Мақолалар

«Жамиятда диний бағрикeнгликни сингдиришда исломнинг тутган йўли»

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Мозийга назар)

Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил”, деган Аллоҳ таолога ҳамд-саноларимиз. “Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматли бўлганингиз, Ундан энг кўп қўрқадиганингиздир”, дея инсонларга илоҳий мезонни кўрсатиб берган Пайғамбаримиз Муҳаммадга, дуруд-саловатларимиз. Аллоҳ ва Расули йўлига оғишмасдан амал қилиб келган ва қиёматгача келадиган барча инсонларга, Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!

Бугунги ҳар бир соҳада ишлар шиддат билан ривожланиб кетаётган даврда, динимизга тегишли бўлган, юзага келган савол ва ҳолатларга тезкор, асосли жавоблар бериш, диний ходимларимиз ва уламоларимиз зиммаларидаги шарафли ва масъулиятли вазифага айланиб бормоқда. Дунёда ахборот алмашуви шу даражада тезлашдики, бу борада масофанинг аҳамияти қолмади. Ҳар қандай маълумот, сониялар ичида дунёнинг турли нуқтасига етказилиши мумкин. Бу бир томондан яхши бўлса, иккинчи томондан салбий ҳолатларга ҳам сабаб бўлмоқда. Бу ўринда гап, ўша маълумотни тўғри ёки нотўғрилигига боғлиқ.

Мавзуга қайтадиган бўлсак, нафақат бу мавзу, балки барча динга тегишли масала ва ҳолатларни ечимини ўтган улуғларимиз илмлари ва ҳаётларидан олиб, ўрганишимиз ва татбиқ қилишимиз айни муддао саналади. Илмий томондан тўрт мазҳабнинг қайсига бўлса ҳам амал қилиниши, қарийб ўн беш асрдан бери уммат якдиллигининг омили вазифасини ўтаб келаётган бўлса, ижтимоий-сиёсий ҳолатларга, ўтган улуғларимиз ҳаётидан ибрат ва ўрнак олишимиз, мақсадимизга қоқилмасдан, тойилмасдан етиб боришимиз гарови бўлади. Чунки бу йўл ҳар бир иши илоҳий ваҳий билан йўғрилган ва ҳар бир сўзи ҳикматдан иборат пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларининг ҳамда уларга яхшилик ила эргашган уламоларнинг йўлидир.

Бағрикенглик ҳақида сўз кетар экан, ислом уммати бугунлик кунда бу масалага қандай ёндошмоғи лозим. Қайси жойдадир мусулмонлар хўрланмоқда. Қайси жойдадир масжидлар вайрон қилинмоқда ва яна қайси жойдадир мусулмонларга, улар мусулмон бўлганликлари учун тазиқлар ва адолатсизликлар амалга оширилмоқда. Бунга жавоб ўлароқ, улар томонидан ҳам шунга ўхшаш жавоблар қайтарилмоқда. Бу воқеълик. Бундан ҳеч ким кўз юма олмайди ва инкор ҳам қила билмайди. Бунда мусулмон шахс қандай йўл тутади? Фақат сабр қиладими ёки ўзини ҳимоя қиладими? Агар ҳимоя қилса, у қайси кўринишда амалга оширилади?

Бу саволнинг жавобини мен қуйидаги икки масалада кўраман. Улардан биринчиси: дунё, барча инсонларнинг дини, миллати ва ирқидан қатъий назар, умумий уйимизга айланиб бўлган. Ҳар бир давлат қонунчилигида инсон ҳуқуқлари, унинг ҳурмати бош масала қилиб белгиланган. Агар уларга инсон ҳуқуқлари бўйича қонуний мурожаат қилинса, (гарчи, баъзи давлатларда буни амалга ошириш қийин бўлсада) натижа беради, иншааллоҳ.

Иккинчиси: юқоридаги ҳолатларда ўтган салафи солиҳларимиз қандай йўл тутишган? Албатта, қилганига яраша жавоб қайтарилса, буни ҳеч ким қораламайди. Чунки бу адолатдан бўлади. Аммо, мақсадга яъни, қалбларни Исломга моил қилиш учун, баъзан мусулмон кишидан сабр ва фазл кўпроқ талаб қилинади. Буни эса қуйида келтирмоқчи бўлган мисолимизда кўриб ўтамиз. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ислом умматига қиёматгача ўрнак бўлган зот эканликлари шубҳасиз. Шу сабаб, барча ишларда у зотга эргашиш, ўша ишнинг энг манфаатли ҳолда юзага келиши кафолатидир, десак муболаға бўлмайди. Макка фатҳи воқеасини ёдга олайлик. Қодир бўла туриб афв этиш, барча имкониятга эга бўла туриб, қасос олмаслик, энг ашаддий душманларни ҳам дўстга айлантириш: бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хушмуомалалиги, мулойимлиги ва раҳмдиллигининг шарофатидир. Бу хусусда «Оли Имрон» сурасида шундай марҳамат қилинган:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللَّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ

Аллоҳнинг раҳмати билан сен уларга мулойим бўлдинг. Агар қўполлик, бағритошлик қилганингда, яқинингга йўламай тарқаб кетишарди, уларни афу эт, улар учун мағфират тила, улар билан кенгашиб иш қил”[1].

Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Макка фатҳ қилинди. Бир неча йиллар давом этган жабр-ситамлар ва ўн йиллик Ватан соғинчига ўша кунда нуқта қўйилди. Ўша кун, шунча йиллар бошдан кечирилган аламли қийинчиликлар ва йўқотишларга ўч, қасос олишга энг яхши имкон бўлган кун эди. Агар бу имкон мушрикларда бўлганида, улар бу фурсатни ҳеч ҳам қўлдан бой бермасликлари барчага кундек аён. Зеро, уларнинг шу вақтгача бўлган саъй-ҳаракатлари ҳам бундан ўзгача бўлмаган ва улар қилган ишлари учун жазо муқаррарлини ҳам яхши билишарди.

Аммо, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борада тутган йўллари афвдан иборат бўлди. Аллоҳ таолонинг оламларга раҳмат пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни йиллар мобайнида мўминларга азоб бериб келган кофирларни жазолашга қодир бўла туриб, уларни афв қилиб юбордилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба эшиги олдида туриб шундай дедилар:

يَا أَهْلَ مَكَّةَ، مَاذَا تَرَوْنَ أَنيِّ فَاعِلٌ بِكُمْ؟ قَالُوا: خَيْرًا، أَخٌ كَرِيْمٌ وَابْنُ أَخٍ كَرِيْمٍ، قَالَ: إِذْهَبُوا فَأَنْتُم الطُّلَقَاء فَأَعْتَقَهُم رَسُولُ اللهِ صَلىَّ اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

«Эй маккаликлар! Нима деб ўйлайсиз, мен сизларга қандай муомала қиламан?» дедилар. Улар: «Олийжаноб биродар! Олийжаноб биродарнинг фарзанди! Яхшилик!» дедилар. Расу-луллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кетаверинглар, ҳаммангиз озодсиз!» дея, барчалари-ни озод қилиб юбордилар” [2].

Бас, улар (у ердан) чиқдилар ва исломни қабул қилдилар”[3].

Тарих давомида мусулмонликни қабул қилган инсонларнинг аксарияти гўзал даъват билан исломни танлашган. Мисол учун, Индонезия, Малайзия, Шарқий Африка каби юртлар айнан гўзал мавъиза, чиройли ибрат воситаси ила Исломни қабул қилганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг динга бўлган чақириқлари сўз ва феъллари билан бўлган. Аллоҳ таоло у зотни динга чақиришдаги тутган йўли лутф, ҳикмат ва гўзал мавъиза билан бўлишига буюрган. Чунончи, Аллоҳ таоло:

ادْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ

Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир[4] деган.

Илк оятлари «Ўқи»[5] дея нозил бўлган Қуръон оятларидан ва “Кимки илм олиш учун йўлга отланса, қадам босмасидан турибоқ (унинг кичик) гуноҳлари кечирилади”[6] деган Набавий сўзлардан ҳам, Ислом таълимоти бошидан охиригача илмга асосланганини билиб олишимиз мумкин.

Шундай эканИсломнинг асл моҳияти инсонларга гўзал суратда етказилса ва улар билан гўзал услубда мунозара олиб борилса, ҳеч шубҳа йўқки, соғлом қалб эгалари Исломни қабул қилишга рағбат уйғонади. Чунки Ислом, Аллоҳ таолонинг энг охирги илоҳий таълимоти ўлароқ, унинг қаршисида ер юзидаги ҳар қандай фикрий курашлар, тортишувлар ва ғоялар ҳам ожиз қолиши шубҳасиз.

Ҳозирда турли-туман оқим ва секта аъзолари ўз гуруҳлари сонини кўпайтириш учун жидду жаҳд қилиб турган бир вақтда ер юзининг турли минтақаларида ўзга дин вакилларининг Исломни қабул қилишлари гўзал услубда етказилган даъват натижаси бўлмасдан яна нима ҳам бўлиши мумкин?!

Ҳаттоки, насроний дини етакчиларидан бир қанчаси Исломни қабул қилиб, ҳозирда уларнинг ўзлари кишиларни Исломга даъват қилаётганларини нима билан изоҳлаш мумкин? Бу Исломнинг ҳақиқий илоҳий таълимот эканини тан олишдан ўзга нарса бўлиши мумкинми? Бу инсонларга ҳеч ким миссионерлар[7] сингари моддий нарсалар ваъда қилмаган ёки издошларига «биз ҳақмиз», дея, илмий мунозараларни четга суриб, уламоларни бу ботқоқдан наригисига улоқтирмаган ҳам.

Уларнинг Исломни қабул қилишлари, энг аввало, уларга Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати ва Исломнинг гўзаллиги чиройли суратда етказилганлиги натижасидир. Дарҳақиқат, Ислом инсонларни ҳаётдаги турли бидъат-хурофотлар, ортиқча сарф-харажатлардан иборат асирлик исканжасидан озод қилиб, турмуш тарзини енгиллаштирди ҳамда уларнинг ҳаётларига мазмун олиб кирди. Пировардида эса гувоҳи бўлганимиздек, мусулмон бўлмаган юртларда исломни қабул қилганлар сони тобора ортиб бормоқда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ва Абу Мусо розияллоҳу анҳуларни Яманга жўнатаётганда у иккисига қарата:

يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا

“Енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар. Мамнун қилинглар (одамларни хурсанд қиладиган сўзлардан айтинглар), нафратлантирманглар”[8], деганлар.

Имом Нававий мазкур ҳадиси шарифнинг шарҳида қуйидагиларни айтган: “Бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг фазли, савобининг кўплиги, мукофотининг мўллиги ва раҳматининг кенглиги билан мамнун қилишга буйруқ ва хушхабар қиладиган сўзларни айтмай, фақат қўрқитиш ва турли даҳшатли жазоларни айтиб нафратлантиришдан қайтариқ мавжуд. Шунингдек, ушбу ҳадисда исломни қабул қилишга кўнгли мойил бўлиб турганларга, балоғатга етган ва етиб қолган ўспирин болалар ҳамда гуноҳлардан тавба қилганларга нисбатан қаттиққўлликни тарк қилиб, улар билан юмшоқ муомалада бўлишга ишора бор. Буларнинг барчасига лутф кўрсатилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча ишларимиз каби, бағрикенгликда ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам каби йўл тутилса ва шахсий намуна кўрсатилса, мақсадимиз — исломнинг гўзаллигини намоён қилган, унинг маърифатини кенг тарқатган ва Аллоҳнинг фазли, марҳамати билан, кишиларнинг ҳидоятларига сабабчи бўлган бўлар эдик.

Ва ахиру даъвана анилҳамдулиллаҳи роббил аламийн!

Олимхон Исахон ўғли ЮСУПОВ

Ҳадис илми мактаби ректори.

20.06.2020 йил


[1] «Оли Имрон» сураси, 159-оят мазмуни.

[2] Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд Бағавий. Маолим ат-танзийл. Ж. 8. Дор тоййиба, 1997. – Б. 574.

[3] Имом Насаий. Сунан ан-Насаий. Ж. 6. – Байрут. Дору-л-кутуб ал-илмийя. 1991. – Б. 382.

[4] «Наҳл» сураси,125-оят мазмуни.

[5] «Алақ» сураси, 1-оят мазмуни.

[6] Муҳаммад Нававий ибн Умар Бантаний. Танқиҳ ал-қавла-л-ҳасис. – Миср. Дор иҳё ал-кутуб ал-арабий, Б. 8.

[7] Маълумотларга кўра, ҳозирда миссионерларнинг биргина «Иегово шоҳидлар»ининг бош ташкилоти томонидан адабиётлар нашр этиш, черковлар фаолиятини таъминлашга кетадиган сарф-харажатлардан ташқари йилига 100 миллион АҚШ долларга яқин маблағ сарфланади.

[8] Бухорий ривояти.

Read 2386 times

Мақолалар

Top