Мақолалар

Ҳаж амалини адо этиш учун барча шароитлар мужассам бўлиши лозим

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати томонидан “Ҳаж-2020” мавсуми бўйича қабул қилган қарори Исломнинг энг олий рукни, ибодатларнинг афзали бўлган Ҳажнинг жорий йил бехавф ва бехатар ўтишини таъминлаш йўлидаги бирмунча қайқули, аммо тўғри қадам бўлди. Қисқа қилиб айтганда, ушбу қарор бу йил фақат Подшоҳлик ҳудудида истиқомат қилаётган одамлар учунгина улуғ ибодатни адо этиш имконини беради.

Аввало, мазкур қарор мусулмон дунёсининг нуфузли муассасалари бўлмиш Саудия уламолари кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Ислом олами уюшмаси, Мисрдаги “Ал-Азҳар” мажмуаси ва “Дорул ифто” фатво ҳайъати ва кўплаб бошқа илмий марказлар томонидан якдиллик билан маъқулланганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Улар қаторида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши ҳам Саудия Арабистони ҳукуматининг бу қарорини қўллаб-қувватлаб, ҳожилар манфаатлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш нуқтаи назаридан ўз вақтида ва энг тўғри йўл тутилганини қайд этди. Шу билан бирга, жамоатчилик кенгашининг махсус йиғилишида жорий йилги ҳаж сафарига боришни режалаштирган ҳамюртларимизнинг навбати тўлиқ сақланган ҳолда кейинги йилга ўтказилиши маълум қилинди.

Дарҳақиқат, коронавирус бутун дунёда авж олаётган, хусусан, Саудия Арабистонида кунига ўртача 4000 киши уни юқтираётган, 35-40 киши у туфайли ҳаётдан кўз юмаётган бир мураккаб шароитда хориждан ҳожиларни мамлакат ҳудудига киритмаслик тўғрисидаги қарор энг оқилона ишдир. Тўғри, Ҳаж – энг улуғ амал, аммо ҳеч бир инсон ўзини ёниб турган ўтга ташламаганидек, айни пайтда буюк зиёрат учун ўзи ва яқинлари ҳаётини аниқ-равшан таҳлика остига қўймаслиги керак. Зеро, саломатликни асраш ҳам Яратганнинг фарзларидан биридир.

Ҳаж ибодатининг эса ўз талаблари бор. Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас китобида “Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ вожибдир” (“Оли Имрон” сураси, 97-оят) деб марҳамат қилади. Яъни, соғлиғи яхши бўлган, ҳажга бориб-келишга оиласидан орттирган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, бир сўз билан айтганда, ўзи ва яқинларига ҳеч қандай зиён-захмат етказмайдиган мўмин учунгина Ҳаж ибодати фарз бўлади.

Қадимда ҳажни ният қилган ёки Байтуллоҳ сари қутлуғ сафарга чиққан айрим мўмин-мусулмонлар турли тасодифлар туфайли зиёратни амалга ошира олмагани ёки ярим йўлдан ортга қайтгани, лекин шунга қарамай уларнинг бу улуғ ибодати Аллоҳ таолонинг даргоҳида ижобат бўлгани тўғрисида кўплаб ривоятлар бор. Масалан, улуғ аллома Абдуллоҳ бин Муборак ҳажга кетаётиб, Куфа шаҳрида ўта ночор бир оилага дуч келади ва бор маблағини ушбуйўқсилларнинг кийим-кечак ва озиқ-овқати харидиучун сарфлаб юборади. Оқибатда сафарни давом эттира олмай ортга қайтишига тўғри келади. Буни қарангки, уни кутиб олган ҳамюртлари ҳожилик мартабаси билан муборакбод этаркан, аллома улардан узр сўраб, ҳажни адо эта олмаганини билдиради. Яратганнинг карами шу қадар кенг эканки, айримлар унга эътироз билдиради: “Во ажаб, ахир, ҳажда бирга бўлиб, сиздан ёрдам олдим-ку”, “Ташна бўлиб, чарчаб қолганимизда бизга сув бериб, чанқоғимизни бостирдингиз”, “Фалон жойдан совға-салом олиб, бизга тортиқ қилдингиз...”. Шу тунда тушида Абдуллоҳ бин Муборакка садақа ва эҳсони эвазига Парвардигорнинг ҳузурида ҳажжи қабул бўлгани аён этилади.

Улуғ ибодат ниятида бўлган қадрли ҳамюртлар! Барчамиз мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда, оқилона ва одилона фикр юритиб, Саудия Арабистони ҳукуматининг мазкур қарорига тўғри баҳо берайлик ва холисона ёндашайлик. Келаси ҳаж мавсумигача Қодир Аллоҳ ҳар биримизга сабру жамил ато этсин. Орамизда яхши ният билан Абдуллоҳ бин Муборакнинг хайрли амалини такрорлашни ихтиёр қилганларга Яратганнинг Ўзи ҳожилик мақомини бериб, садақа ва эҳсони воситаси ила уларни мана шу юксак мартабага кўтарсин.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов

 

Read 2714 times

Мақолалар

Top