Мақолалар

“Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмас”

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳикоя қилади: Мен Аллоҳнинг муборак уйи Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Пайғамбар алайҳиссалом қабрларини зиёрат этиш нияти билан сафарга чиққан эдим. Йўлда бир қора шарпага дуч келдим. Яқинроқ бориб қарасам, жун кўйлак кийган ва рўмол ёпилган бир кампир экан.

  • Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, – деб салом бердим. У:
  • “Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур”[1], - деб алик олди.
  • Аллоҳ сенга раҳм этсин, бу ерда нима қиляпсан? – деб сўрадим. Кампир:
  • “Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмас”[2] – деб тиловат қилди. Унинг сўзидан йўлдан адашганини англадим. Кейин:
  • Қаерга кетяпсан? - деб савол бердим.
  • “Бир кечада бандасини Масжидул Ҳарамдан Масжидул Ақсога сайр қилдирган Зот покдир”[3] – жавоб берди. Билдимки, у ҳаж ибодатини адо этиб, Байтул Мақдисга кетаётган экан. Сўнгра бу ерда қачондан бери турганини сўрадим.
  • “Уч кеча-кундуз”[4] – деди. Нима еб-ичаётганини сўраганимда:
  • “Унинг ўзи мени тўйдирур ва қондирур”[5] , - деб жавоб берди.
  • Таҳоратни қандай қиляпсан? – деб сўрадим. У Моида сурасининг 6-оятини ўқиди:
  • “Сув топа олмасангиз, пок тупроқ билан таяммум қилингиз”.
  • Менинг овқатим бор, ейсанми? – дедим.
  • “Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар”.[6]
  • Ҳозир рамазон эмас-ку.
  • “Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бас, албатта, Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир.”.[7]
  • Сафарда бизга рўза тутмасликка рухсат этилган-ку.
  • “Рўза тутишингиз, агар билсаларингиз, ўзингиз учун яхшидир”.[8]
  • Нима учун мен гапиргандек оддий сўзлар билан гапирмаяпсан, – десам:
  • “У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (сўзласа) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”,[9] – деди. мен савол беришда давом этдим:
  • Сен кимсан ўзи?
  • “(Эй инсон,) ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!” Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (инсон) масъулдир”, – деб исро сурасининг 36-оятини тиловат қилди.
  • Хато қилдим, кечир – деб узр сўрадим. У:
  • “Бугун сизлар айбланмайсизлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилур”,[10] – деди. Кейин:
  • Мана бу туямга ўтириб, карвонингга етиб олишни хоҳлайсанми? – деб таклиф қилдим.
  • “Қандай яхши амал қилсангиз, Аллоҳ уни билади”,[11] – деди. Туяни чўктирдим. Шунда у:
  • “Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар”,[12] – деган оятни ўқиди. Мен кўзимни ундан уздим ва:
  • Туяга чиққин, – дедим. У минмоқчи бўлганида, туя ҳуркиб кетди ва кийимини йиртиб юборди. Шунда:
  • “Сизларга не бир мусибат етса, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур)”,[13] – қироат қилди.
  • Шошмай тур, туяни боғлаб қўяй, – дедим. У:
  • “Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик”,[14] – деди. туяни боғлаб қўйиб, унга:
  • Мингин, – дедим. Туяга миниб олгач, у:
  • “Бизларга буни бўйсиндирган Зот покдир. Бизлар бунга қодир эмас эдик. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз”,[15] – деди.
  • Жиловдан тутиб, қичқириб туяни тез ҳайдаб кетдим. Шунда у Луқмон сурасининг:
  • “Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин”, – деган оятини тиловат қилди. Сўнгра секин юриб, шеър ўқий бошладим.
  • “Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар”,[16] – деди.
  • Менга кўп яхшиликлар берилди, – дедим. У:
  • “Ақл эгаларигина эслайдилар”,[17] – деб ўқиди.

Бир оз юрганимиздан кейин:

  • Эринг борми деб сўрадим. У Моида сурасининг 101-оятини ўқиб жавоб берди:
  • “Эй мўминлар, аён бўлганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар”. Мен жим қолдим, карвонга етиб олгунумизча унга ҳеч нарса гапирмадим. Етиб келгач:
  • Мана карвон, бу ерда киминг бор? – деб сўрадим. У:
  • “Мол-мулк ва бола-чақа ҳаёти дунёнинг зийнатидир”,[18] – деди. Бу гапидан карвонда фарзандлари борлигини билдим.
  • Улар нима қиладилар?, – деб сўраган эдим:
  • “Белгилар қўйилди ва юлдузлар билан топурлар”,[19] – деган оятни ўқиди.

Болалари карвонларда йўл бошловчи эканликларини билдим. У чайлалар томон ишора қилди.

  • У ерда киминг бор? – дедим. У яна оят ўқиди:
  • “Аллоҳ Иброҳимни Ўзига дўст тутди”,[20] “Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи, бевосита, гаплашди”,[21] “Эй Яҳё, китобни маҳкам ушла”.[22] Мен:
  • Эй Иброҳим, эй Мусо, эй Яҳё! Деб, аёлнинг фарзандларини чақирдим. Олдимга ойдек йигитлар келиб салом берди. Шунда аёл ўғилларига:
  • “Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ-насиба олиб келсин”,[23] – деди.

Улардан бири бориб, таом сотиб олиб келди ва овқатни дастурхонга қўйди. Аёл яна тиловат қилди:

  • “Сизлар ўтган кунларда қилган амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичинглар”.[24]

Шунда мен:

  • Бу аёл ҳақида гапириб бермагунларингизча овқатларингизни емайман, – дедим. Улар:
  • Бу аёл бизнинг онамиз бўлади. Қирқ йилдан бери пок Парвардигорнинг адаштиришидан, ғазаб қилишидан қўрқиб, Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримнинг сўзидан бошқа сўзни гапирмайди, – дейишди.

Шунда мен ҳам жавоб тариқасида бир оят ўқидим:

  • “Бу Аллоҳнинг фазл-карами, уни хоҳлаган бандасига беради. Аллоҳ улуғ фазилат эгасидир”.

 

“Одоблар дурдонаси” китобидан

 

[1] Ёсин, 58

[2] Аъроф, 186

[3] Исро, 1

[4] Марям, 10

[5] Шуаро, 79

[6] Бақара, 187

[7] Бақара, 158

[8] Бақара, 184

[9] Қоф, 18

[10] Юсуф, 92

[11] Бақара, 197

[12] Нур, 30

[13] Шўро, 30

[14] Анбиё, 79

[15] Зухруф, 14

[16] Музаммил, 20

[17] Бақара, 269

[18] Каҳф, 46

[19] Наҳл, 16

[20] Нисо, 125

[21] Нисо, 164

[22] Марям, 12

[23] Каҳф, 19

[24] Ал-Ҳаққа, 24

Read 2575 times

Мақолалар

Top