Мақолалар

Етимлар ва заифларга яхшилик қилиш

Араб тилида «етим» деб отаси вафот этган вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади. 

Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни ҳақиқий диндор деб бўлмайди.

Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» (177-оят).

Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Етимга яхшилик қилувчиларга катта ваъдалар эълон қилинган. 

Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда. Шулардан бири молу дунёсидан нафақа қилиш.

Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «...Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир» (220-оят).

Боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, ояти каримада ана ўшалар ҳақида савол берилмоқда.

 «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экани маълум бўлади. Чунки оятда:  «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.

Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир.Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, «Анъом» сурасидаги: «Етимларнинг молига яқин келманг...» ояти ва «Нисо» сурасидаги: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар» ояти ва бошқалар. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, ушбу икки оят туширилгандан кейин етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.

Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда:

«Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз».

Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса бўлгани.

«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади».

Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.

Тушунтириш учун айтиш керакки, етим–отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Ўша молларни етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўз молига, еб юбормаслик шарти билан, аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, бўлмаса,

«Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди». Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.

«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз».

Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У ҳикмат эгаси ҳам, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида айтади: «Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур» (2-оят).

Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўладилар. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун, кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди у ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги:

«Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча ила англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳаққига эътибор берилмайди, бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳаққига хиёнат авж олгандир. Исломда эса, уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.

«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига аралаштириб-алмаштирмаслик тушунилиши лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз мол деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Юқоридаги жумлани, уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. Яъни, кафил ўзига нопок бўлган молни олиб, ўрнига ўзининг ҳалол-пок молини берган-алмаштирган бўлади.

«Уларнинг молини ўзингизнинг молингизга қўшиб еманг».

Бу иборада ҳам етимларнинг ҳимояси  яққол кўриниб турибди. Кафиллар: «Мен шу етимга кафилман, унга қараяпман, тарбия қиляпман», деган маънодаги даъволар билан ўзларига топширилган етимнинг молларини ҳам ўз молларига қўшиб еб юбориш одати бор эди. Бу эса, етимга нисбатан катта зулмдир. Ояти карима етимнинг молини ейишни ман этяпти. Бу ишни катта гуноҳ деб эълон қиляпти.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида айтади: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10-оят).

Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчанлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қиёматда қоринларидаги у нарса оловга айланади.

«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар».

Сўнгра шу ҳолда–қоринларидаги олов алангалаган ҳолда дўзахга кирадилар.

«Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар».

Дўзах алангаси ҳам авж олиб туради. Демак, етим молини ноҳақ еган одам ичию ташидан ўт азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли!

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар», дедилар. «Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўралди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш», деб жавоб бердилар.

Машҳур тафсирчилардан ас-Суддий: «Қиёмат куни етимнинг молини еган одам оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам уни етимнинг молини еганлигини билиб олади», деган. 

Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифнинг–аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», деганлар.

Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтади: «Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли» (152-оят).

Етимнинг молини ейиш ижтимоий алоқаларни бузишдир. Етим заиф ҳол бўлгани учун жамият уни ҳимоя қилиши керак. Етимнинг молини ноҳақ еган одам унинг ҳаққига зулм қилган бўлади, шу билан бирга, жамият ҳаққига ҳам зулм қилади. Чунки молсиз қолган етимни энди жамият боқиши керак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас. Магар яхши йўл билан бўлса, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб вояга етганда унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли.

Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида айтади: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят).

Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.

Аллоҳ таоло «Моъуун» сурасида айтади: «Охират(жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? У етимни қўполлик билан ҳайдайдир» (1-2-оятлар).

Охират жазосини ёлғонга чиқарувчи нобакор киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.

Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди.

Бева ва мискинларга хизмат кўрсатиш савоб ишдир. 

Исмоил ибн Умайяядан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир.

Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради», деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди».

 Ушбу ҳадисдан бева, тул, мискин, фақир кишилардан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, уларга ўзлари муҳтож бўлиб турган нарсаларда ёрдам бериш учун қилинган ҳаракатлар улкан савобли ишлардан бири эканлигини тушуниб оламиз.

«Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир».Бева-бечоралар, тул, етим-есирларга эҳсон қилиш, ёрдам бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш Исломда ана шундай улуғ иш ҳисобланади.

Албатта, Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод қилишдек савоб иш йўқ. Бироқ, бева, тул, мискин, фақир кишиларга ёрдам бериш, уларнинг ҳожатини чиқариш билан ҳам ўшандай савобга эга бўлиш мумкин экан.

Шунингдек, кечаларни бедор бўлиб, нафл намозлар ўқиб, Аллоҳга илтижо қилиб ўтказишнинг савобини ҳам бева-бечораларга, фақир-мискин, тул, етим-есирларга хизмат қилиб, уларга ёрдам бериб ҳам топиш мумкин экан.

Нафл рўзаларни тутиб юришга тенг келадиган улкан савобни ҳам юқоридаги амалларни қилиб топиш мумкин экан.

«Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради», деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди».

Етимнинг риоясини қилиш, унга кафил бўлиш, боқиш, таъминлаш кишини жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдек буюк бахтга муяссар қиладиган улуғ бир амаллардандир.

Демак, ота-онасиз қолган етим болани ўз қарамоғига олиб, уни кийдириб, едириб-ичириб, тарбиялаб, вояга етказган одам жаннатда бўлар экан, жаннатда бўлганда ҳам жаннатнинг энг олий мақомида – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга туришга мушарраф бўлар экан.

Шунинг учун мўмин-мусулмонлар етимларнинг ҳолидан хабар олишга, уларга ёрдам бериш, тарбиялашга катта аҳамият беришлари керак.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади.

Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан» деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар».

Шарҳ: Етимга яхшилик қилиш, етимнинг бошини силаш, унга хайр-эҳсон қилишнинг нақадар улуғ бир мақом эканлиги, қанчалик буюк бир мартаба эканлигини ана шу сўзлардан билиб олсак бўлади.

Албатта, одамнинг бошидаги сочнинг саноғига етиш қийин. Бироқ, етим болага бошқа ҳеч қандай ёрдам бермаса ҳам, унинг бошини меҳр билан силаб қўйишнинг ўзи беҳисоб савобга муносиб амал экан. Энди етимнинг бошини силаш билан бирга уни тарбиялаган, едириб-ичирган, кийинтирган, бошпана берган, иймон-эътиқодни, тақво, ибодатни ўргатган кишига ёзиладиган ҳасанотларнинг миқдорини ўзингиз чамалаб кўраверинг...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси ундаги етимга яхшилик қиланадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир», дедилар.

Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб:

«Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз» дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши етимга одоб бериш ҳақида «Мен етимга чўзилиб қолгунча уриб бўлса ҳам тарбия бераман» деганлар. Етимнинг кўнгли ярим, унинг бошини силаш керак экан деб, унинг беодоб, аҳлоқсиз бўлиб қолишига шароит яратиб қўйиш керак эмас. Албатта, дастлаб ширин сўз билан, мулойимлик билан таълим-тарбия, одоб-аҳлоқ беришга ҳаракат қилинади. Бироқ, бола бунга кўнмаса, тарбияси бузилиб бораверса, шариатимиз уни ҳатто уришга ҳам ижозат берган экан.

Сумайяя Аткийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида етимга одоб бериш ҳақида гапирилди. Шунда у: «Мен етимни тўғри йўлга кириб, адаб олгунича ураман», деди».

Демак, етим бола гапга кирмаса, одобсиз бўлса, уни уриб бўлса ҳам тарбиялаш керак. «Етимга тегмаслик керак, уни хафа қилмаслик керак», деган нотўғри тушунча билан унинг беодоб бўлиб кетишига, ёмон йўлларга кириб кетишига сабаб бўлиб қолмаслик керак. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боқиб олинган етим болага одоб бериш учун урадиган даражани гўзал тарзда ифода қилибдилар.

Дарҳақиқат, ҳеч кими йўқ болани уришга ҳамманинг ҳам кўнгли боравермайди. Бироқ, одобсизлик қилса, ўз фарзандини ҳам урадиган даражага борса, етим болани ҳам уриб, тарбия қилишга шариатимиз рухсат берган экан.

Демак, шариатимиз етим болага худди ўз фарзандимиздек муносабатда бўлишни талаб қилар экан. Ўз боласини эркалатган киши етимни ҳам эркалатиши, ўз боласига нимани раво кўрса, етимга ҳам шуни раво кўриши лозим экан. Худди шунингдек, ўз боласини уришга қўли кўтарилмаган киши етимни ҳам урмаслиги, урса, ўз боласини ҳам урадиган иш қилганда уриши мумкин экан.

Исломда етимпарварликка алоҳида эътибор берилганини ушбу саноқли ҳадис ва ривоятлардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Мусулмон уммати ўз тарихи давомида етимлар риоясини қоил қилиб ўринлатиб келганлиги ҳаммага маълум. Бунга жаҳон уришидан кейинги даврда халқимиз қўрсатган етимпарварликни мисол қилсак бўлади.

Етимни қарамоғига олиш учун, албатта, фарзандсиз бўлиш шарт эмас. Балки, ўз болалари бор кишилар етимларни оиласига қабул қилсалар ва уларнинг ўз фарзандлари қатори бошини силасалар жуда яхши бўлади. 

Ал-Бадр жоме масжиди имоми хатиби Холмуродов Одил

Read 3985 times

Мақолалар

Top