Сўкинч ва ҳақорат инсоннинг кайфиятини бузиб, сўкиш эшитган одамни дили оғриб, кўнгли ўксийди.
Уйдаги фарзанд ҳам ота-онадан ҳамиша ширин сўз кутади. Зеро, яхши гапга илон инидан чиқади. Мусулмон кишиларнинг сўкиниши фазилат саналмайди, фосиқлик ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлашларича, “Сўкинишни бошлаган киши гуноҳкор бўлади, сўкиш эшитган эса, мазлум бўлади”. Ўзаро жанжаллашиб, одамлар бир-бирини ҳайвонлар номи билан атаб ҳақоратлаши ҳам динимиз талабига тўғри келмайди. Ҳатто ҳайвонларнинг ўзини, паррандаю даррандаларни ҳам сўкиш ман қилинган.
Расулуллоҳ: “Хўрозларни сўкманглар, зеро улар одамларни бомдод намозига уйғотадилар”, дея айтганлар ҳадисларда.
Ҳозирги кунда пана-пастқамларда эмас, жамоат жойларда айрим ёш яланг, оғзи бузуқ эркакларнинг сўкинишлари қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ижтимоий тармоқдаги суҳбатларда турли майда ва фитна гаплар ортидан сўкинишлар, ҳақоратлар бошланади. Ҳаттоки ота-онадан сўкинишгача етиб борадилар, ота-онадан сўкиш, ўз ота-онасини сўкиш билан баробар бўлган гуноҳи кабирадир. Қаердан туриб сўкинаётган бўлмасин гуноҳлигини албатта идрок қилиши керак.
Ўспирин ёшлар орасида ҳазиллашиб, бир-бирларини нолойиқ сўзлар билан аташ, ота-онасини қўшиб сўкиш ҳоллари кўп учрайди. Бундай тубан ҳазиллар ҳам тарбиясизлик оқибатидир. Сўкишни ишлатадиган одамлар, олий илм даргоҳини битирган бўладими, катта мансаб эгаси бўладими, яхши яшаб, яхши кийинган бўладими, ким бўлишидан қатъий назар беодоб фосиқ бўладилар. Чунки Расулуллоҳ: “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш куфрдир”, деганлар.
Шарият кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар, сўкувчилар тавба қилиб, ўзларини тузатиб олишлари керак. Биз мусулмонлар ўзимизнинг барча ишларимизда яхши сўзларни айтиб, ёмон сўз ва амаллардан қайтишимиз лозим. Ислом динимизнинг нафақат одамни балки ҳайвонни ҳам сўкишни ман қилади. Ёш болаларимизни шу руҳда тарбиялаб боришимиз, катталар ёшларга ўрнак бўлмоғимиз лозим.
ЎМИ матбуот хизмати