Мақолалар

Аллоҳ таолонинг қонуниятларидан бири

Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қилурман”...(Ғофир сураси, 60-оят).

“Бақара сураси”нинг 186-оятида ҳам қуйидагича марҳамат қилинади:

 “Ва қачонки бандаларим Сиздан мен ҳақимда сўрасалар, бас Мен яқинман. Менга дуо қилганнинг дуосини ижобат қиламан”. (Бақара сураси 186-оят)

Келинг дуонинг маъносини ўрганишдан бошласак ва уни «сўров» ва «талаб» сўзларидан фарқини билиб олсак. Дуонинг маъносини англашимизда бизга юқоридаги оятнинг давоми кўмаклашади. Оятнинг давомида:

“Албатта менинг ибодатимдан такаббурлик қилувчилар Жаҳаннамга ҳор ҳолларида кирурлар”, дейилади.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо бу ибодатдир”, деган ҳадислари ҳам дуони нима эканини аниқ баён қилади. Демак, дуо ибодат экан.

Маълумки, динимизда банда бажараётган ибодатларга, бирор мақсадга эриштирувчи восита сифатида эмас, балки айни мақсад сифатида қаралади. Шундай экан, дуо – банда қандай аҳволда бўлишидан қатиʼ назар уни доимо Аллоҳга ҳору зор эканини билдириши ҳисобланади. Яъни банда ўз Роббисига дуо қилиб юзланиши фақат бошга кулфат тушганида ёки қийин вазиятларда фойдаланиладиган восита эмас, балки доимо Аллоҳга бандалик қилишини кўрсатиш, ҳамиша Аллоҳга муҳтож эканини билдириш эканини англамоғи даркор.

Агар инсон бирор эҳтиёжини ҳосил қилиш ёҳуд бирон қийинчиликни аритиш мақсадида Аллоҳга дуо қилганда эҳтиёжи ҳосил бўлганини ёки қийинчилик ариганини кўрса ҳам дуо қилишда бардавом бўлиши керак. Шунингдек, дуосининг ижобатини кўрмаган тақдирда ҳам дуо қилишдан тўхтамаслиги лозим. Қайтанги ўзининг муҳтожлигини ва фақирлигини билдиришда янада жидду жаҳд қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Дуо ибодатдир” деган сўзларининг маъносидир. Шак-шубҳасиз дуога бирор мақсадга эришиш учун шунчаки бир восита сифатида қараш уни ибодатлар доирасидан чиқаради. Шу сабаб бундай амал ибодат саналмайди. Натижада бундай дуо шариъй маънодаги дуо дейилмайди.

Мана дуонинг моҳиятини ўрганиб олдик. Келинг энди “талаб қилиш” бошқача қилиб айтганда «сўров» сўзларининг маъносига тўхталсак. Сўров – бу бирор мақсадни ҳосил қилиш умидида кимгадир юзланишдир. Бу инсонларнинг ўзаро муомаларида бўлиши мумкин бўлганидек, инсон ўз Роббисига юзланишида ҳам юзага келади.

Мисол учун, динга бепарво бўлиб юрган бирон кишини олайлик. У дунёвий ишларида қийинчилик ва айрим муаммоларга дуч келди ва бу муаммоларни ҳал қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилди, лекин ҳеч қандай натижага эриша олмади. Шунда бир дўсти унга таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқигач муайян дуоларни қилса барча муаммоларидан халос бўлиши мумкинлигини айтди. Шунда у киши бир қанча дуоларни ёд олди, сўнгра айтилганидек таҳорат билан икки ракат намоз ўқидида, ёдлаган дуоларини ўқиди ва муаммолари ҳал бўлишини кутди…

Бу кишининг қилган иши кўринишдан дуога ўхшасада, аслида ибодат саналувчи шариъй маънодаги дуодан анча йироқ. Мана шу қилинган иш сўров дейилади. У инсоннинг сўрови ҳосил бўлиб, муаммолари ҳал бўлиши билан дуо қилишни ташлаб қўяди. Диний вожиботларга аввалгидек бепарво бўлишда давом этаверади. Чунки у дуо қилишдан кўзлаган мақсадига эришиб бўлди.

Агар мабодо бу кишининг сўрови ҳосил бўлмаса, ич ичидан отилиб чиққан ғазабини унга дуо қилишни тавсия қилган дўстининг юзига сочади. Унга гўёки Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилгандек туйилади. Баъзан эса, хатто Ислом динини шунчаки хаёл ва ботилга чиқариб, динга нисбатан жирканч ҳаёлларга ҳам боради.

Демак, биз мана бу қонуният ҳақида гапирар эканмиз, аввало эътиборимизни дуо ва сўров сўзларининг ўртасидаги фарқни англашга қаратишимиз лозим. Бу сўзлар ўртасидаги фарқ кўпчиликдан ва хатто диний билимга эга баъзи инсонлардан ҳам яширин бўлиб қолмоқда.

Сўров дуога айланиши учун икки муҳим шарт топилиши керак.

Улардан бири, қалб уйғоқлиги. Дуо қилувчи ҳақиқий маънода ночор ва муҳтож эканини қалбан англаши зарур. Инсон қилаётган дуосига уни доимо Аллоҳнинг бандаси ва Унинг мулки эканидан бир нишона сифатида қараши керак. Ўзининг эҳтиёжларини Аллоҳга ҳавола қилиб, ижобат қиладими йўқми Роббисининг «эшиги»ни тақиллатаверишини банда ўзига сингдириши лозим.

Иккинчи шарт эса, инсон қилган гуноҳларига энди ҳеч қачон қайтмасликка қарор қилиш билан Аллоҳга чин тавба қилишдир.

Мана шу икки шарт ҳосил бўлсагина сўров дуога айланади ва бу тарзда қилинган дуо ибодатнинг мағзи ҳисобланиб, шундагина Аллоҳ ваъда қилган дуонинг ижобати ҳосил бўлади. Лекин ижобат дегани, дуоингиз айтилганидек ҳосил бўлиши дегани эмас. Аллоҳ таолонинг ваъдаси бўлмиш ижобат кенгроқ тушунча бўлиб, Аллоҳ дуоингизни ижобат қилиши сўраганингиз ортидан келувчи мақсадингизни ҳосил бўлишидир. Бу эса дуода қандай сўралса шундай ижобат бўлади дегани эмас. Дуода Аллоҳдан бир қанча нарсаларни сўрадингиз дейлик, айнан шулар орқали кўзлаган мақсадимга эришаман деб ўйлайсиз. Лекин билингки, Аллоҳ осмонлару ернинг ғайбий илмларини билувчи зотдир. Сиз сўраган нарсалар сиз умид қилган яхшиликка олиб бормаслиги ва хатто ҳаётингизга салбий таъсир қилиши ҳам мумкин. Буларнинг барчасини билувчи Аллоҳ, сизга лутф қилиб, дуоингизда сўраганингизнинг айни ўзини эмас, балки бу сўров ортида турган мақсадингизга олиб борувчи, хатто сизни ҳаёлингизга ҳам келмаган яхшиликни тортиқ қилади ва бу сизни кўзлаган мақсадингизга эриштиради.

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломида бундай марҳамат қилган:

“Балки сизлар ёқтирмаган нарса, аслида ўзларингиз учун яхши, сизлар ёқтирган нарса эса, ўзларингиз учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсиз” (Бақара сураси 216-оят).

Ҳаётимиз бу ҳақиқатнинг наъмуналари билан тўлиб тошган. Қанчадан қанча инсонлар ўзларининг орзу мақсадларига эриштиради деб ўйлаб, бир қанча ишларга қалблари боғланиб қолади ва Аллоҳга эртаю кеч уларни шу нарсаларга сазовор қилишини сўраб дуо қиладилар. Сўнгра кутадилар… ва яна kutadilar... Аммо барча шартларини жой-жойига қўйиб Аллоҳга илтижо қилсаларда, Аллоҳ уларга сўраган нарсаларини бермайди. Сўнгра нимадир бўладида, сўраган нарсалари ортида турган мақсадларига бошқа йўл билан етиб олганларини ўзлари ҳам пайқамай қолишади. Бу борада чуқур ўйланиб, Аллоҳ уларга ўзлари ўйламаган томондан муваффаққият эшикларини очиб қўйгани, шу орқали улар ўз мақсадларига эришганлари ва бу йўл ўзлари қалбан боғланиб қолган ишлардан анча яхшироқ эканини тушуниб етадилар ва Аллоҳга кўрсатган бу инояти туфайли кўп ҳамдлар айтадилар.

Ҳа, бундай ҳолатлар деярли барчамизнинг ҳаётимизда рўй берган. Бунинг барчаси Роббимизнинг чексиз лутф ва ҳикмат соҳиби эканидан далолат беради.

Ва яна бир нарсани ёдда тутинг! Баъзан инсонлар дуо қилишгач, тез орада мустажоб бўлади деб, онгларида бир қанча муддат белгилаб оладилар. Улар учун узун туйилган вақт ўтадики, дуолари ижобат бўлмайди. Шунда юраклари сиқилади, баъзида эса “Эҳ, мана дуо қилсам ҳам ижобат бўлмайди” деб юборишади. Асло, тушкунликка тушманг! Чунки бундай ҳолларда умидсизликка тушишингиз, ибодатларнинг қаймоғи бўлмиш дуони ўз мазмунини йўқотишига сабаб бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Дуо қилдим, ижобат бўлмади дея шошилмасангиз, албатта дуоларингиз мустажоб бўлади”, деганлар.

Ва яна шуни билингки, Аллоҳ сизни дуоингизни сиз хоҳлагандек эмас, балки Ўзи хоҳлагандек, сиз истаган вақтда эмас, балки Ўзи истаган вақтда ижобат қилади.

Аллоҳ таоло бандаларнинг қилаётган дуоларини ижобат қилиши собит қонуниятдир (инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир). Лекин банда дуонинг мазмун моҳиятини англаб етиши ҳамда айтиб ўтилган шартларга амал қилиши лозим. Шунда Аллоҳнинг ваъдаси бўлмиш ижобат, албатта ҳосил бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Саиъд Рамазон Бутийнинг “Мин сунаниллаҳи фий холқиҳи” китобидан Мир Араб оилй мадрасаси 3-курс талабаси Исмоилжон ҚОДИРОВ тайёрлади.

 

Read 2541 times

Мақолалар

Top