Мақолалар

Катта Лангар Қуръони қандай топилган эди?
Илк бор Катта Лангар Қуръонини 1997 йил йили Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Катта Лангар қишлоғида кўрган эдик. Ўша пайтда у Катта Лангар қишлоғида Лангар ота зиёратгоҳида сақланарди. 

1997 йили ёзда Халқаро Амир Темур жамғармасининг ўша вақтдаги раиси академик Бўрибой Аҳмедов (1924–2002) олдига биз – қўлёзмалар бўйича мутахассислар бориб, Қашқадарё воҳасига палеографик (қўлёзма манбаларни излаш ва ўрганиш) экспедициясига чиқиш истагимизни бунинг учун фонд бизларга ёрдам бериши имкониятини билмоқчи бўлдик. Шунда домла Б. Аҳмедов илмий сафармиз қўллаб-қувватладилар ва бунга Амир Темур жамғармаси ёрдам кўрсатажигини маълум қилдилар. 
 
photo_2020-05-11_20-54-23.jpg

Август ойида Қашқадарёга қараб йўлга чиқдик. Гуруҳимизда мендан ташқари ҳозирда тарих фанлари доктори Шодмон Воҳидов, филология фанлари докторлари Қосимжон Содиқов ва Қудрат Омоновлар бор эди. Бизнинг айнан Қашқадарё воҳасини илмий сафар учун танлаганимиз бежиз эмасди. Шодмон Воҳидовнинг волидаси айтган маълумот шу йўналишни танлашимизда сабаблардан бири эди. Унга кўра Қашқадарёда бир ғор бор экан, унда бир тўн кийган инсон қўлидан Қуръонни қўймай, қучоқлаб турар экан, деган афсонавий гап бор экан.

Шаҳрисабзга бориб, ўша пайтдаги шаҳар ҳокими Азим Зайниддинов билан учрашдик. Ўз ўлкаси тарихини ўта қадрловчи бу инсон бизларни ҳокимият дачасига жойлаштирди. Ўзига ажратилган машинани бизларнинг илмий изланишларимиз давомида Қашқадарё бўйлаб олиб юриши учун бериб қўйди. Қалби гўзал инсон бўлмиш Азим ака ёрдами билан Қашқадарёнинг турли тарихий жойларига бориш имкониятига пайдо бўлди. Зиёратгоҳлар, турли муқаддаси жойлар, жумладан, Темурийлар даври ёзувлар бор қабртошлар билан танишдик.
 
photo_2020-05-11_20-54-19.jpg

Аммо маҳаллий аҳоли қўлидаги қўлёзмалар билан танишиш осон бўлмади. Сабаби яхши маълум: совет тузуми даврида халқ қўлидаги қўлёзмалар атеистик кураш доирасида йўқотилган. Уйидан қўлёзма чиққан одамлар таъқиб остига олинган. Орадан вақт ўтган бўлса-да, ўша давр қўрқуви ҳали инсонлар хотирасида сақланиб қолганди. 

Биз аҳоли ишончини қозониш йўлидан бордик: Шаҳрисабз маҳаллий телевидениесидан чиқиб, олим эканлигимиз, аҳоли қўлида мавжуд қўлёзма манбаларни ўрганиш ниятимиз борлигини билдирдик. Эртасигаёқ биз билан Жўрахон ака Асомов исмли инженер учрашиб, қайнотаси – Файзуллохўжа Равнақий (1892–1978)нинг қўлёзмалардан иборат кутубхонаси мавжудлиги ва у билан бизни таништиришини маълум қилди. 
 
photo_2020-05-11_20-54-27.jpg
 
Биз Шаҳрисабздаги Равнақий яшаган уйга бордик ва унинг кутубхонасидаги қўлёзмалар ҳамда невараси Лутфиллахон билан танишдик. Илмий аҳамиятга эга маълумотлар тўпладик. Лекин Жўрахон Асомов билан бўлган танишувимизнинг энг катта натижа – Катта Лангар қишлоғидагиXV асрда барпо этилган Лангар ота зиёратгоҳида сақланувчи қадимий Қуръон ҳақидаги маълумотлар эди. 

Жўрахон Асомов бизни мана шу Қуръон нусхасини ўша қишлоққа олиб бориб кўрсатадиган бўлди. 1997 йил 10 август куни йўлга чиқиб, ниҳоят Катта Лангарга етиб бордик. Қишлоқдаги Катта Лангар зиёратгоҳ кираверишида ёзувларга эга қадимий қабртошлар мавжуд. Биз учун энг муҳими Қуръоннинг қадимий нусхасини кўриш эди. Катта Лангар Қуръони Зиёратгоҳ ичидаги ёғоч сандиқда сақланар экан. Катта Лангар масжиди имоми у билан бизни таништирди. Қуръоннинг жуда қадимийлиги яққол кўриниб турарди. Сабаби у терига ёзилганди. Шахсан мен фақат илмий китоблардаги маълумотлар орқалигина кийик терисига ёзилган қўлёзмалар борлигини билардим. Ҳозир эса умримизда биринчи марта қўлимизда терига ёзилган қўлёзма, яна энг муқаддас китоб – Қуръоннинг дунёдаги энг қадимги нусхаларидан бирини ушлаб турардик. Қўлёзмашунос олим учун бу бахтли онлар эди.
 
photo_2020-05-11_20-54-35.jpg

Илмий сафар муносабати билан 1997 йили ўша вақтда Катта Лангар зиёратгоҳида сақланган Катта Лангар Қуръони билан унинг асрлар давомидаги сақланиш жойида танишган эдик. Тошкентга қайтгач бу қўлёзма ҳақида қуръоншунос олимлар профессорлар франциялик Франсуа Дерош ва россиялик Ефим Резванларга маълум қилдик. Улар Катта Лангар Қуръони бўйича илмий изланишларни бошлаб юбордилар. Ефим Резван айни Қуръон ҳақида 2004 йили китоб нашр қилди. 

Таъкидлаш ўринлики, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида мазкур манба янада кенг тадқиқ этилди. Юртимизда ва хорижда лойиҳа доирасида ўтказилган йирик анжуманларда бу қутлуғ қўлёзма ҳақида қатор қимматли маълумотлар тўпланди. “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимил нусхалари чоп қилиниб, илмий муассасаларга етказилди. 

Афтондил Эркинов, 
Филология фанлари доктори,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга 
оид маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази етакчи илмий ходими
 
ЎзА
Read 2533 times

Мақолалар

Top