Мақолалар

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақларида сўз кетганида, у кишининг адолатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилади.

Ҳазрати Умар жамият ишларини бошқаришда халқчилликни йўлга қўйган эдилар. Аллоҳ таолонинг мўминлар васфида айтган “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур”  ояти каримасига амал қилиб, ўзига хос парламент – шўро мажлиси тузган эдилар. Бу мажлисга аъзо бўлувчи киши маълум талабларга жавоб бериши лозим эди. Энг бош талаб билимли бўлиш эди. У киши тузган шўро мажлиси жамиятнинг деярли ҳар бир соҳасидаги ишларини эркин баҳслашув орқали ҳал қилар эди.

Ислом адабиётида ишбошилар, хусусан, жамият томонидан унинг намояндаси қилиб тайинланган шахслар волий, амир, омил каби исмлар билан аталадилар. Хазрати Умар розияллоҳу анҳу волийлар ишига алоҳида эътибор бердилар. У киши волийларни оддий фуқародан устун кўрмас эдилар. Шу билан бирга, уларнинг масъулиятларини аниқлаб бериб, улардан ушбу масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш кўришларини қаттиқ талаб қилар эдилар. У киши амирликка номзод танлашни жойига қўяр эдилар. Шу билан бирга, ўзлари тайинлаган вазифадорга ўз шартларини яхшилаб тушунтирар эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз омилларини юборса, уларга: “Барзун (ясатилган от) минмайсизлар, нақий (яхши буғдой нон) емайсизлар, рақиқ кийим киймайсизлар, одамларнинг ҳожатидан эшикларингизни ёпмайсизлар, агар шулардан бирортасини қилсангиз, сизга албатта уқубат тушади”, деб шарт қўяр эди. Сўнгра уларни кузатгани чиқар эди. Қоидани  бузган амир ким бўлишидан қатъи назар, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонларидан кўриладиган чорага дучор бўлар эди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг кимликлари ҳаммага маълум. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари, жаннат башорати берилган ўн кишининг бири, Ислом учун жон фидо қилганлардан, Қодисия, Мадоин ва бошқа жойларда мусулмонларни ғалабага бошлаган музаффар лашкарбоши ва ҳакозолар. Лекин халифа ва волийлик масаласига келганда, орага ҳеч нарса туша олмас эди. Халифа Умар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг улуғ мартабаларига қарамасдан Куфа волийлигидан бўшат ди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзларига нисбатан ҳам талабчанликлари волийларга бўлган талабчанликларидан кўра анча устин эди. У киши ўзлари, оила аъзолари ва қариндошлари халифалик мансабини суиистеъмол қилмасликлари учун барча чораларни кўрар эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамияти бошлиғи сифатида халқ оммасининг қорнини тўқ, устини бут қилмасдан туриб, ўзларининг ҳам, оиларининг ҳам, омилларининг ҳам бошқалардан имтиёзли ҳолда бўлишларига ҳақлари йўқ, деб тушунганлар. Шунинг учун ҳам мазкур тоифалардан бошқалар ҳалол йўл билан топиб, еб-ичиб, кийсалар, тергаш ҳоллари мутлақо бўлмаган.

Ислом жамияти соясида яшайдиган ғайридинлар исломий истилоҳда “аҳли зимма” деб аталадилар. Яъни уларнинг дини, жони, моли ва бошқа жиҳатдан тинч омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Мусулмонлар “аҳли зимма”лар билан аҳднома тузганда, уларни ана шу нарсалар билан таъминлашни ўз зиммаларига олганлар.  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида бошқа масалалар каби бу масалада ҳам кўплаб янгиликлар содир бўлди.  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли зимма масаласида кишининг ақли лол қоладиган даражада ижтиҳодлар қилдилар. Буларнинг ҳаммаси Исломнинг умумий таълимотларига суянган ҳолда амалга оширилди. Бу соҳада асрлар давомида барча динлар, барча миллатлар ва барча жамиятларга ўрнак бўладиган ишларни қилдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир қари зиммий чолнинг масжид эшиги олдида тиланиб турганини кўриб қолди ва: “Сенга нисбатан инсоф қилмабмиз. Ёшлигингда сендан жизя олибмиз. Катта бўлганингда сени зое қилибмиз”, деди. Сўнгра байтулмолдан унга етарли нафақа жорий қилди.

Бир мусулмон ва бир яҳудий хусуматлашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Яҳудий ҳақ бўлиб чиқди. Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди. Шунда яҳудий унга: “Аллоҳга қасамки, ҳақ ила ҳукм чиқардинг”, деди.  “Сен қаердан билдинг?” деди Умар.

Биз Тавротда: “Қайси қози ҳақ ила ҳукм чиқарса, албатта, ўнг томонида битта, чап тарафида битта фаришта уни қувватлаб туради. Модомики, у ҳақда экан, ишини тўғрилаб турадилар. Қачон ҳақни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб, кўтариладилар”, дейилганини топамиз деди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илоҳий адолат уммонидан сув ичган адолатларини кўргандан кейин, ундан баҳраманд бўлгандан кейин яҳудий ҳам эриб кетиб, мусулмонлар халифасини алқашга ўтган. У яҳудийларнинг бошқалардан бекитиб юрадиган китоблари, яъни Тавротдаги ҳақиқатни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳукмида кўрганлигини эътироф этган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш адолатли ишларни ташвиқот учун қилмас эдилар. Балки буни вазифа, Аллоҳ таоло олдидаги бурч, деб ҳис этганларидан қилар эдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир одам у киши учун Аллоҳ таоло нозил қилган шариат ҳукми олдида баробар эди. Мусулмонми, зиммийми ёки бошқами, ҳазрати Умар учун барибир эди. Ҳақ ким тарафда бўлса, ҳукм ўшанинг фойдасига чиқарилар эди.

Ҳа, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Ислом жамияти раҳбари сифатида олиб борган ишларига бутун дунё қойил қолган ва ҳалигача қойил қолиб келмоқда.

Манбалар  асосида, Амударё тумани

Юсуф эшон бобо жоме масжиди имом-хатиби

Абдураҳмон Матсапоев тайёрлади.

Read 7668 times

Мақолалар

Top