Мақолалар

Пандемия даврида буюк табиб меросини ўрганяпмизми ёхуд болалар учун Ибн Сино қолдирган маслаҳат...
Устозларимизнинг «Худо бизга алломалардан берган. Қаранг, Ал-Бухорий вафот этган 870 йилда яна бир аллома Имом Мотуридий таваллуд топган. Алгебра, бу - алжабр дегани, Хоразмий, Медицина, бу - мадади Сино, Ибн Сино бобомиз» деган фикрлари ҳали ҳам қулоғимиз остида жаранглайди.
 
Дунё табобатида елка суягининг чиқишини оддий босиш билан даволаш усули ҳозиргача «Авиценна усули» эканлиги, умуртқани ёғоч мослама ёрдамида тузатиш усулини Ибн Синодан сўнг XV асрга келиб француз табиби Кало қайта кашф этганлиги, табобат тарихида илк бора вабо билан ўлатни фарқлаб, уларни алоҳида (карантин) даволашни бошлаган, сариқ касаллиги, мохов, қизамиқ, сувчечак, куйдирги, зотилжам, менингит, захм, ошқозон яраси каби касаллик белгилари ва кечиш жараёнини тўғри тасвирлаган буюк табиб ҳаёти ва бой меросини ўрганяпмизми?” деган масъулият ҳамон долзарб. Айниқса, ҳозирги COVID-19 ҳолатида...
 
ЕТУК ТАБИБ ҲАҚИДА
 
Мовароуннаҳрда туғилиб, Марказий Осиё халқлари маданиятини дунё маданияти тамаддунига айлантирган буюк мутафаккирлардан бири - Абу Али ибн Сино бўлиб, у Европада «Авиценна» номи билан машҳурдир. Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида, 980 йилнинг сафар ойида, амалдор оиласида туғилади. 986 йилда Ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вақтдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади. Табибнинг ёшлиги, йигитлик чоғлари Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йиллари, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний ҳукмронлиги даврига (976-997) тўғри келади.
 
Ибн Сино 10 ёшидаёқ Қуръонни ёд олиб, 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдуллоҳ Нотилий раҳбарлигида фалсафа, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотел, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди. 16-17 ёшидаёқ Ибн Сино машҳур табиб — ҳаким бўлиб танилади.
 
САРГАРДОНЛИК ВА ИЖОД
 
Тарихдан маълум, 999 йилда Бухоро Қорахонийлар томонидан забт этилгач, Ибн Сино Бухородан чиқиб кетади ва маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга боради, у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги олимларни бирлаштирган ўз замонасининг академиясига қабул қилинади. У ерда Беруний, Ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишади. Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонликда юришга мажбур бўлди. Журжон шаҳрига келган Ибн Сино ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишади. Ҳамадондаги вазирлик чоғида ҳоким билан келиша олмай, 4 ой мобайнида қамоқда сақланади.
 
Буюк табиб 1023 йилда Исфаҳонга қочади ва бутун умрини илмий ижодга бағишлаб «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалар яратади. Унинг «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси эса сўнгги йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлади. Ота юртдан узоқда Исфахон, Рай, Ҳамадон шаҳарларида сарсонликда юрган буюк табиб 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этади.
 
АЛЛОМА МEРОСИ
 
Табибнинг ҳаёт йўли шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Сино таржимайи ҳолида Форобийнинг «Метафизика мақсадлари», «Фусус ул-ҳикам» каби муҳим рисолаларини қунт билан ўрганганлиги, улардан кенг фойдаланганлигини таъкидлаб ўтади.
 
Буюк ватандошимиз асарлари 450 дан ортиқ бўлиб, таассуфки, бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган холос. Кўп асарлари турли фалокат ва сарой фитналари оқибатида йўқолган. Ибн Сино асарларининг асосий қисми ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тили, баъзилари эса форс тилида ёзилган. Унинг бизгача, маълум бўлган катта асари «Китоб уш-шифо» (Шифо китоби) 22 жилддан иборат бўлиб, унда мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар ёритилган. Афсуски, 20 жилддан иборат бўлган «Китоб ул-инсоф» (Инсоф китоби) Исфаҳондаги ёнғин сабаб бизгача етиб келмаган. Олимнинг «Китоб ун-нажот» (Нажот китоби), «Китоб лисон ул-араб» (Араб тили китоби), «Донишнома» форс тилида ёзилган бўлиб рус тилига таржима этилган. Бу китобларни ўзбек тилига тўлалигича таржима қилиш эса, бугун елкамиздаги улкан маънавий қарз.
 
Буюк табиб табобат масалаларини оммабоп ҳолда назм билан изоҳловчи «Уржуза» номли тиббий асар яратди. Булардан ташқари, кимё, минералогия, астрономия, математика, ўсимлик дунёси, геологик жараёнларни ўрганиш соҳасида ҳам у янги-янги фикрларни олға сура олди. Ибн Синонинг “Китоб ал-қонун фит-тибб («Тиб қонунлари»), «Китоб ул-қуланж» («Ичак санчиқлари»), «Китоб ун-набз» («Томир кўриш ҳақида китоб»), Фуж ул-тиббия жориа фи мажлисиҳ” («Тиб ҳақида ҳикматли сўзлар»), «Тадбир ул-манзил» («Турар жойнинг тузилиши»), «Фил-ҳиндубо» («Сачратқи ўсимлиги ҳақида»), «Рисола фи-дастур ит-тиббий» («Тиббий кўрсатмалар ҳақида») каби асарлари мавжуд.
 
«ТИБ ҚОНУНЛАРИ» КИТОБИ
 
Биринчи китоб ўз-ўзидан медицина оламига кириш қисми бўлиб, унда тиббиётнинг назарий асослари, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, киши анатомияси ҳақида кишини таажжубда қолдирувчи қисқача очерк ва бугунги гигиена ҳақида гап боради.
 
Иккинчи китобда 800 га яқин дорининг хусусиятлари, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган. Ибн Сино биринчи бўлиб симоб, унинг бирикмаларини дори қилиб ишлатишни тавсия этади, шаробни қувватга киритувчи, жароҳатларни тозаловчи дори сифатида ишлатади.
 
Учинчи китобда бош мия, нерв, кўз, қулоқ, бурун, томоқ, қорин, тиш, юрак, жигар, буйрак касалликлари батафсил таҳлил қилинади. Ҳатто айрим органлар, ҳатто соч, тирноқ касалликларини даволаш усуллари баён этилади.
 
Тўртинчи китоб организмнинг умумий касалликларига бағишланган. Унда иситмалар, ўсмалар, уларнинг сабаби, хирургик касалликлар (суяк синиши, чиқиши, жароҳатланиш) ва уларни даволаш усуллари, ҳар хил дорилардан заҳарланиш ва бунда кўриладиган чоралар, чечак, қизамиқ, мохов, тоун, вабо ва бошқа юқумли касалликлар ҳақида маълумот берилади.
 
Бешинчи китобда мураккаб дориларнинг организмга таъсири, уларни тайёрлаш, истеъмол қилиш усуллари баён қилинган. Қисқаси, бу китоб доришунослик илми - фармакологияга бағишланган.
 
«Тиб қонунлари» қарийб 1000 йил мобайнида ҳакимлар учун асосий қўлланма бўлиб келди. Ўрта асрларда бу китоб Шарқдагина эмас, балки Ғарб талабалари учун ҳам тиббиётдаги ягона ишончли манба бўлиб хизмат қилди.
 
БОЛАНГИЗ ТАЪТИЛДА ДОИРА ЧАЛСИН!
 
Абу Али Ибн Сино бемор болани даволамоқчи бўлибди. Аммо бола вафот этибди. Боланинг танасини очиб кўрган табибнинг кўзи боланинг юрагини қоплаган пардага тушибди. Айнан шу парда юракни уришдан тўхтатиб қўйган экан. Бу ҳолдан афсусланган Ибн Сино шундай деган экан: «Агарда шу болага уриб чалинадиган мусиқа асбоби (доира) ёки танбур чалишни ўргатганимда, бу ҳолат умуман вужудга келмаган, бола ўлмаган бўларди».
 
Ёзги таътилда, айниқса карантин пайтида фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун бу табиб бобомиздан беминнат маслаҳат. Бу нафақат фарзандларимиз, балки доира ёки танбур садосини эшитган барча қулоқлар учун шифо. Бу XXI асрда яшаётган биз авлодларга Ибн Синонинг мурожаати аслида.
 
Жонибек Шуҳратов,
«Тафаккур» ёшлар тарғибот
маркази раҳбари
Read 2455 times

Мақолалар

Top