Мақолалар

Соғлик-саломатлигимиз иймонимиз таянчи

(Шахсий гигиена – тани жонини пок асраш)

         Бугун биз мана шу мақоламиз билан ўзимизни асраб-авайлаш, тани сиҳатлигимизни барқарорлаштириш, атроф-муҳитдан келаётган зарарлардан ҳимояланишни яқиндан сиз азизлар билан фикрлашмоқчимиз. Ҳозирги кунда мамлакатимизда турли касалликларнинг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳоли кенг қатламини соғлом ҳаёт кечиришини, узоқ умр кўришини назарда тутади.

            Дарҳақиқат, соғлом турмуш тарзига риоя этиш кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Бир қараганда, оддий лекин, қийин ва машаққатли кўринувчи бу жиҳат анчагина куч, сабр-матонат, ирода-интизом, вақт ва шароит талаб этади. Аммо, амал қилган киши мақсадига етади, кўп ноҳуш ҳолатлардан ҳимояланади. Ҳар бир мўмин-мусулмон ўзини сақлаши, авайлаши ва ҳалокатга дуч келмаслиги учун динимиз нуқтаи-назаридан кенг ёритилган. Ўз жонини сақлаш-авайлаш фарз даражасида белгиланган. Соғлом  турмуш тарзининг асосий талаблари айтиб ўтадиган бўлсак ҳам, унда ўз жонини сақлаш, авайлаш бош мавзу қилиб олинган. Буни эса шахсий гигена – тани жонини пок асраш, тўғри овқатланиш, баданни енгил, ўрта ҳаракатлар билан тарбия қилиш кабилар билан барпо этилади. Келинг,  шахсий гигиена – тани жонини пок асраш борасида яқинроқдан ўртоқлашайлик.

Ҳозирги замон тилида “Шахсий гигиена” динимизда эса тозалик, поклик ибораси билан таърифланган атамани айтишимиз мумкин.

Муқаддас ислом динида, бошқа самовий динлар ичида билдирилмаган энг долзарб мавзу поклик алоҳида таъкидланган. Покликни Аллоҳ дўст тутишлигини оятлар билан башорат берган.

            Аллоҳ таоло Қуръони каримда Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севардеб, марҳамат қилган.

Абу Молик ал-Ашъарий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Мана сизга иккита буюк динимизнинг асоси покликка, озодаликка чорлаганини далили. Бу инсонни бошдан бошлаб, оёқ аъзосигача пооклик остида сақлашликка саноқсиз ҳадиси муборакларда тарғиб қилинган. Мисол тариқасида улардан бир нечасинигина сизга ҳавола қилмоқчимиз.

            Мўмин-мусулмон киши доимо кийим бошида тоза бўлиши, покиза юриши, соғлигининг гарови ҳисобланади.

            Аллоҳ таоло Қуръони каримда либосларингизни покланг деб, буюрган.

Саҳл ибн Ҳанзала розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар дўстларингизни олдига борасизлар. Шунинг учун либосларингизни чиройли, минадиган уловларингизни яроқли қилинглар. Худди инсонларнинг юзидаги ҳол каби гўзал бўлинглар. Зеро, Аллоҳ фаҳшни ва фаҳш ишни қилувчини ёқтирмайди” дедилар (Имом Абу Довуд, имом Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари)

Овқатланишдан аввал ва кейин албатта қўлларни ювиш.

“Тиб қонунлари” китобида қўлни ювиш, саломатлик гарови эканлигини сон-саноқсиз зикри ўтган. Айни шу тарғиб, муборак динимизнинг тарғиби ҳисобланади. Бизни динимизда ўн тўрт аср олдин кишини таомлангандаги қатор жиҳатларига жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эътибор қаратилган. Салмон Форсий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва ундан кейин қўл ювмоқдир”, деганлар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари). Айни шу тарғибларга амал қилмаганлар бугунги кунда ҳам бунинг натижасини кўришмоқдаки, бу касаллик пандемияга айланиб, барчани довдиратиб қўйди. Ғарб бўлсин, шарқ бўлсин юқумли касални олдини олишда ожиз қолишмоқда. Агар биз тозаликка риоя қилсак, покликни ўзимизга дастур қилиб олсак, соғлом бўламиз, ҳаётимиз хавф остида қолмайди. Охиратда ажр-мукофотга сазовор бўламиз.

            Уйқудан олдин ва овқатлангандан кейин, ибодатлардан аввал тишларни мисвок қилиш. Мисвок барчамизни кайфиятимизни кўтарувчи тиббий кўрсатма, сунатти санийянинг тарғиби, ажр-мукофотнинг омили саналади. Соғлом турмушга мисвокни қўйишимиз ҳам кишининг оғиз қисми қанчалик тоза ва покиза бўлса, унинг истеъмол қилган озуқаси ҳам шундай тасаввур қилиш мумкин. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мисвок этишга санаб ўтган фойдаларини ўн бешдан зиёда  ҳадиси муборак таърифида кўриш мумкин. Қуйида биргина ҳадисдаги таърифга қулоқ тутинг! Биргина мисвок Роббимизнинг розилигини олиб беряпти. Оғиз қисмимизнинг поклашликка омил бўляпти.    

Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир”, дедилар  (Имом Бухорий, Имом Шофеъий ва Имом Насаий ривоятлари).

Унутманг! Соғлом турмуш тарзининг фойдали хусусиятларини келтириб ўтсакгина сизда ҳам соғлом турмуш тарзига бўлган ишончингиз зиёда бўлса ажаб эмас! Айниқса, бу соғлом турмуш тарзи ҳозирги пандемия даврида ҳам кишига жуда катта парда, ўзини-ўзи асраш-авайлаш десак муболаға бўлмайди. Зеро, муҳтарам Юртбошимизнинг “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган чақириқлари ўзимизни асраш кафолати дея оламиз..

  1. Саломатлик, куч-қувват.
  2. Муваффақиятга эришиш.
  3. Касалликларни олдини олиш.
  4. Турли мураккаб вазиятларин енгиб ўтиш.
  5. Оила ва меҳнат жамоасида ўрнини топиш.
  6. Инсоннинг турли қирраларини ривожлантириш.
  7. Ҳаёт қийинчиликлари олдида ўзини йўқотмасликка ўрганиш.

 

(давоми бор)

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Read 2292 times

Мақолалар

Top