Мақолалар

Ўзингга фақат ўзинг ёрдам бера оласан!

Олимлардан бири “инсон дунёдаги энг мураккаб механизм қилиб яратилган” дейди. Ҳақиқатдан ҳам, одам ўта аниқ ўлчов билан, ҳаттоки энг кичик ҳужайраларигача махсус дастурга эга қилиб яратилган.

Бир муддат тин олиб, жисмингизга ва тана аъзоларингизга диққат билан эътибор берсангиз ўзингизнинг бетакрор мўъжиза эканлигингизга гувоҳ бўласиз. Аммо, буни ҳар доим ҳам англаб етавермаймиз.

Танишларимдан бири анча йиллардан бери сурункали хасталиклардан азият чекиб келади. Катта-катта шифокорлар кўригига борди, ётиб даволанди, бироқ натижа йўқ. Яқинда бир шифокор, олимнинг ёнига бирга бордик. Танишимни кўриб икки оғиз гаплашди-ю “бор боравер, йўлингдан қолма. Мен ўзига ёрдам беришни хоҳламайдиган, ўлигини дўҳтирларга, яқинларига осиб оладиган чала мурдани даволамайман”, деб қолса бўладими. Очиғи ҳайрон қолдик.

Узоқ ялинишлардан сўнг шифокор “майли бир марта тушунтираман, тушунсанг қоласан йўқса жавоб” дея, сўз бошлади:

“Аллоҳ таоло биз бандаларини онгли, ақлли, билимли қилиб яратган. Шунга яраша тана ҳам берган. Инсон танаси ўз-ўзини даволаш ва қайта тиклаш хусусиятига эга. Лекин, ҳамма ҳам бу имкониятдан фойдалана олмайди. Айниқса касалликни ўзига касб қилиб олган ва шу орқали кишилар эътиборида яшашга ўрганганлар. Улар дарҳол тушкунликка тушиб, ноумид бўлишади ва ҳаёт фақат мусибатлардан, дардлардан иборат деб ўйлашади. Одам қандай дардга чалинишидан қатъий назар аввало руҳан ва фикран хасталикка таслим бўлмаслиги шарт. Шундагина тиббиёт унга ёрдамчи бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг бир одам балчиққа йиқилиб тушди, унга ёрдам беришга ҳаракат қилиб, турғазиб, уст-бошини тозалаб берсангиз-у бир оздан сўнг у яна ўша балчиққа бориб ётиб олса нима дейсиз? Демак унинг ўзи балчиқни ҳушлар экан, ўзига балчиқ ёқар экан дейсиз. Аслида ҳам шундай. Унинг ўзи балчиқда яшайди. Сизнинг ҳаракатингиз ва меҳнатингиз бесамар кетади.

Яна бир ҳақиқат биз танамиз ва онгимизни дангаса қилиб қўйганмиз. УнутмангЎзингга фақат ўзинг ёрдам бера оласан. Натижа эса Аллоҳдан”.

Шифокорнинг ёнидан чиқдим-у менда ҳамма нарса ўзгара бошлади, фикрлар, ўйлар, саволлар...  

Динимизни бизга, тақдирнинг яхши куни ҳам ёмон куни ҳам Аллоҳдан деб билишни таълим беради. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам шу тақдирни насиб этган Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиб, фақат Ўзидан нажот сўраб тушкунлик ва пессимистик кайфиятни тарк этишимиз, аксинча бу ҳолдан ибрат ва хулосалар чиқаришимиз лозим.

Ҳаётда қийинчилик, мусибат ва дардга дуч келдингизми? Асло, хафа бўлманг! Табассум қилинг ва Аллоҳга юзланинг ва илтижо қилинг:

“Эй Роббим, мағфират қил, раҳм қил. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан” (Мўъминун сураси, 118-оят).

“Менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт” (Исро сураси, 80-оят).

“Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим” (Анбиё сураси, 87-оят).

Дуо қилсангиз албатта Аллоҳ таоло дуоларингизни мустажоб қилади. Ҳеч қачон тушкунликка тушманг, ўзингизни ғам ботқоғига ташламанг, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!  

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар сураси, 53-оят).

Яна бир оятда эса:

“Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур” (Юсуф сураси, 87-оят) деб айтган.   

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2489 times

Мақолалар

Top