Мақолалар

Оилавий бахт кимга боғлиқ?

Мичиган Университети ҳамда  Рутгерс Университети олимларининг таъкидлашларича, эркакларнинг бахтли бўлиши оиладаги аёлнинг ҳолатига боғлиқ  экан. Оилада аёл киши ўзини қанчалик бахтли ҳис қилса, эр киши ҳам ўзини шунчалик бахтли ҳис этар экан.  

“Мен буни шундай талқин қилган бўлар эдим, яъни агар аёл киши оилада ўзини бахтлиман деб ҳисобласа, у эрини ҳурсанд қилиш учун қўлидан келганча, яна ҳам  кўп ҳаракат қилади”,– деди Рутгерс Университетидаги фан ва санъат мактаби ижтимоий кафедраси профессори Деборо Карр.

 “Эркаклар аёлларчалик ҳиссиётга берилувчан эмас, шунинг учун  улар ҳис-туйғуларини тўлиқ билдира олмайдилар, мана шу хислат туфайли уларнинг оила уйғунлигига таъсири аёлларникичалик эмас”.

Тадқиқот давомида 394 та жуфтлик ҳаёти ўрганилди уларнинг ёши 60 ёшдан катта бўлиб, оилавий ҳаётда ўртача ҳисобда 40 йилга яқин яшаган жуфтликлардир.

Эр-хотинларга турлича саволлар берилди: улар кўп урушишадими, бир-бирларини қай даражада тушунадилар ва ўзларини керакли, қадрли инсон сифатида ҳис этадиларми?. Бундан ташқари жуфтликлардан кундалик, оддий ишлар: телевизор томоша қилиш ёки дўконларни айланишдаги ҳамкорликлари ҳам сўралди. Сўнг ҳиссиётлари ҳақида ёзиб боришлари сўралди.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, оилавий ҳаётдан баҳра олувчилар ҳаётнинг барча жабҳасидан баҳра олиб яшаётган кишилар бўлиб чиқди.

Агар оилада эркак киши хасталаниб қолса, аёл кишининг ҳаловати йўқолади, эркак киши ҳақида эса бундай дейиш мушкулроқ.

“Ҳеч кимга сир эмас, агар эркак киши оғриб қолса аёли унга гирди-капалак бўлади, қайғуради. Одатда аёл киши хасталанса, у кўпроқ ўзига ёки қизи бўлса, қизига суянади, камдан кам ҳолатда эрига”, –деб қўшимча қилади Карр.

Қатор тадқиқотлар натижасида қуйидагилар маълум бўлди: “Оиладаги тинчлик-тотувлик, бахт ва шинамлик кўп жиҳатдан аёл кишига боғлиқ. Чикаго Университетида олиб борилган тадқиқот натижалари 2016 йилнинг март ойида чоп этилди. Унга кўра, эркак кишининг соғлиғи никоҳ мустаҳкамлигида муҳим омил бўлиб ҳисобланса-да, лекин оиладаги тотувлик ва бахт эркак кишига эмас, аксинча аёлга боғлиқдир”.

Берклидаги Калифорния Университети ва Шимолий-ғарбий Университетлари тадқиқотчилари 80 дан ортиқ жуфтликнинг ўзаро муносабатлари ёзилган видео тасмани таҳлил қилиб, бу орқали улар асосан оиладаги келишмовчилик, турли фикрлиликнинг оилавий муносабатларга таъсирини ўрганишга бағишладилар. “Оилада келишмовчиликлар юзага келганда, қайси оилада аёл киши ўзини тезроқ қўлга олиб, босиқлик билан вазиятни бошқарса, шу оила бахтли оила бўлади”, –деб хулоса чиқардилар.  

“Нафрат,  ғазаб ва ҳурматсизлик каби ҳиссиётлар оила пароканда бўлишига олиб келувчи омиллардир, лекин бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатадики, агар эр-хотин, хоссатан, аёллар ўзларини бошқара олсалар, уруш-жанжалнинг олдини ола олсалар, келишмовчилик пайтида ўзларини эрларига нисбатан осойишта тутсалар, бундай оилада тинчлик ҳукм суриб, гуллаб яшнашда давом этади”,– деди тадқиқотнинг бош муаллифи психолог Лиан Блоч.

Учта тадқиқотда ҳам кекса ёшдаги эр-хотинлар қатнашишди. Олимларнинг фикрига кўра, оиладаги муҳит кекса ёшдагиларнинг соғлигига кучли таъсир кўрсатади.

 

                                               Мақолани Моҳира Зуфарова тайёрлади.

Read 9485 times
Tagged under

Мақолалар

Top