Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит: 3-ўгит! Яхшилик қилинг!

Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит 

3-ўгит! Яхшилик қилинг!

Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчиларни ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас”. (Нисо сураси, 36-оят) 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин.  Агар биродарингга очиқ юз билан йўлиқиб бўлса ҳам”, дедилар. (яъни, биродарингга очиқ юз билан йўлиқиш ҳам яхшиликдир).   (Имом Муслим ривояти) 

САВОЛ: Яхшилик нима? 

Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: «Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир», дедилар».  (Имом Муслим ва Термизий ривояти)

Хулоса:

  1. Аллоҳ таолони буйруқларини бажариш билан у Зотга ибодат қилинг.
  2. Ҳох амалда ва ҳох тилда бўлсин, Аллоҳга ширк келтирманг. Яъни, ҳар бир ният ва амалингизингиз фақат Аллоҳни розилиги учун бўлсин.
  3. Яхшилик қилишни аввало Аллоҳ таоло зикр қилган тартибда бошланг.
  4. Аллоҳ таоло кибрли ва мақтанчоқ кишиларни ёмон кўради.
  5. Яхшиликни энг кичик кўринишига ҳам эътиборли бўлинг. Зеро, зарра яхшилик ҳам мукофотсиз қолмайди.
  6. Лоақал, кишилар юзига табассум билан боқиб қўйинг. Бу ҳам яхшиликдир.
  7. Яхшилик гўзал муомаладир. Ўзгалар билан бўладиган ҳар қандай чиройли хулқ яхшиликдир.
  8. Яхшиликнинг йўллари кўп. Уни ҳар қандай киши қила олади. Муҳими, ҳохиш ва ишонч бўлса бас. 

Аллоҳ таоло барчамизни яхшилик қилувчи бандаларидан қилсин. Дунё ва охиратда яхши инсонлар билан жам қилсин!

 

Олмазор туманидаги    “Мевазор” масжиди имом ноиби:           

Ёрбек Исломов

Read 2930 times

Мақолалар

Top