Мақолалар

Поклик – иймондандир

Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратган барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажойиб оламни инсонга бўйсунадиган қилиб қўйди. Бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун гўзал тарзда фойдаланишни таълим берган. Аллоҳ таоло инсонни дунёни, табиатни асрашга, Аллоҳ таолонинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка ҳамда пок ҳолатда ҳаёт кечиришга буюрган.

Дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам Аллоҳ томонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни пок ва соф ҳолатда асраб-авайлашга қаттиқ ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам худди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни “Зориёт” сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган: “Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Қароргоҳини пок сақлашга ҳаракат қилиш инсонийликнинг юксак чўққисидир.

Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган, улардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, дейдилар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор. Масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик.

Ҳақиқатан ҳам ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий –маънавий ва жисмоний покликка даъват этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қурони Каримда пок кишиларни хуш кўришлигини бир неча ўринларда марҳамат қилган. Хусусан, Тавба сураси 108-оятда шундай марҳамат қилади: “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир”.

 Тозаликка риоя қилиш масаласига соғлиқни сақлашнинг муҳим омили сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам катта эътибор берилган. Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дейдилар. Мусулмонлар оммаси ичида эса “Поклик иймондандир” деган ҳикмат кенг тарқалган. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Поклик кишини  иймонга чақиради, иймон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир” деб марҳамат қилганлар.

Зеро, Аллоҳ ўзи пок зот ва банларининг ҳам пок бўлишларини хуш кўради.  Шундай экан, ислом дини ўзининг ҳар бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади.

Аллоҳнинг инсонга берган улкан неъматларидан, ризқидан бири сувдир. Сув ҳаётнинг асосий унсури эканлиги Қуръони каримда ҳам таъкидланган. Ҳақиқатда ер юзида сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло, “Анбиё” сураси 30-оятида: “Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз” деб марҳамат қилган.

Яна, “Нур” сураси, 45-оятида: “Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди”. дейди. Бундан барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сув экани келиб чиқади. Буни илмий тажрибалар ҳам кўрсатган. Инсон жисмининг 76 фоизини сув ташкил қилади. Шунингдек, сув бошқа тирик жонзотларнинг ҳам асосий унсурини ташкил қилади. Наботот оламини ҳам сувсиз тасаввур қилиш қийин.

Ҳар бир инсон сувни ифлослашдан ва исроф қилишдан тийилиши, ундан тежамкорлик билан фойдаланиши, қадрига етиши шартдир.

Бобо-бувиларимизнинг чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, нолойиқ жойларга ўтирма, кўчаларга ахлат ташлама деган ўгитлари доимо ёдимизда бўлмоғи зарур. Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўладиган бу ерни обод қилиш, ўзимиз ва келажак авлодларимиз учун фойдадир. Атрофимизни, табиатни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажагимиз ҳаётини сақлаган бўламиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди, ҳеч ким. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодлигига барчамиз масъулмиз. Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Маълум бўлишича, кўпгина микроблар инсон аъзосига тери орқали кирар экан. Шунинг учун, тиббиётда қўлларни ва бошқа аъзоларни тез- тез ювиб туришлик тавсия этилади. Бугунги кунда кенг тарқалган Коронавирус касаллигида ҳам мунтазам таҳоратда юриш ва аъзоларни совун билан ювиб туришлик кони фойда бўлади.

Мамлакатимизнинг 94 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Халқимизга қандай соҳа бўлишидан қатъи назар нопоклик ярашмайди. Баъзан кишилар йўлда кетаётиб машинасидан турли ахлатларни ташлаб юборишади. Бу нафақат мусулмончиликка, балки, бизнинг миллий қадриятларимизга ҳам тўғри келмайдикуу.  Ота-боболаримиз бунақа нопокликни кўрмаган, бунақа нопок бўлмаган. Лекин биз қаердан олдик?

Минглаб фиқҳ ва ҳадис китобларини очишингиз билан биринчи бўлиб “Поклик китоби”га кўзингиз тушади. Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл ўзининг биринчи дарсини покликни ўрганиш ила бошлайди. Исломдаги ибодатларнинг барчасига банданинг бадани, кийим-боши ва макони покиза бўлиши асосий шартлардан бири қилиб олинган.

Мутахассислар коронавирус хасталигини юқтирмаслик, уни олдини олиш учун керакли тавсияларини муттасил бериб келмоқдалар. Ана шу тавсияларнинг негизи бир илдизга – покликка, тиббиёт тили билан айтганда гигиенага бориб тақалмоқда. Бугун ҳовли-жойларни тоза тутиш соғлиқни сақлашнинг муҳим омилларидан бири эканини ҳамма жуда яхши тушуниб етади. Яна шунга ўхшаш кўчаларни ва бошқа оммавий жойларни покиза тутишга оид кўрсатмалар ҳам кўп.

Дарҳақиқат, инсон, унинг қалби пок бўлар экан, ҳеч қачон ўзгаларга, атроф-муҳитга зарар келтирмайди. Покликнинг фазилати унинг инсон ҳаётидаги аҳамияти борасида улуғларимиздан кўплаб ибратли сўзлар келган. Буюк бобокалонимиз Aлишер Навоий ҳам ўзларининг “Aрбаъин” китобларида покликка алоҳида урғу бериб, бир ҳадиси шарифни шеърий ифодалаганлар:

 

Гар ҳамиша таҳоратинг бўлса,

Aриғай фоқа чирки ул сувдин,
Тоҳир ўл, истасанг фузун рўзий,
Хосир улким, итурди бу сўдин…

 

Aгар доимо пок бўлсанг, қашшоқлик сендан арийди. Ризқинг мўл-кўл бўлишини истасанг, пок бўл. Озодаликка эътибор бермаган инсон ҳақиқий зиёндадир”.

Ривоят қилинишича, подшоҳ бир шаҳарга волий (ҳоким) тайинлайди. Волий иш бошлашдан аввал подшоҳдан маслаҳат олиб, у ерлик аҳоли билан қандай муносабатда бўлиши кераклигини сўради. Подшоҳ: “У шаҳарга бориб, кўчаларининг тозалигига эътибор бер. Кўчалари, йўлларини покиза тутганлар ўз ҳовлиларини ҳам тоза тутадилар. Ариқларини ҳам покиза тутсалар, бу уларнинг эътиқодлари ҳам самимийлигига далолат бўлади. Қабристонларини ҳам бориб кўргин, агар қабр атрофлари тозаланган бўлса, у халқ ўтганларининг руҳини шод қилишга ҳаракат қилган бўладилар”, деди.

Айни вақтда кўча ва ариқлар тозалигига етарли даражада эътиборли бўла олмаяпмиз. Боз устига, сунъий равишда ариқларни ифлослантиряпмиз. Оқиб ўтадиган ариқдан келаётган нарсаларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши.  Ёки ошхона, ҳаммом, ҳатто молхонасининг чиқиндиларини ариқларга оқизиб қўйганларни ким дейиш мумкин?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинади: “Бир киши йўлда кетаётиб, тиконли шох-шаббага кўзи тушди ва: “Аллоҳга қасам, агар шуни олмасам, бирорта мусулмонга зарар беради”, деб уни олиб ташлади ва Аллоҳ таоло шу иши сабаб унинг гуноҳини кечди”. Бутун жаҳонга ўз таълимоти билан маълум ва машҳур бўлган аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари кечалари туриб, ўтган кетганга халал берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлар эканлар. Мана шу эзгу ишлари туфайли ҳам Аллоҳ таоло у кишига ана шундай олий мақомларни насиб қилган. Зеро, поклик ва саришталикда ҳикмат бисёр. Поклик, озодалик бор жойга Аллоҳнинг баракаси ёғилади. Шу боис ҳам нафақат, ҳовли-жойимизни балки, кўчамизни, иш хонамизни, боғ-роғларимизни ҳамда умумий овқатланиш шаҳобчаларини  ҳам тоза ва озода сақлашга тиришамиз. 

Хонадонларимизни озода сақлашнинг яхши томонлари ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Тоза уйда кишининг баҳридили очилади, кайфияти кўтарилади. Саришта уйда тотувлик, меҳр-оқибат ҳам мустаҳкамланади.

Дарвозадан кириши­нгиз билан атроф обод, яшил дарахтларга бурканган, гулу райҳонлар барқ уриб турганига кўзингиз тушса, беихтиёр қалбингиз яйрайди. Орасталик, озодалик ҳукмрон хонадондан файз ёғилиб туради. Фариштали уй, файзли уй каби иборалар ҳам айнан саришта хонадонларга нисбатан ишлатилади.

Аллоҳ таоло Одамни яратиб,  инсониятга ер куррасини яшаш учун манзил қилиб берди. Ерни адолат билан бошқариш ва унинг ободлиги ва тозалигини инсонни зиммасига юклади. Азизлар ҳар вақт ҳар жойда тозалик ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро поклик иймондандир деб бежиз айтилмаган.

 

 

 

Раҳматилло УСМОНОВ,

                   Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

                   Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Read 3508 times
Tagged under

Мақолалар

Top