Мақолалар

Эътиқод соғломлиги – халқ бойлиги, ақида тўғрилиги эса халқ тинчлигидир

Эътиқод борасида ёшлар онгини тўғри шакллантириш ва жамият маънавиятини бузғунчи ақидалардан ҳимоялаш доимо энг долзарб вазифалардан бўлиб келган. Албатта бунда ота-оналар асосий ўрин тутади. Афсуски, айрим ота-оналар бола тарбиясида  бепарволик қиладилар. Улар шахсий юмушлари, кўча-куйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплашни биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланишни иккинчи даражали иш ўрнига қўйишади.

Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,  ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди. Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқим ва йўналишлар пайдо бўлиб, дунёда бузғунчилик, турли низо ва қонли тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.

“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва салам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага боришига қиёсан қўлланилиб, диний экстремизм оқим етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта иддаолар билан алдамоқда.

“Ҳижрат” ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва салам) “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, деганлар. Ибн Умар (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот эса, “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ва у зотдан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашини рад этмаганлар.

Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун кенг имкониятлар очиб берилган юртимиздан “ҳижрат” қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади.

“Жиҳод” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.  Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига бостириб келганда ёки бостириб келиши аниқ бўлганда мусулмонларнинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади.

Бугунги кунда диёримизда нафақат, мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам эмин-эркинликда ҳаёт кечирмоқдалар. Мусулмонлар ислом арконларини бажариш имконига эга бўлса, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни, деб белгилаб қўйилган бўлса, ҳар йили минглаб ватандошларимиз муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишда давлат ўзи бош бўлиб турган бўлса, бундай диёрдан, ўзи туғилиб ўсган Ватанидан қандай қилиб ҳижрат қилиш мумкин?! Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

 “Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида қитол сўзи ишлатилади.

Ислом дини таълимотининг истилоҳида жиҳод асосан уч хилдир:

Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик.

Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш.

Учинчиси – босқинчилар билан жанг қилишдир.

Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва салам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб бундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бориш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.

Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаб, эътиқодимизни соғлом, ақидамизни тўғри қилсин. 

Аминжон Исмоилов,

Сирдарё вилояти Сирдарё тумани бош имом-хатиби

 (Жума мавъизалари асосида тайёрланди).

Read 4719 times

Мақолалар

Top