Мақолалар

Комил  инсонлар  кўпайсин

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган, унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши, жамиятдаги барча инсонларга фойда келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ҳаракат қилади. Чунки у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган, инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига мушарраф қилишини яхши англайди.

Фарзандларимизнинг эрталаб турганида салом бериб, хол-аҳвол сўрашидан тортиб, ота ёки онасига қандай мурожаат қилишини кўрсатувчи тартиблар соф исломий тарбиялардан ҳисобланади. Зеро, бу талаблар комил инсонни вояга етказишга қаратилган. Комил инсон нафақат яқинларига, балки бутун жамиятга манфаат келтиради.

Комиллик меҳр-мурувват, адолат, тўғрилик, виждон, ор-номус, ирода, тадбиркорлик, матонат каби кўплаб асл инсоний хислат ва фазилатлар мажмуидир.

Озод юртнинг комил фарзанди билимли, яхши ахлоқ, маънавий етуклик билан бирга, мустақилликни англаш ва бу қадриятларни ҳимоя қилиш қобилиятларига ҳам эга бўлиши керак. Шундагина, биз мақсад қилган фуқаролик жамияти шаклланиб боради.

Комил инсон тушунчаси озод ва обод Ватанга фидойи фарзанд бўлиш масъулияти билан боғланиб кетади. Энди алоҳида-алоҳида етук шахслар эмас, балки комил инсонлар авлоди тарбияланиши зарур. Биринчи Президентимиз: “Келажагимизни ҳал қилувчи янги вазифа турибди. Бу вазифа эркин фуқаролик жамиятининг маънавиятини шакллантириш, бошқача айтганда, озод, ҳақ-хуқуқини яхши танийдиган, боқимандаликнинг ҳар қандай кўринишини ўзига ор деб биладиган, кучи ва ақлига ишониб яшайдиган, айни замонда шахсий манфаатларини халқ, Ватан манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган комил инсонларни тарбиялашдан иборатдир”, деган эди.

Бугунги кунда, ёш авлоднинг маънан ва жисмонан камол топиши йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмокда. Маънавий ва жисмоний тарбия узвий тушунчалардир.

Маънавияти қашшоқ одам жисмоний томондан қанчалик соғлом бўлмасин, ҳаёти, турмуши таназзулга юз тутиб боради. Ёки аксинча, киши қанчалик олим, доно бўлмасин, жисмоний заифлик унинг турмушига шикаст етказиши мумкин. Шунинг учун жисмоний ва маънавий тарбияни уйғун олиб бориш ёшларга таълим-тарбия бериш ишларининг асосидир. Таълимнинг барча йўналишларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг таг замирида комил инсонни тарбиялаш, шу орқали янги, мустаҳкам фуқаролик жамияти қуриш ғояси ётгани, бу мақсад йўлидаги эзгу ҳаракатлар халқимизни қувонтиради.

Дарҳақиқат, комил инсон жамият учун фақат яхшиликни раво кўриши, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлиши керак. Хақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ушбу ҳадисларига амал қилиб боради:

"Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил имонли бўлмайди" (Муттафақун алайҳ).

Демак, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самарасидир, десак асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар куни, ҳар сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар — чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар:

"Банда, модомики, биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади" (Табароний ривояти).

Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлар эди. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам бир яхшилик. Жалолиддин Румийнинг қалб тавофини Каъба тавофидан машаққатли эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Тавофи Байтул Халил кори онсон аст,

Тавофи байтул Жалил кори мардон аст.

"Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни ҳилиши лозим", деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз, бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муаяссар этади.

Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик, яъни, жаннатдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб:

"Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналгап кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликлар ато қилур" (Муслим ривояти), деб айтганлар.

Хулоса қилиб айтганда, комил инсонлари кўп бўлган юрт – қудратли ва мустаҳкам бўлиб, тараққий этаверади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади.

 

 

          Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ

Янгийўл тумани “Жоме”  жоме масжиди имом хатиби

Read 11640 times
Tagged under

Мақолалар

Top