Мақолалар

Шайтоннинг найранглари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Ихлосни бузадиган офатларнинг баъзиси очиқ, баъзиси махфий, баъзиси эса очиқ бўлса ҳам заиф, баъзиси эса махфий бўлса ҳам қувватли бўлади. Буларнинг даражаларини мисоллар орқали тушуниш осон бўлади.

Ихлосни бузувчи энг катта ва биринчи омил риёдир.

Биринчи: Шайтон мухлис, намозхоннинг кўнглига қуйидагича васваса солади, натижада бутун жамоат унга ҳавас билан қарайди ёки бирор киши келиб унга қўшилади, шунда шайтон унга: «Сен намозни жуда гўзал адо этяпсан, ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси сенинг намозингни кўриб, виқор ва салобатингни томоша қилишяпти, ҳеч ким сен ҳақингда ғийбат ҳам қилаётгани йўқ», дейди. Шунда бу намозхоннинг ихлоси сўниб, хаёли чалғийди, беихтиёр қаддини тик тутишга ҳаракат қилиб қолади, виқор ва салобатига эътибор беради, намозидаги барча ҳаракатларни рисоладагидек бажара бошлайди. Мана шунинг ўзи риёдир.

Иккинчи: Намоз ўқувчи юқордаги офатларни билади ва бу борада шайтонга бўйсунмайди, унга эътибор ҳам бермай, намозида давом этади. Шунда шайтон унга гўё яхшиликни таклиф қилган бўлиб, «Ҳамма сенга эргашади, иқтидо қилади, назар солади, қилаётган ишларингдан таъсирланади. Шунинг учун амалларингни гўзал бажаргин, ҳеч нуқсони бўлмасин, шунда савобинг кўп бўлади. Агар хато ёки гуноҳ қилиб қўйсанг, уларнинг гуноҳи ҳам сенга бўлади. Шунинг учун уларнинг олдида амалингни яхши қилгин, токи улар сенинг ортингдан ибодатларни хушуъ ва хузуъ билан, гўзал адо этишсин», дейди. Бу васваса аввалгисидан ҳам махфийроқдир. Аввалгисида алданмаганлар кўпинча бунисида алданади. Ваҳоланки бу ҳам риёдир, ихлосни ботил қилувчидир.

Учинчиси: Аввалгиларидан ҳам дақиқроқдир. Бунда банда шайтоннинг ҳийла-найранглари тўғрисида анчагина маълумот ва тажрибага эга бўлади, ёлғиз ибодат билан жамоат ичидаги ибодатда бирор фарқ бўлса, бунинг риё бўлишини билади. Шунингдек, ҳақиқий ихлос хилватда ҳам, жамоатнинг ичида ҳам бир хил намоз ўқишда эканлигини ҳам билади. Жамоатнинг олдида одатдагидан бошқача намоз ўқишга ўзидан ҳам, Роббидан ҳам ҳаё қилади. Шунинг учун ҳам ёлғиз ўзи хилватда намоз ўқиса, худди жамоат олдида намоз ўқиётгандек гўзал суратда ўқийди, жамоатнинг олдига борганда бошқача намоз ўқиб қўймаслик учун хилватда ҳам ана шундай бекаму кўст намоз ўқийди. Бироқ, бу жуда махфий риёдир, чунки бу кишининг хилватда намозни яхшилаб ўқишидан мақсад жамоат олдида ҳам худди шундай намоз ўқишдир. Демак, у хилватда ҳам, жамоатда ҳам одамлар кўрсин деб намоз ўқиётган бўлади. Ҳақиқий ихлосда эса намоз ўқиётганида уни кимдир кўриб тургани ёки кўрмаётганининг фарқи бўлмаслиги керак. Бунинг учун эса намоз ўқиётганда атрофдагиларга умуман эътибор бермаслик керак, хилватда ҳам, жамоатда ҳам, атрофида ким борлигидан қатъи назар, намоз бир хил бўлиши керак. Ким ибодатини мана шундай ҳолатда адо этса, ана шу ихлосдир.

Тўртинчи: Буниси янада дақиқроқ ва махфийроқдир. Намоз ўқувчи ўзига одамлар қараб турганлигини билади, шайтон эса унга «Одамлар қараб турибди, намозингни хушуъ билан ўқи» дея олмайди, чунки намозхон шайтоннинг бундай фитналаридан огоҳдир. Шунинг учун шайтон бошқача йўл тутади: «Аллоҳнинг улуғлиги тўғрисида тафаккур қил, Унинг жалоли ҳақида фикр қил, чунки сен Унинг рўпарасида турибсан, Аллоҳ ғофил қалбингга назар солишидан ҳаё қил», дейди. Шунда намозхон бу насиҳатларни қалбига жо қилади, аъзои баданини ростлаб, хушуъ ҳолига келтиради ва ўзича буни айни ихлос деб ўйлайди. Аслида эса бу айни шайтоннинг макр-ҳийласидир, чунки унинг бу хушуъси Аллоҳнинг иззат ва жалоли туфайли бўлса, хилватда ҳам айнан шундай намоз ўқиши керак эди. Ваҳоланки у бошқалар кўриб турган пайтда намозни бундай ўқимайди. Шайтоннинг ҳийла-найрангларидан иборат бундай офатлардан қутулишнинг йўли юқоридагидек тафаккур, хушуъ ва хузуънинг хилватда ҳам, жамоатда ҳам бир хил бўлишидир. Намозхон ўзини биров кўриб тургани учунгина тафаккур қилиши, хушуъ ва хузуъ билан намоз ўқиши керак эмас. Аксинча, у биров уни кўриб турса ҳам худди бирор ҳайвон ёки жисм олдида ўқигандек намоз ўқиши керак. Намозхон ўзини бир инсон кўриб турганида бошқача, ҳайвон кўриб турганида бошқача намоз ўқир экан, демак, унинг бу амалида ихлос йўқ. Аксинча, бунда риёдан ҳосил бўладиган махфий ширк бўлиши мумкин. Инсоннинг қалбидаги ширк эса қоронғи зулмат кечада, қоп-қора тошнинг устида қоп-қора чумоли юрганидан ҳам махфийроқдир. Албатта, бундай хатарлардан воқиф бўлиш учун Аллоҳ таолонинг тавфиқи шартдир. Аллоҳ қайси бандасини манфаатли илму маърифат ила, тафаккур ва тадаббур ила сийлаган бўлса, ўшаларгина нажот топадилар. Акс ҳолда шайтон ҳар бир мўминни ҳар бир ҳаракатида риё қилишга васваса қилади. Бундай васваса оддийгина мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, жума куни хушбўй суриш, янги либос кийиш, тирноқларни олиш, мисвок ишлатиш ва ҳоказоларда ҳам бўлиши мумкин, чунки буларнинг барчаси маълум бир ҳолатларда суннатдир. Аммо бу ишларда нафснинг ҳам махфий таъсири бўлиши мумкин, чунки уларнинг барчасига одамларнинг назари тушади. Қолаверса, инсоннинг табиати бу нарсаларни ёқтиради. Шунда шайтон: «Бу ишларнинг ҳаммаси суннат, уларни асло тарк этмагин, акс ҳолда одамлар сени тарки суннат қиляпти, дейишади», дейди. Шунда мазкур суннатларни адо қилиб юрган кишининг қалбида махфий бир истак пайдо бўлади. Бунинг боиси эса, албатта, инсонларнинг назаридир. Демак, бу амаллар ҳам ихлосдан бўлмайди.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

 

Read 7359 times
Tagged under

Мақолалар

Top