Мақолалар

Мўътадиллик ва мутаассиблик

  Пайғамбаримиз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нубувватдан олдинги ҳаётлари давридаёқ ишончлилик, сабр-бардошлилик, оғир-босиқлик, омонатдорлик билан ном қозонган.

Аммо дунёда ислом динига хос муқаддас тушунчаларни ўз манфаатлари йўлида бузиб, жангарилик руҳида талқин этишга интилаётган гуруҳлар кўпайди. Диний мутаассиблик уруғини инсонлар қалбига сочиш ниятидаги кучлар ҳар қандай эзгулик моҳиятига эга бўлган тушунчани бузиб талқин этмоқда.

Ҳадиси шарифда “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир” дейилади. Бундан бирорта диний амални бажаришда ўта берилиб кетиш, оқибатда ўзига ва бошқаларга зарар етказиш ислом динининг моҳиятига ёт ҳисобланади. Ибодатга ўта даражада берилган саҳобаларни Пайғамбар (с.а.в.) ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин, ўртача бўлишга чақирганлар.

Қуръони карим “Ҳадид” сурасининг 27-оятида шундай дейилади:

... ورَهْبَانِيَّةً ابْتَدَعُوهَا مَا كَتَبْنَاهَا عَلَيْهِمْ إِلا ابْتِغَاءَ رِضْوَانِ اللَّهِ فَمَا رَعَوْهَا حَقَّ رِعَايَتِهَا ...
(سورة ال الحديد، ٢٧)

“Роҳибликни улар (Исо а.с.га эргашган кишилар) ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзмадик (фарз қилмадик), лекин улар ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар”.

Оятдан шу нарса маълум бўладики, тарки дунё қилиб, ҳаётларини фақат ибодат билан ўтказиш аввалги халқларга ҳам Аллоҳ тарафидан фарз қилинмаган. Фақат айрим инсонлар Аллоҳ ризолиги учун бу ишни қилган бўлсалар-да, унга мукаммал риоя этишнинг уддасидан чиқа олмаганлар. Чунки бир ишга чуқур берилиб кетиш инсон табиати учун оғирлик қилади ва инсон ундан беихтиёр узоқлашиб кетишига сабаб бўлади.

Шунингдек, Қасас сурасининг 77-оятида Мусо (а.с.) қавмидан бўлган Қорун ҳақидаги ибратли ҳикоя келтирилади. Қорун жуда бой инсон бўлиб, кибрга кетганида қавми унга шундай насиҳат қилади:

... لا تَفْرَحْ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْفَرِحِينَ (٧٦) وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الآخِرَةَ وَلا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الأرْضِ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ (٧٧) (سورة القصص)

“Ховлиқмагин, Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас. Ерда (зулму-зўравонлик билан) бузғунчилик килишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас”.

Оят маъносидан инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ховлиқиб, кибрга кетмаслиги кераклиги маълум бўлади. Мазкур оят инсоннинг мўътадилликни, ўрта йўлни сақлаши лозимлигига далолат қилади.

Ҳадиси шарифда мўътадиллик ҳақида бундай дейилади:

ليس منا من ترك دنياه لآخرته ولا آخرته لدنياه

“Ким охиратни деб дунёсини унутса ёки дунёни деб охиратини унутса, биздан эмас”.

Ҳадисдан маълум бўладики, дунё ва охират ишларида, дунёвий ишларда ва ибодат масалаларида мувозанатни сақлаш мусулмон инсон учун зарурий талабдир.

Мутаассиблик сўзи араб тилида “чуқур кетиш”, “ғулувга кетиш” маъноларини англатади. Мутаассиб киши фақат ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқарашини тўғри деб билиб, бошқа қарашларга муросасиз бўлади. Унинг замирида бирор ботил ақида ёки дунёқарашга ўта берилганлик, бошқаларнинг фикрини асло инобатга олмаслик, инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билиш хусусияти мавжуд. Халқаро миқёсда бу тушунча бу “фанатизм” шаклида ҳам ишлатилади. Мутаассиб (фанат) киши  кўр-кўрона хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб ҳисоблаган ҳолда ўз қарашларини амалда намойиш қилишга ҳаракат қилади.

Мутаассибликка берилган одамлар ва уларнинг гуруҳлари тарқатаётган ғоялар ва жамиятдаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланади. Инсоният тарихида эътиқоддан ғаразли сиёсий мақсадларда кўп бора фойдаланилган. Ўрта асрларда Европада “муқаддас ерларни озод этиш” ғояси билан христианлик ичида пайдо бўлган даъват билан Шарқ томонга амалга оширилган “салиб юришлари”, кейинчалик амалга оширилган инквизициялар, реформацияга қарши ҳаракатлар, ислом дунёсида аввал ва ҳозир фаолияти кузатилаётган дин ниқобидаги экстремистик оқимларнинг мафкураси замирида мутаассиблик ётади.

Ислом дини мутаассибликни қоралайди. Ҳамиша теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан доимо адолатли бўлишга чақиради.

Д. Раҳимжонов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
ҳузуридаги Малака ошириш маркази
директори, т.ф.н., доц
.

 

Read 2691 times
Tagged under

Мақолалар

Top