Мақолалар

Рамазон марҳаматингизни бошқалар билан баҳам кўришга ундасин (Танловга)

 

Бутун дунё мусулмонлари Рамазон ойини интиқлик ва ўзгача ғайрат- шижоат билан кутиб оладилар. Ва бу ой давомида Аллоҳ таолога ибодат билан машғул бўлиб, иймонларини мустаҳкамлашга ҳамда қалбларини поклашга уринадилар.

Рамазон – дунёнинг бир четларида камбағаллик қийинчиликларини бошидан ўтказаётган инсонларнинг ҳаёт тарзини озгина бўлса ҳам сезишга ва исрофдан тийилиш учун руҳий ҳамда жисмоний ибодат ҳисобланади.

Бу oйда қилишингиз керак бўлган ва бу орқали абадий жаннат ҳаётига эришингизга ёрдам берадиган баъзи яхши амалларни санаб ўтаман.

  • Атрофингизга яхшилаб эътибор беринг.

Уларнинг баъзилари саҳарлик ва ифторлик қилишга имкони йўқ. Улардан ўз ёрдамингизни аяманг. Илтимос уларнинг қувончларига сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг. Чунки озгина нон ва мева-чева билан ризқингиз камайиб қолмайди.

  • Уйда сиз учун ифторлик ва саҳарлик дастурхонини тайёрлаётганларга ёрдам беринг.

Илтимос, уйдаги аёлларингизни ҳам ўйлаб кўринг. Ифторлик ва саҳарлик тайёрлаш фақтагина уларнинг вазифаси эмас. Сиз ҳам ёрдам қўлини чўзсангиз бўлади. Сиз аёлингиз ва қизларингизга кўпроқ меҳр кўрсатинг. Сиз бундай қилиш билан ҳам суннатга эргашган бўласиз (чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом доимо уй ишларида аҳли аёлларига ёрдам берганлар) ҳам оила аъзоларингиз ҳурмати ва муҳаббатига сазовор бўласиз.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآله وسَلَّمَ، قَالَ: «خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ، وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي» رواه الترمذي.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала қиладиганларингиздир. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилувчи кишиман”, дедилар.

Шунингдек, «Мўминларнинг комил иймонлилари уларнинг чиройли хулқлиларидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлларига чиройли хулқ билан муомала қиладиганларингиздир», деганлар (Имом Термизий ривояти).

  • Рўза тута олмайдиганларни маломат қилманг.

Баъзилар ёш бўлсада, соғлом бўлсада, узр туфайли рўза тута олмаслиги мумкин. Улар ҳақида яхши гумонда бўлинг. Чунки мўмин киши мусулмон биродари ҳақида доимо яхши гумонда бўлиши лозим. Уларга чиройли муомала қилинг ва рўза тутмаганлари учун уларнинг устидан ҳукм чиқарманг. Уламолар айтганларидек: “Яхши гумон қилиш ҳам ибодатдир”.

  • Бекорчи иш, гаплар, ғийбат каби вақтни бекорга исроф қилувчи ишлардан ўзингизни тийинг ва рамазонни ғанимат билинг.

Исломингизни чиройи билан бошқаларга ўрнак бўлинг.

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ: مِنْ حُسْنِ إِسْلَامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لَا يَعْنِيهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бефойда нарсаларни тарк қилиш кишининг Исломи чиройлигидан (далолат)дир”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).

  • Ҳайит байрами куни яқинларингизни эсдан чиқарманг.

Ҳайит байрами учун ой давомида пул йиғиб боринг ва уни ойнинг охирида камбағалларга тарқатинг.

Бу ойга гуноҳларимиз билан қадам қўйдик, энди бу ойдан барча гуноҳларимиздан пок ҳолда чиқиш барчамизга насиб қилсин.

 

Муҳаммад Али МУҲЙИДДИН,

Тошкент ислом институти 3-курс талабаси.

 

 

Read 2459 times

Мақолалар

Top