди, мутафаккир ва таниқли уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг руҳлари шод бўлмоқда, дея ишонч билдираман.

Аллоҳ марҳум Шайх ҳазратларини, у кишидан аввал ва кейин боқий оламга риҳлат қилган барча илм аҳлини раҳмат қилсин!

Шоазим Миноваров,
Ислом цивилизацияси маркази директори
 
Манба: http://uza.uz
Read 2389 times

Мақолалар

Top