Мақолалар

Ўзини ўзи тергаш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам бўлиши керак. Бу худди савдогарларнинг шериклари билан ҳар йил, ой, ҳафта ёки кун охирида дунё ҳирсида қиладиган ҳисоб-китобига ўхшайди. Улар буни беш кунлик дунё учун бўладиган фойдани қўлдан чиқариб юбормаслик мақсадида қиладилар. Бас, шундай экан, қайси оқил абадийлик учун бўладиган фойдани кўзлаб, ўз нафсини тергамаслиги керак?!

Савдогар шериги билан ҳисоб-китоб қилганида сармоя, фойда ва зарарга назар солади. Агар фойда кўрган бўлса, шеригига раҳмат айтади. Зарар кўрса, тўлаб беришини ва бундан кейин бу ишга йўл қўймаслигини таъкидлайди. 

Шунга ўхшаш, банданинг динидаги сармояси фарзлардир. Фойдаси нафллар ва фазилатлардир. Зарари эса маъсиятлардир. Ушбу тижоратнинг мавсуми кундуз кунидир. 

Банда аввал нафсини фарзлар бўйича тергайди. Агар уларни яхшилаб адо этган бўлса, Аллоҳ таолога шукрлар қилади ва нафсини шунга ўхшаш ишларни кўп қилишга тарғиб қилади. Агар бирор фарзни ўтказиб юборган бўлса, қазосини бажаришга шошилади. Агар уни нуқсонли адо этган бўлса, кўпроқ нафл ибодатлари ила ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Агар маъсият қилган бўлса, нафсни жазолайди, азоблайди ва бошқа чораларни кўради. Хулласи калом, банда ўзининг қилган каттаю кичик ҳар бир ишида нафсини тергаб туриши лозим.

Нафсни тергаб туриш ўта фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! (Ҳар бир) жон эрталик кун учун нима тақдим қилганига назар солсин», деган (18-оят).

«Эрталик кун»дан мурод қиёматдир. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак. 

Албатта, қиёмат куни инсонга мол-дунё, мансаб, насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллар ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир одам фурсат борида қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши лозим. Бунда ўтган ишларни ҳисоб-китоб қилиб туришга амр бор. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин уларни ўзингиз тортинг», деганлар.

Аллоҳ таоло Нур сурасида:

«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз», деган (31-оят).

Тавба хато ва айб саналган амални қилиб бўлгандан кейин унга афсус-надомат чекишдан бошланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», – дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. 

Ағорр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, (баъзан) қалбимни булут босади. Ва албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтурман», – дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

«Албатта, тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, карабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар», деган (201-оят).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кеч кирса, оёғига дарра билан ура туриб, «Бугун нима иш қилдинг?» дер экан. 

Маймун ибн Меҳрон дейди: «Ўзини ўзи шеригидан кўра қаттиқроқ тергамаган одам тақводорлардан бўла олмайди. Ишни қилиб бўлгандан кейин шериклар бир-бирларини тергайдилар-ку!» 

Абдуллоҳ ибн Саломнинг бир боғ ўтин орқалаб кетаётганини кўрганлар:

«Эй Абу Юсуф! Болаларинг ва ғуломларинг кўтарса ҳам бўларди?!» – дедилар.

«Нафсимни текшириб кўришни ирода қилдим. Ёқтирармикан ёки йўқ?!» – деди у.

Ҳасан Басрий:

«Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ таоло учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёдаги ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби қиёмат куни машаққатли бўлади», деганлар.

«Маломатчи нафс ила қасам» ояти тафсирида Ҳасан: «Мўминнинг фақат нафсини маломат қилиб турганини кўрасан: «Бу сўзим ила нимани ирода қилдим? Бу еганим ила нимани ирода қилдим? Бу ичганим ила нимани ирода қилдим?» Фожир эса ўзини ўзи тергамай кетаверади», – деган.

 "Мукаммал саодат йўли" китобидан

Read 2625 times

Мақолалар

Top