Тасаввур қилинг! Бир киши сизга нисбатан душманчилик қилишни қасд қилди. Энди сиз қаерда бўлманг ортингиздан таъқиб қилаверади. Бир кун автоуловингизга талофат етказса, эртасига уйингизга... Индинига фарзандларингизга... Сизга кўзи тушса, бас, ҳақоратлар гирдобида қолдираверади... Хуллас, кун бўйи қиладиган иши шу - Сизга душманчилик қилиш! Чораларингиз унга кор қилмаяпти, у қасдидан қайтмаяпти, ғаламислигини тўхтатмаяпти...
Шундай ҳолатда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?!
Табиийки, фикру хаёлингиз доим шу билан банд бўлади, ғам-ғуссага ботиб қоласиз. Таомнинг таъмини ҳис этмайсиз, егуликлар баданингизга сингмайди, хотиржамлик сизни тарк этади. Бир сўз билан айтганда, ҳаётингиз жаҳаннамга айланади. Ана шундай ташвишлар билан қийналиб юрганингизда, ўша душманингизнинг бошқа мамлакатга кўчиб кетгани ёки панжара ортига киргани ё оғир хасталикка мубтало бўлганлигидан хабар топсангиз, хурсандчилигингиз қай даражада бўлишини тасаввур қила оласизми?! Шу кундан уйингизда байрам кайфияти ҳукм суриши муқаррар. Янги режалар, оилангиз ва дилбандларингиз билан келажакда бажарадиган ишларингиз кўзингизга кўрина бошлайди.
20 кун давомида хотиржам бўлиб, энди хурсанд бўлиб, шодлик нашидасини суриб юрганингизда, тўсатдан бир хабар келиб қолса: “Душманингиз 10 кундан кейин қайтиб келар экан”.
Хабар сизга қандай таъсир қилади деб ўйлайсиз?!
Яна нурли ҳаётингизга зулмат булутлари соя солади, хурсандчилигингиз маҳзунликка айланади, шодлигингиз ўрнини ғам-ташвиш эгаллайди. Орзулар дарахтининг илдизига болта урилади гўё. Иложсиз қолган киши қандай йўл тутади? Душман билан курашишга, унга қарши чора ва режалар тузишга киришади. Ақлли инсон борки, бундан бошқа йўлни танламайди. Ахир бутун умрини душманининг зулмига рози бўлиб ўтказмайди-ку!
Бундай ҳолатни кўпчилигимиз ҳаётимиз давомида қисман бўлса-да учратганмиз ёки гувоҳи бўлганмиз.
Келинг, шу ерда Сиз билан башариятнинг, хусусан, мўмин-мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлмиш шайтон ҳақидаги фикрлар дунёсига сайр қилиб кўрамиз!
Қуръони Каримда (Аллоҳнинг лаъанати бўлгур) шайтон ҳақида 60 дан зиёд оят мавжуд. Шулардан 4 тасини келтириб ўтсак:
قَالَ رَبِّ بِمَآ أَغْوَيْتَنِي لأُزَيِّنَنَّ لَهُمْ فِي الأَرْضِ وَلأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ {الحجر/39} إِلاَّ عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ {الحجر/40}
“(Иблис) айтди: “Эй, Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир)”” (Ҳижр сураси 39-40-оятлар).
قَالَ فَبِمَا أَغْوَيْتَنِي لأَقْعُدَنَّ لَهُمْ صِرَاطَكَ الْمُسْتَقِيمَ {الأعراف/16} ثُمَّ لآتِيَنَّهُم مِّن بَيْنِ أَيْدِيهِمْ وَمِنْ خَلْفِهِمْ وَعَنْ أَيْمَانِهِمْ وَعَن شَمَآئِلِهِمْ وَلاَ تَجِدُ أَكْثَرَهُمْ شَاكِرِينَ {الأعراف/17} قَالَ اخْرُجْ مِنْهَا مَذْؤُومًا مَّدْحُورًا لَّمَن تَبِعَكَ مِنْهُمْ لأَمْلأنَّ جَهَنَّمَ مِنكُمْ أَجْمَعِينَ {الأعراف/18}
“У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан”” (Аъроф сураси 16–18-оятлар).
وَلَا يَصُدَّنَّكُمُ الشَّيْطَانُ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ {الزخرف/62}
“Сизларни шайтон (Аллоҳнинг динига эътиқод қилишдан) сира тўсмасин! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Зухруф сураси 62-оят).
إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّا إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ {فاطر/6}
“Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур” (Фотир сураси 6-оят).
Мазкур ояти Карималар ҳақида яхшилаб тадаббур, тафаккур қилиб кўрайлик!
Шайтон Одам алайҳиссалом яратилишларидан олдин ҳам бор эди ва қиёматгача мавжуд бўлиб қолади. Ўша даврдан бери қанчадан-қанча инсонларга, хусусан, пайғамбарлар, расуллар ва уларнинг йўлини тутган салафи солиҳлар, мужтаҳид олимлару обидларга душманлик қилиб, васваса солиш мумкин бўлганларини васвасага гирифтор этиб, жаннат йўлидан адаштиришга, Аллоҳ таоло сари бир қадам босишга ҳам йўл қўймасликка уриниб келди. Ва қайсидир маънода Аллоҳ таолога айтган қасамларининг уддасидан чиқди ва шундай қилишда давом этмоқда.
Унинг ягона вазифаси, кўзлаган мақсади - бизга тўлақонли душманлик қилиш. Жаннат сари етаклайдиган одимларимизга қаршилик кўрсатиш, йўлдан оздириш. Солиҳ амалларимизга тўсқинлик қилиш, хайрли амалларни унуттириш ва ҳоказо... У бу борада асло тинмайди, чарчоқ нелигини ҳам билмайди. У ўта билимдон, жуда айёр, маккор, содда қилиб айтганда, сизу биздан анчагина илмли, адаштиришнинг турли усулларини биладиган даражада уддабурон. Бу борада анча тажрибага ҳам эга.
Ҳар бир кишининг нозик нуқтасини топиб, ўшанга ҳужум қилади. Бирор тирқишни кўриб қолса борми, албатта, ўша жойдан инсон қалбига кириб боришга уринади. У инсонни бирданига ёмон амалларга бошламайди. Инсон пайқаб қолиши мумкинлигини билгани ҳолда бунинг эҳтиётини қилади-да! Шунинг учун арқонни узун ташлаб қўяди. Бандани адаштириш учун обдон вақт ажратади, куч сарфлайди. Унинг васвасасини сезиб, дарров зикр қилса: “Майли, сен Аллоҳни эслаяпсан, мен кетдим, лекин яқинда қайтаман”, дея шу заҳоти гумдон бўлади. Кейин яна келади ва ишини шундай давом эттираверади.
Аввало кичик гуноҳлар сари ундайди. Секин-асталик билан Аллоҳ таолога осий бандага айлантиради, бора-бора гуноҳкор, осий инсонни ношукурга айлантириб, энг катта гуноҳ ҳисобланган ширк ва куфр амалларни қилдиришгача боради ва ўзининг олий мақсади - жаҳаннамий қилишнинг уддасидан ҳам чиқади. Аллоҳ таоло барчамизни асрасин!
Унинг душманлиги қай даражада эканини кўрдингизми?
Сўзимизнинг аввалида инсонларнинг бир-бирига қиладиган душманлиги ҳақида гапирган эдик. Ғаним, ўзига ёмонлик қилган инсоннинг қандай бўлмасин йўқ бўлганини билиши бир инсонни қанчалар қувонтириши мумкинлигини билиб олдик. Инсонларнинг душманлиги шайтоннинг душманлиги олдида ҳеч нарса эмас. Инсон чиркин мақсадига эриша олмаслиги, ёмонликдан воз кечиши, майли, сизга, молингиз, аҳлингиз, яқиларингизга зарар етказиш орқали таъсир этиши мумкин. Лекин сиз бу зиённинг ўрнини қоплай оласиз, вақти келса, балки ўша душманингиздан ўч ҳам оларсиз. Лекин иблиснинг сизга етказган зарарининг ўрнини тўлдира олмайсиз. Чунки унинг олий мақсади – бизни жаҳаннам сари улоқтириш, Аллоҳ таолонинг ношукур, осий, ғазабига дучор бандаларига айлантиришдир.
Бундан ортиқ душманлик бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта.
Юқоридаги оятларда бутун оламлар Робби Аллоҳ таоло шайтон бизнинг ашаддий ғанимимиз экани, уни душман тутишимиз лозимлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Ана ўша душманимиз ҳозир кишанда.
Бежизга салафи солиҳлар Рамазон кириб келганида жуда суюниб, хурсанд бўлишмас экан-да! Улар ашаддий душманлари бўлмиш шайтоннинг занжирбанд этилишини тўла ҳис қила олишган. Бу улар учун том маънода байрамга айланган. Рамазон охирлагани сари маҳзунликлари ортаверган. Бунинг бир қанча сабаблари бор, лекин энг асосийси – бу шайтоннинг кишандан озод бўлиши ҳисобланган. Улар шайтоннинг шарридан доимо Аллоҳдан паноҳ сўрашган. Катта саҳобалардан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дуо қилсалар, энг катта гуноҳлар, жумладан, хамр (алкогол) ичиш, зино, ўғрилик, куфр, ширк қилишдан паноҳ сўрар эканлар. Буни эшитганлар: “Шу гуноҳларни қилиб қўяман деб ўйлайсизми?” - деб сўрашганида: “Модомики иблис тирик экан, ўзимга ишонмайман. Қалбларни бурувчи Зот хоҳлаган томонга бура олади”, - деб айтардилар.
Тасаввур қиляпсизми, бу сўзлар кимнинг оғзидан чиқмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлган, олдиларидан силжимайдиган, Ул зотдан энг кўп ҳадис ривоят қилган, тирикликларида Аллоҳ таоло улардан рози бўлган, жаннатий буюк саҳобийнинг оғзидан чиқмоқда.
Ҳа, азизлар, биз ҳам шайтонга нисбатан худди шундай хавотирда бўлишимиз лозим. Доимо унинг макру ҳийлаларидан омонда қилишини Яратгандан сўрашимиз керак.
Шайтоннинг душманлигини озроқ бўлса ҳам ҳис қилдингизми?
Бир кишига эмас, бир қанча яқинларимга ўзимча: “Ноҳуш хабар! Эшитдингизми? Жуда ёмон бўлар экан”, - деб айтсам, жуда сиқилиб қолишди. “Оббо, яна қандай ноҳуш хабар экан?” – деб, бирдан ҳаммаларининг саволи: “Тинчликми?” - бўлди. Мен: “Йўқ-да!” - десам, хавотирлари янада ошиб: “Айта қолинг, юракни сиқмасдан, нима бўлди ўзи”, - деб жавоб беришга қистайверишди. Кейин мен: “Огоҳ бўлинг! Шайтон яқинда занжирларидан озод бўлар экан!” - десам, енгил тортиб: “Э, шумиди, нима бўлибди экан дебман”, - дейишди.
Субҳаналлоҳ! Бу энг ёмон хабар эмасми?! Наҳотки уни эшитган инсон хавотирга тушмаса, маҳзун бўлмаса?! Бундан ҳам ёмонроқ хабар бўлиши мумкинми?!
Ҳа, азизлар, аччиқ бўлса-да ҳақиқат, бизнинг ҳолимиз шундай... Шайтонни ашаддий душман санамаганимиз ёки унинг ашаддий ғаним эканини тўлиқ ҳис қила олмаганимиз сабаб ана шундай ҳолатга тушиб қолганмиз. Ғофилликдан уйғонмасак аҳволимиз не кечади?! Тасаввур қилиш қийин...
Ана шундай ҳис-туйғулари бўлган ҳақиқий мўмин-мусулмон Рамазонни интиқлик билан кутади. Рамазон кириб келса, боши кўкка етади, қалби шодланади. Кўп ибодатлар қилиб олиш борасида Робби билан аҳдлашади. Денгизга тушган балиқ қандай яйраса, у ҳам Рамазонда шундай яйрайди. Ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланиб қолишга, 11 ой давомида улгурмаган амалларни бор кучи билан кўпроқ қилиб олишга, охирати учун оғир ва салмоқли захира тўплашга ҳаракат қилади. Бироқ “Яқинда шайтон чиқаркан, озод бўлар экан”, деган хабарни эшитиши билан сиқилиб, қалбини маҳзунлик қамраб олади, хотиржамлиги йўқолади. Мўмин-мусулмоннинг ашаддий душмани бўлмиш шайтоннинг занжирлари оз фурсатдан кейин ечилиши ҳақидаги хабар унга оғир ботади.
Хўш, бу хабардан кейин энди ҳақиқий мўмин нима қилиши керак? Эшитганларидан таъсирланиб, жим бўлиб қолиши, амаллардан тўхтаб қолиши керакми?!
Йўқ, асло! Бу хабарни эшитган киши кўзини каттароқ очади, янада сергак тортади. Ашаддий душмани чиқишига 10 кун қолган экан, унга қарши қуролланишга, 11 ой давомида унинг алдовлари, ёлғон ваъдалари, васвасаларига учиб қолмаслик учун моҳирона тайёргарлик кўришга қатъий киришади. Шу вақтгача шайтон қайси томондан ўзига ҳужум қилгани, қай тирқишу тешиклар орқали васваса қилгани ҳақида мулоҳаза қилиб, дарҳол шу камчиликларини бартараф этишга, қалб қалъасини 11 ойлик озуқа билан таъминлашга, пойдеворию биносини мустаҳкамлашга тиришади. Заиф томонларини ўрганиб, уларни тўғрилашга ҳаракат қилади.
Мўминнинг шайтонга қарши қуроли нима?
Албатта, Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳар қандай солиҳ амаллар шайтонга қарши қурол ҳисобланади. Бу амаллар ихлос билан амалга оширилиши, фақат шу ой билан кифояланиб қолмай, умрининг охиригача бардавом бўлишини Яратгандан сўраш, бу борада қатъий азм-у қарор қилиш лозим. Қуролларни сизга ҳавола қиламиз:
Илм ўрганиш; Аллоҳ таолони таниш; Каломини ўрганиш, уни фаҳмлаш, тадаббур-тафаккур қилиш, ундаги Раббоний буйруқларни таҳлил қилиб, ҳаётга татбиқ қилиш, қайтариқлардан тийилиш; Набавий кўрсатмаларга амал қилиш; ростгўй, гўзал хулқли бўлиш, ғазаб қилмаслик, ота-онага итоат қилиш, ғамхўрлик кўрсатиш, намозларга мустаҳкам бел боғлаш, имкон бўлса, ҳаж ва умрани адо қилиш, закот бериш, мўмин-мусулмон ва қийналганлар ҳолидан хабар олиш, рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, доимий таҳоратда юриш; Аллоҳ таолони зикр қилиш, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар тарк қилмаган доимий тонгги ва тунги зикрларни ёдлаб, ўқиб юриш, мунтазам равишда истиғфор, салавотлар айтиш; жума куни “Каҳф” сурасини ўқиш, намозларини доимо жамоат билан адо этишга ҳаракат қилиш, кундалик суннат намозларни тарк этмаслик; кўп дуо қилиш; етим ва есирларнинг бошини силаш, уларга ғамхўрлик қилиш, дўсту биродарларнинг эҳтиёжларини қондириш; ҳаёли, иффатли бўлиш, инсонларнинг айбини яшириш, ширк ва куфр амаллардан сақланиш; мусулмон ва бошқаларга тил билан ҳам, қўл билан ҳам азият бермаслик; аёлнинг эрига итоат қилиши, эр-хотин бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларига риоя этиши; ҳасад ва бахилликдан эҳтиёт бўлиш, Аллоҳ таолога шукрона айтиб юриш ва ҳоказо...
Азизлар, душманимизга қарши қуроллана оляпмизми?!
Ашаддий душманимиз бўлмиш шайтоннинг 10 кундан кейин озодликка чиқиши сизни ҳам хавотирга солдими?
Рамазоннинг бебаҳо лаҳзаларини беҳуда нарсалар билан ўтказиб қўймаяпмизми?
Душманимизни ҳақиқатдан ҳис қила олдикми? Шайтон ҳужум қиладиган биноимизни мустаҳкам қилишга киришдикми?
Камчиликларимиз, шайтон кира оладиган тирқишларни беркитишга ҳаракат қиляпмизми?
Ўзи қайси томондамиз: Роббимизнинг нурли йўлидами ёки шайтоннинг зулмат сўқмоқларидами?
Кимга дўстмиз? Жаҳаннам сари етаклашга уринадиган шайтон ва унинг гумашталаринингми ёки абадий ҳаёт - Жаннатга чорлайдиган Аллоҳ таолонингми?
Кимга қулоқ солмоқдамиз? Ашаддий душманимиз шайтон ёки унинг тоифасидаги инсонларгами ёки биз учун энг меҳрибон бўлган Зот - Аллоҳ таоло ва унинг суюкли Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларнинг йўлини тутган ҳақиқий мўмин-мусулмонларгами?
Йўлимизни, мақсадимизни аниқлаб олиш вақти келмадими?! Ҳозир шуни қилмасак, ҳаётимизни керакли томонга йўналтирмасак, кейин кеч бўлиб қолиши мумкин!
Яна бир бор эслатма: “Ашаддий душманимиз шайтоннинг озод бўлишига саноқли кунлар қолди. Унга қарши қуролланиб олмаймизми?”
Аллоҳ таоло барчамизни шайтон ва унинг ёмонликларидан, шайтоний инсонлар ва уларнинг ярамасликларидан Ўз паноҳида асрасни. Ушбу Рамазондан кейинги Рамазонга қадар шайтонга қарши кураша оладиган куч-қувват, мустаҳкам иймон ато қилсин, солиҳ амаллар билан қуроллантирсин!
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ