Мақолалар

Ватан ҳимояси олий саодатдир

Юртимизнинг ҳар бир ўғлони учун Ватанни ҳимоя қилиш, бу йўлда хизмат қилиш, нафақат ор-номус, йигитлик бурч, балки шараф ва масъулиятдир. Чунки, ҳар бир инсон туғилиб ўсган юртини, унинг ҳар қарич ерини ардоқлаши, шу заминда истиқомат қиладиган мунис аёллар, ота-оналар, опа-сингиллар ва фарзандларини ҳимоя қилиш, ота-боболаримиздан қон-қонимизга, жон-жонимизга сингиб кетган юксак фазилатлардандир. Ватан деганда биз ҳар бир инсон туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган замин эканлигини тушунамиз. Ватаннинг ҳақиқий фарзанди уни кўз қорачиғидек асраб, унинг тинчлиги ва келажаги учун ўз жонини беришга тайёр бўлади. Одам фарзанди учун ота-она якка-ягона бўлгани каби Ватан ҳам ягонадир. Ватан борки, биз бормиз. Она бор меҳрини фарзандига атаганидек, Ватан осмонида кулган қуёш бизни ўз ҳарорати оғушида эркалайди. Унинг бағрида кулган баҳор – бизнинг баҳоримиз. Юртимизнинг дунёдаги обрў-эътибори, мавқейининг юксалиши ҳар биримизнинг чеҳрамизда нур, кўзимизда чақмоқ, бошимиз тоғлардек сарбаланд, қаддимиз қоялардай тик бўлишига сабаб бўлади. Она-Ўзбекистонимиз биз учун шундай тенгсиз, ягона, эъзозли, танҳо Ватандир. Ватанга садоқат, она-юртга муҳаббат ҳисси киши қалбидаги энг бебаҳо туйғудир. Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир ҳамда кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади. Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.

Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳакимлар айтганлар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.

Ватанни ҳимоя қилиш – бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш эмас, балки, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган анъаналарни, бағрикенг, саҳоватли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни, оналарни, оталарни, қоракўз ўғил-қизларимизни, ёшларнинг дунёқарашини, тоғу тошларни, сой-сўқмоқларни, қўйингки, Ватаннинг гул-райҳонидан новда-ниҳолигача, она-ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун, жозиба ва таровати билан етказишимиз лозим. Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши ва жонажон Ватанимизнинг келажаги, унинг гуллаб яшнаши йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоғи шарт. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол кўтариб эмас, керак бўлса билим билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши олий вазифаси бўлмоғи керак.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан посбонлик қилган кишининг кўзи қиёматда ўз соҳибини дўзахда куйдирмас экан. Бу ҳақида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расуллуллоҳ (с.а.в); “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”. (Термизий ривояти).

Ҳозирги кунда Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қиладиган мард ва забардас ўзбек ўғлонларини, уларнинг ҳарбий салоҳияти ва қобилиятларини кўриб, қалбимиз ўзгача бир хурсандчилик ва хотиржамликни ҳис қилади. Зеро, фарзандларимиз ёшлигидан ватанга хизмат қилишдек олий шарафли вазифаларни бажариб, жонажон Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва асойишталиги абадий бўлишлигига замин яратади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар” (Байҳақий ривояти) деб таълим берганларидек, жажжи фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, Ватан ҳимояси олий саодат эканлигини, Ватанни ҳимоя қилиш бизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини ўргатиш, барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Тинч ва осуда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ўсиб келаётган ёш навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳини янада кучайтириши шубҳасиздир.

 Раҳматилло УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

Read 6418 times

Мақолалар

Top