Мақолалар

Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг ажри

Ислом дини инсонларни доимо бир-бири билан дўстлашишга, ўзаро фикр алмашишга ва маслаҳатга, аҳиллик ила бирдамликка чақириб келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жудаям кўп ҳадисларида Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриш, Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашишга қаттиқ тарғиб қилганлар ва айнан шундай дўстликни ихтиёр қилганларга гўзал ҳушхабарлар берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Қиёмат куни: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, дейди”, дедилар. (Имом Муслим)

Аллоҳ йўлида дўстлашган кишилар учун бу ҳушхабардан яхшироқ мукофот бўлмаса керак аслида. Чунки, қиёмат кунидаги воқеа ва ҳодисалардан озгина хабари бор инсон борки, Аллоҳдан омонлик сўрайди. У куннинг дахшати одамларни ақлу хушидан айиради. Инсон фақатгина ўз нафсини ўйлаб, атрофидаги барча яқинларидан юз ўгиради. Бу ҳақда Роббимиз шундай хабар беради: “У кунда киши қочадир; ўз ака укасидан. Ва ота онасидан. Ва хотини ва бола чақасидан. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор”. (Абаса-34-37)

Бугун бошимиз узра неча минг километрлар юқоридан бизга ўз нурини сочиб, танамизни қиздириб турган қуёшни Аллоҳ таоло елкаларимиз баробарига тушириб қўйган пайтда одамлар ўз терларига ғарқ бўлганча,  унинг иссиғидан қочиб, соя жой қидириб қоладилар. Айнан шу пайтда, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлган бир пайтда оламлар Роббисининг ўзи: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, деб чақириб туришидан ортиқ мукофот борми ахир? Йўқ, албатта.

Кейинги ҳадис эса бунданда гўзал, бунданда роҳатбахш. Уни тафаккур ила ўқиш одамга ҳаяжон беради. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло: “Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деди”. (Имом Термизий)

Азизим! Аллоҳнинг пайғамбарлари, жонини Аллоҳ учун фидо қилган шаҳидлар ҳавас қиладиган минбарларга наҳот сиз ҳавас қилмайсиз? Наҳот ҳаракат қилмайсиз? Ахир бунга сизга имкон борку. Молингни берасан демаяпти, жонингни берасан демаяпти. Фақатгина, бир-бирингизни Аллоҳ учун яхши кўринг деяпти. Мол дунёси учунмас, шон-шуҳрати учунмас, насаби ёки гўзаллиги учунмас, балки, қилаётган гўзал амалини, покиза қалбини, сувратию сийратини фақатгина Аллоҳ учун яхши кўр демоқда. Боридаям-йўғидаям, очлигидаям-тўқлигидаям, беморлигу-соғлигидаям бирдек муомала қил. Аллоҳ учун яхшилигини ошир, ёмонлигини яшир, хатоси бўлса оммага жар солмасдан секингина қулоғига пичирла. Борлигидаям-йўқлигидаям шаънини ва обрўсини сақла, демоқда холос. Агар жаннат фақатгина ибодат учун берилганда эди, Аллоҳнинг розилиги фақатгина намозда бўлганида эди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг: “Аллоҳ қаерда?” деган сўзларига “Аллоҳ мўминнинг қалбида”, дея жавоб бермаган бўлардилар. Ёки: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Ва бир-бирларингизга муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўла олмайсиз”, (Имом Муслим) дея Аллоҳ йўлидаги дўстликни мўминликка хужжат қилиб қасам ичмас эдилар.

Қадрдоним! Инсон ҳаётида дўстнинг ўрни беқиёс. Чунки, киши ҳаётида турли-туман воқеа-ҳодисаларга, ҳар-хил синовларга, яхши ва ёмон кунларга дуч келади. Бундай пайтларда эса бир яхши ҳамсуҳбатга, ишончли насиҳатгўйга, самимий далда бериб тургувчи бир жонкуярга мухтож бўлади. Бундай пайтда эса, Аллоҳдан қўрқадиган, Аллоҳ учун дўстлашган солиҳ ва покиза дўст ниҳоятда асқотади.

Ҳикматларда айтилади: “Агар кишининг атрофида солиҳ, олийжаноб кишилар кўп бўлса, бу – Аллоҳ таолонинг унга берган инъоми ва икромидир”.

“Аллоҳ таолонинг хузурида мартабанг қанчалик юқори бўлса, ёнингда юрган дўстларинг шунчалар солиҳ, покиза ва олийжаноб кишилар бўлади. Агар мартабанг қанчалик паст бўлса, атрофингда юрган дўстларинг ҳам шунчалар пасткаш ва аблаҳ кишилар бўлади”.

Демак, бугун дўст танлашда адашма. Дўстлашишда адашма. Ниятинг ва мақсадингни тўғрилаб ол. Аллоҳдан яхши дўстларни сўра. Кимнидир яхши кўрсанг фақат Аллоҳ учун яхши кўр. Агар кимнидар ёқтирмасанг ҳам ўз истак ҳоҳишинг учун эмас, балки, Аллоҳга бўлган маъсиятини, қайсидир ёмон амалини ёмон кўр.  Яхшилар билан дўстлаш. Ёмонлардан узоқлаш.

Унутма! Аллоҳ учун тутинган дўстлар нафақат бу дунёда, балки охиратдаям нажот топишингга сабаб бўлади.

Исломов Ёрбек

Read 3745 times
Tagged under

Мақолалар

Top