Мақолалар

“Мазлумнинг ёмон дуосидан сақлан...” 

Бугун, қайси оммавий ахборот воситаларига қараманг, ўзгалар ҳаққидан қўрқмай, одамларга зулм, моли, жони ва обрўйига тажовуз қилаётганлар ҳақида сон-саноқсиз хабарларга кўзингиз тушади.

Бошдан дўппини олиб, жиддий ўйлаб кўрсангиз воқеаларнинг бирортасига жиддий бир сабаб ҳам топа олмайсиз. Хўш, унда нега атрофимиздагилар бунчалик агрессив, жоҳил ва зулмкор бўлиб қолди.

Агар шу алфозда давом этса, арзимаган баҳона ила ўзидан заифроқ кимсаларни ҳақоратлаш, қўл кўтариш ва уларнинг моли ва жонига озор бериш одатий тусга кириб қолмайдими?

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз: “Зулмнинг боши нафрат, охири эса маломатдир”, дея таъкидлаганлар. Динимизда эса зулм ҳаром қилинган.  

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қиладилар:

“Эй бандаларим! Албатта, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим. Ва сизнинг орангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг.

Эй бандаларим! Сизлар кечасию кундузи хато қиласиз. Мен эса парво қилмай, гуноҳларни мағфират этаман. Бас, Менга истиғфор айтинглар, сизларни мағфират қиламан.

Эй бандаларим! Мен таомлантиргандан бошқа барчангиз очсиз. Бас, Мендан таом сўранглар, сизларни таомлантираман. Мен кийинтиргандан бошқа барчангиз яланғочсиз. Бас, Мендан кийим сўранглар, сизни кийинтираман.

Эй бандаларим! Агар аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам ичингиздаги энг тақводор банданинг қалбига эга бўлса ҳам Менинг мулкимдан бирор нарсани зиёда қила олмайди. Ана ўшаларнинг ҳаммаси тўпланиб, дунёдаги энг фожир одамнинг қалбига эга бўлса ҳам Менинг мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди.

Агар бир жойга тўпланиб, Мендан сўрасалар, улардан ҳар бир инсонга сўраганини берсам, бу мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди, катта бир денгизга нинани бир марта суқиб олингандек бўлади, холос.

Эй бандаларим! Ҳамма нарса амалларингизга боғлиқ. Мен уларга қараб ҳисоб қиламан. Ким яхшилик топса, Аллоҳга шукр қилсин. Ким ундан бошқани топса, ўзидан бошқани маломат қилмасин” (Бухорий ривояти).

Имом Байҳақий: “Золим аслида зулми билан ўзига жабр қилган бўлади”, деган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб, қуйидагича огоҳлантирганлар: 

“Мазлумнинг ёмон дуосидан сақлан. Чунки унинг дуоси билан Аллоҳ таоло ўртасида парда йўқдир”.

Золим, икки дунёда ҳам ҳаловат топмайди. Бунга тарих гувоҳ. Юқорида таъкидлаганимиздек, қанчадан қанча золимларнинг, одамларга зулм қилганларнинг жиноятлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фош этилиб, жиноятчиларнинг аҳволи ойнаи жаҳон орқали қолганларга ибрат сифатида намойиш этилмоқда. Чунки, қонун, ҳақиқат албатта ўз сўзини айтади.                                                                               Демак, биз бандалар жамиятнинг бир бўлаги ўлароқ, ўзгалар ҳаққидан ҳазар қилиб, одамларга яхшилик ила муомала қилиб, кишиларнинг кўнглини обод этишга ҳаракат қилмоғимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, уламолар, инсон қалбида Аллоҳнинг тахти жойлашган. Уни бузиш Аллоҳ таолонинг қаҳрини келтиради, деганлар.

Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3271 times

Мақолалар

Top