Мақолалар

“Сабр қил, сенинг сабринг фақат Аллоҳ ила бўлур”

Етмиш беш кун. Бу кунлар давомида замин аҳли қатори бизнинг юртимизда ҳам мусибат – пандемия “булут”лари халқимиз саломатлигига хавф солиб турибди ва афсуски бу давом этмоқда.

Бир муддат мутахассислар ва шифокорлар талабига биноан уйда қолдик, тозаликка жиддий эътибор қаратдик, ўзимизни турли нафсимиз буюрган истаклардан тийган эдик Аллоҳ таоло мушкулотимизни бироз енгиллатиб, вабони йироқлатгандек бўлди. Аммо, енгилликларни нотўғри тушунгандек, гўё касаллик тугади дегандек бепарво бўлдикми...

Сўнги хафта давомида касалликка чалинганлар сони яна орта бошлади. Сергак торттирадиган томони шундаки касаллик маҳаллий аҳоли орасида ҳам аниқланмоқда.

Карантин. Бу сўз айни дамда ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. Кичик ёшдаги фарзандингиз кўчага чиқаиб ўйнайлик деса, карантин деб жавоб берасиз. Аёлингиз бозорга бориайлик деса карантин дейсиз. Ўғлингиз ўртоқларининг ёнига чиқайин деса яна карантин дейсиз. Хуллас, оилангиз ва ўзингиз учун карантин анчагина чеклов бўлмоқда. Бундай ҳол дилингизни хира қилиши  аниқ. Лекин, бир ўйлаб кўрсак карантин бизнинг саломатлигимиз, ҳаётимиз учун сув билан ҳаводек ўта зарур нарса эканлигини ҳис этамиз.

Сабр. Шу дамда биз учун фақатгина сабр ёрдамчи ва нажот йўли бўла олади. Чунки, мусулмон учун сабр Аллоҳ таоло мақтаган ва Пайғамбар алайҳиссалом тавсия этган хислатларнинг энг аълосидир.

Уламолар айтади:

  • Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.
  • Сабр нафснинг гўзал ахлоқларидан бири бўлиб қилиниши инсонга зарар етказадиган ишлардан тийилишдир.
  • Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларига қатъий амал қилишдир.
  • Сабр бало етганда чиройли одоб ила туришдир.
  • Сабр мусибат етганда, изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.
  • Сабр бизнинг мутлақ Аллоҳга таслим бўлишимиздир.

Демак, биз яхши кунларимизда бўлгани каби мусибат чоғларида хам сокинлик ила, тафаккур ва тадаббур билан сабр қилмоғимиз лозим.

Сабрнинг ўзи етарлими? Йўқ албатта. Асосий қиладиган ишимиз Аллоҳдан балоларни тезроқ аритиши учун ёрдам сўрашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Бақара сураси 45 оятида мушкул вазиятда нима қилишимиз ҳақида таъкидлаган:

Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир”.

Демак, Аллоҳдан ёлвориб, ибодатларимизда юртимизга тинчлик ва халқимизга офият сўраб дуо қилишимиз керак экан.

Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳон давом этса, бунинг ҳикмати борлигини идрок қилиб, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтирамиз. Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутамиз.
Аллоҳ таоло “Луқмон” сурасининг 17 оятида шундай марҳамат қилади:

Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир”.

Ҳадиси шарифлардан бирида эса Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар. Бешовлари ривоят қилган.

Азизлар! Давлатимиз раҳбари бошчиликларида халқимиз саломатлиги ва пандемия шароитидаги ижтиомий-иқтисодий ҳолатларини яхшилаш бўйича туну-кун ҳукумат томонидан турли тадбирлар амалга оширилаётган бир пайтда, бизнинг ҳавойи нафсимиз ва истакларимизга қулоқ солиб, зерикишни баҳона қилиб, кўча-кўйда заруратсиз юришимиз, ошна-оғайингарчилик, сайру-саёҳат, чигал ёзди, ўйин-кулгуларга берилишимиз нечоғлик тўғри бўлар экан?

Ахир ким кафолат беради ёнимиздаги шеригимизнинг вирусга чалинмаганига ёки кўча кўйда вирус юқтириб олмаслигимизга...

Яна бир муддат САБР қилайлик! Инша Аллоҳ ҳаммаси изига тушади. Бутун дунё шу қаторда бизнинг давлатимиз ҳам мазкур вабога қарши жиддий курашмоқда. Биздан эса фақат уйда қолиш, ортиқча кўчага чиқишдан тийилиш ва нафсимизга кўпам қулоқ солмаслик талаб этиляпти холос!

Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир” (Анкабут сураси 58-59 оятлар)

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3143 times

Мақолалар

Top