Мақолалар

КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ЕТМИШ КУН:  чоралар, тарғиботлар, хайриялар ва дуолар

 

 2020 йилда бутун жаҳонни чулғаб олган коронавирус пандемияси 34 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида анча юмшоқ кечмоқда.

Юртимизда етмиш кундан зиёд давом этаётган карантин даврида коронавирус инфекциясига қарши амалга оширилган ишлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. 25 майга келиб касалликдан бутунлай соғайганлар сони 2607 нафарга етди. Бу эса вирусдан зарарланиш билан боғлиқ жами 3215 ҳолатнинг 80 фоизидан кўпини ташкил этди. Коронавирусдан даволанаётган 595 нафар бемор қолди.

Карантин чоралари ва тушунтириш ишларининг кўлами билан ўлкамизда касалликнинг қайд этилган ҳолатлари ҳам, кунлик янги ҳолатлар ҳам нисбатан паст даражада сақланиб турибди. Асосийси, соғайганлар сони кундан-кунга кўпаймоқда.

Таъкидлаш зарурки, бутун дунёнинг кўплаб давлатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. АҚШнинг Жон Хопкинс университети маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб дунё бўйлаб жами 5,5 миллион нафардан ортиқ одамда COVID-19 аниқланган. Улардан 2,3 миллион нафардан зиёди соғайган бўлса, таассуфки, салкам 346 мингдан зиёди вафот этган. Вирусга чалинганлар сони бўйича АҚШ, Бразилия, Испания, Италия, Германия, Франция, Буюк Британия, Россия, Эрон, Туркия ва Ҳиндистон каби давлатлар етакчилик қилмоқда (2020 йил 25 май ҳолати).

Диёримизда  коронавирус инфекцияси аниқланишининг илк кунлариданоқ муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлиги, фуқаролар осойишталигини кўзлаган ҳолда бир қатор чоралар қўлланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кўрилган тадбирларнинг самараси ўлароқ, аҳоли сонига нисбатан олинганда апрель ойи якунларига кўра, МДҲ давлатлари орасида инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан юртимизга тўғри келди.

Дунё бўйича бир кунда 80 мингдан кўпроқ ҳолатда коронавирус касаллиги қайд этилаётгани, айрим қўшни давлатларда вазият оғирлиги бутун халқимиздан жорий этилган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишни талаб этмоқда.

Атрофимизда касалликка чалинганлар йўқ, деб ўз ҳаётимизни хавф остига қўймайлик. Қачонки ҳар биримиз карантин тадбирлари тўлиқ риоя этар эканмиз, кўчадан соғлом қайтиб келамиз. Агар ўзимиз, яқинларимиз, фарзандларимиз саломатлигига бефарқ бўлмасак, ҳар биримиз профилактик тадбирлар, тиббиёт ходимлари тавсияларига тўлиқ риоя этишимиз шарт бўлади.

Шу йил 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз Раҳбари “Ҳар биримиз карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз ва халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур ва шарт”, деб бугунги куннинг энг устувор тамойилини таъкидладилар.

Юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, карантин қоидаларига амал қилаётган донишманд халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ила ушбу хуруждан ортиқча талофатларсиз чиқишга эришилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган Рамазон ҳайити табригида ҳам мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар: “Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда”.

Ҳақиқатан, соҳанинг етук экспертлари хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу даҳшатли пандемиядан энг кам талофат кўрган мамлакат сифатида чиқади, деб баҳоланмоқда.

Жаҳонда, хусусан, диёримиздаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда коронавирус инфекцияси аниқланган дастлабки кунларданоқ мўмин-мусулмонлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан бир қатор баёнотлар, мурожаатлар билан чиқилди ва ушбуларнинг мазмун моҳиятини тарғиб-ташвиқ қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан:

  • 2020 йил 16 мартда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатво эълон қилинди. Унда асосан мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ва беш вақт намозларини ҳам уйда адо этиш тавсия этилди. Бу амалиёт кейинчалик кўплаб хориж мамлакатларида ҳам жорий этилди;
  • 2020 йил 23 мартда Уламолар Кенгашининг карантин талабларига қатъий риоя этиш бўйича мамлакат мусулмонларига мурожаати йўлланди;
  • 2020 йил 23 мартда пандемия даврида дафн этиш маросимларини қандай ўтказиш бўйича тавсиялар берилди. Унда жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидалари – қўлларни ювиш, тиббий ниқобларни тақиш, ижтимоий масофани сақлаш ва бошқаларга жиддий амал қилиш таъкидланган.
  • 2020 йил 13 апрелда Уламолар Кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёноти берилди. Баёнотда хусусан, Рамазон ойида таровиҳ намозлари, саҳарлик ва ифторлик маросимлари ҳамда хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказилиши белгиланди.
  • 2020 йил 14 апрелда закот, фитр садақаси ва фидя миқдори ҳақида маълумотлар берилди. Унда бугунги кунда дунёда коронавирус пандемияси даврида мўмин-мусулмонларга закот маблағларини кенг тарқатиш тавсия этилди.
  • 2020 йил 21 майда Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти эълон қилинди. Унда асосан масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонлардан соқит бўлиши ва ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин хонадонларда тўрт ракатли нафл намоз ўқиш тавсия этилди.

 

Тарғибот-ташвиқот ишлари

Масжидлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилган бўлсада, имом-хатиблар томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида касаллик тарқалишининг олдини олиш ҳамда долзарб мавзуларда чиқишлар қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан хайрия тадбирларини ташкил этиш йўналишидаги ишлар жадал олиб борилмоқда.

Хусусан, пандемия даврида етук уламолар, нотиқ имом-хатиблар томонидан карантин мезонларига амал қилиш, заруратсиз уйдан чиқмаслик, ушбу синовли кунларда ваҳимага берилмаслик, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш ва шу каби йўналишларда чиқишлар қилинди, жумладан:

- 1281 та телевидениеда;

- 766 та радиода;

- 13.685 та интернет тармоғида чиқишлар қилинди. Айни кунларда мазкур ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали имом-хатибларнинг жума маърузалари онлайн тарзда бериб борилмоқда.

Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакиллари интернет сайтларида 70 та қори томонидан онлайн хатми Қуръонлар қилинди. Уларнинг якуни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирокида амалга оширилди. Мазкур тадбир телевидения ва ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг телефон орқали йўлланган шаръий масалаларига туну кун жавоб бериш тизими – Кол-марказ йўлга қўйилди. Шунингдек, савол-жавобга ихтисослашган “Телеграм” мессенжерида бот ҳам ишлади. Бир кунда жами 3 мингдан зиёд савол-жавол қилинди.

Коронавирус каби юқумли касалликлар даврига тааллуқли Ислом таълимотларида келган тавсиялар буклет ва флаер шаклида тайёрланди. Буклетларда юқумли хасталик кенг тарқалган вақтда инсон ўзини қандай тутиши, касалликдан сақланиши ва унинг муолажаси борасидаги зарур кўрсатмалар ёритилди.

Муаллифларнинг ўткир юқумли касалликларнинг келиб чиқиши тарихи, муолажаси ва олдини олиш чора-тадбирларини ўз ичига олган мақолалар асосида “Вабо инсоният учун бир синов” номли рисола чоп этилди. 

 

Дуо-тазаррулар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан каронавирус хасталигини инсоният бошидан аритиш мақсадида динимиз кўрсатмаларига мувофиқ, бир қатор дуою тазаррулар ҳам амалга оширилмоқда. Диний соҳа ходимлари бир неча минг ракат нажот сўраш намозини адо этдилар, икки миллиондан зиёд “Солатун ножия”, “Солатун нория”, “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби саловоти шариф ва дуолар ўқилди.

Шунингдек, хатми Қуръонлар файзу баракасидан бутун дунёга, хусусан, юртимизга қут-барака ёғилиши, балою офатлар даф этиш ниятида 17.000 та хатми Қуръонлар қилинди.

Дастлабки хатми Қуръонлар, салавотлар ва хайрия ишларининг якуний дуолари муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” мажмуасида, бошқа ҳудудларда ҳам мўътабар масканларда юртимиздаги энг табаррук уламолар томонидан амалга оширилди.

“Ҳаж” ва “Умра” сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати вакиллари томонидан Маккаи мукаррамадаги Ҳарами шарифда инсоният бошига келган бу хасталикни даф бўлишини сўраб, Ҳақ таолога ёлвориб дуо ўқиганлари таҳсинга лойиқ иш бўлди.

 

Масофавий диний таълим жараёнлари

Карантин даврида диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари дарсларни талабаларга ўқув дастур ва тақвимий режа асосида видео ҳамда аудио дарслар, маъруза матни ва слайдлар кўринишида масофавий тарзда олиб борилмоқда.

Ушбу дарслар талабаларнинг “telegram” гуруҳлари ва “moоdle” дастури орқали офлайн шаклда, “Zoom” дастури орқали онлайн шаклда йўлга қўйилган. Ҳозирда талабаларнинг 20 фоизи онлайн, 80 фоизи эса офлайн тартибида дарсларни тинглашмоқда.

Диний таълим муассасалари томонидан жами 175 та онлайн,1052 та видео ва 4014 та аудио дарслар ташкил этилди, 624 та маъруза матни ва 342 та слайд талабаларга тақдим этилди.

Ҳар бир фан ўқитувчилари талабаларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиш мақсадида масофавий дарслар бўйича берилган саволларга жавоб бермоқда, мутолаа учун қўшимча адабиётларни тавсия этилмоқда.

Карантин таътили давомида ўқитувчи ва талабалар томонидан бугунги кунга қадар жами 3000 та хатми Қуръон, 2 та “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўплами хатми, минглаб мўътабар дуо ва истиғфорлар қилинди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактаби томонидан араб тили йўналишида онлайн Республика танлови ўтказилди.

 

Хайрия тадбирлари

Пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Давлатимиз Раҳбари халқимизнинг маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш борасида ташаббуслари доирасида жуда кенг кўламли ишлар қилинди.

Бугун кўмак беришнинг айни вақти эканини англаган ҳолда, имом-хатиблар томонидан ушбу ташаббус якдиллик билан қўллаб-қувватланиб, эҳтиёжманд оилаларга кенг кўламли хайрия ёрдамларини кўрсатиш уюштирилди.

Ушбу давр мобайнида имомлар томонидан кўмакка муҳтож оилаларга ҳомийларни жалб қилган ҳолда, 13,7 млрд. сўмдан зиёд ёрдам кўрсатилди. Жойларда 122 та қорамол ҳамда 2685 та қўй сўйилиб, гўшт маҳсулотлари эҳтиёжманд оилаларга етказилди. Шунингдек, 180 мингга яқин тиббий ниқоблар тарқатилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди карантин вақтида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, закот маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари, беморларга дори-дармонлар, тиббий ниқоблар бепул тарқатди. Фонд муборак ой давомида 3.470.680.134 сўмлик хайрия ишларини амалга оширди.

Бундан ташқари, Рамазон ойида халқимизга беминнат хизмат кўрсатаётган Республикамиздаги 2 124 нафар имом-хатиб ва имом ноибига 1 миллиард 62 миллион сўм пул маблағлари молиявий ёрдам сифатида берилди.

Рамазон ҳайити кунлари Фонд томонидан 14 420 нафар хонадонга жами 1 миллиард сўмдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси туҳфа қилинди.

Шунингдек, аҳолининг кам таъминланган қатламини моддий қўллаб-қувватлаш учун республикада фаолият юритаётган ҳар бир имом-хатибга саховатпеша инсонларни жалб этган ҳолда ўз ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи ночор оилалар ҳамда ижтимоий муассасалар – Саховат, Мурувват ва Меҳрибонлик уйларига карантин мезонларига амал қилган ҳолда жами 420 миллион сўмлик моддий ёрдамлар берилди.

 

Синов кетидан синовни бирдамлик билан енгилди

 

2020 йилги синовли дамлар юртимиз аҳлини бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишни, барча инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга омил бўлди. Шу йил 1 майда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми очилиб, юзага келган тошқин туфайли минглаб юртдошларимиз бошпанасиз қолди. Бу фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилди. 

Шу куннинг ўзидаёқ Президентимиз зудлик билан Сирдарё вилоятига етиб борди ва вазият тўлиқ назоратга олинди. Давлатимиз раҳбари томонидан “Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деган қатъий ирода билан фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича режали ишлар амалга оширилди.

Юртимиз уламолари ҳам сув омборидаги фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф бўлишини Яратган Парвардигордан сўраб, динимизда тавсия этилган амаллар адо этдилар. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг 36 та минтақасидаги табаррук уламоларимиз ва имом-домлаларимиз мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таолодан бартараф этишини сўраб, хатми Қуръонлар ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою тазаррулар қилинди.

Имом-хатиблар, имом ноиблари ва мадрасалар талабалари томонидан 420 та хатми Қуръон қилинди. Шунингдек, 4 бош қорамол, 85 та қўй сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.

Халқимиз бошига тушган коронавирус хасталиги ва табиий офатлар зарарларини даф этилишини сўраб ўқиладиган дуою тазаррулар давом эттирилмоқда. Шу кунга қадар имом-хатиблар, имом ноиблари ва отинойилар томонидан 1 991 010 марта “Салотун нория”, 2 437 028 марта “Салотан тунажжино”, 8 025 125 марта “Сайидул истиғфор” ва 9 539 139 марта “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” айтилди.

Май ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Сирдарёликларга кўмак” хайрия акцияси бошланган эди. Рамазон ойида машаққатда қолган юртдошларимизга ўз ёрдам қўлини чўзган азизларимиз томонидан 105 миллион сўмдан зиёд маблағ йиғилди ва турфа хил буюмлар жамланди. 23 май, арафа куни 2 та ISUZU юк мошинасида гуруч, ун, ёғ, шакар, макарон, қуруқ чой ва хўжалик совуни каби озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат жами 105 миллион сўмлик 347 нафар оилага мўлжалланган ҳайит туҳфалари, шунингдек, 1200 та куйлак, 200 та жойнамоз, 500 та кийим-бошлар Рамазон ҳайити арафасида эҳтиёжманд сирдарёликларга етказилди.

Ушбу нохуш воқеада азият чеккан сирдарёликларга имом-хатиблар ташаббуси билан жами 4,2 миллиард сўмлик моддий ва буюм кўринишидаги маҳсулотлар хайрия қилинди.

 

Аҳоли рўзғори бутлигига эришиш йўлида

Президентимиз томонларидан бир неча бор бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа экани таъкидланди. Шу маънода пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган карантин вақтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимизга боғлиқ экани тўғрисида имом-хатиблар томонидан 842 марта оммавий ахборот воситалари, теле, радиоканаллар, босма ва электрон нашрларда кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилди.

 

Муносиб эътироф янада куч-ғайрат бағишлади

Эл бошига иш тушган қийин дамларда халқимизнинг бир-бирига елкадош бўлиш, ғамхўрлик кўрсатиш каби эзгу фазилатлари янада кучлироқ намоён бўлаётгани барчамизни бирдек хурсанд қилмоқда.

Давлатимиз Раҳбари шу йил 29 апрель кунги йиғилишда пандемияга қарши курашда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ соҳа вакилларига алоҳида ташаккур билдириб: “Шу жараёнда ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, мард ва жасур ҳарбийларимизга, вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг раҳбарлари ва хизматчиларига, муҳтарам нуронийларимиз ва маҳалла фаолларига, саховатпеша тадбиркорларимизга, олимларимиз, ўқитувчи ва домлалар, ижодкор зиёлиларимиз, имом-хатибларимизга чин дилдан раҳмат айтаман”, дедилар.

Юртбошимизнинг бундай хайрли ишларда кенг жамоатчилик вакиллари қаторида муҳтарам имом-хатибларимизни ҳам алоҳида эсга олганлари дин пешволарини савобли ишларни янада кўпайтиришга руҳлантирди.

Мана шундай ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлар мураккаб синовларни енгиб ўтишда Яратган Парвардигорнинг мадади ила халқимизга куч-қувват бағишлаб, хурсандчилик кунлар янада бардавом бўлишига ишонч уйғотади.

 

Ўткир ҲАСАНБАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Read 3844 times

Мақолалар

Top