Мақолалар

Фарзанднинг ҳақи, оталик мажбурияти — алиментнинг ҳуқуқий ва диний асослари ҳақида

Ота-она ўзаро келиша олмади. Оила биргаликда яшашни тўхтатди. Фарзандлар эса онаси ёки бобо-бувиси билан ёхуд отаси билан яшашни давом эттиради. Ажримдан сўнг ота ва она ўз йўлини топиб кетар, аммо ҳар қанақасига болаларга осон бўлмайди.

 

Мана шундай вазиятда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг моддий таъминоти учун давлат томонидан алимент ундириб берилади. Алимент бу – ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш мажбурияти ҳисобланади.

Биз айни мавзунинг ҳуқуқий ва диний томонлари юзасидан тўлиқроқ маълумот олиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Улуғбек Ашуров ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековга мурожаат қилдик.

Дастлаб алиментга оид қонунчилик талабларига тўхталиб ўтсак.

МИБнинг ҳар тўртта ундирувидан биттаси – алимент

Алимент тўловлари аввало болаларнинг таълими, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайишига хизмат қилади, дейди МИБ бўлим бошлиғи Улуғбек Ашуров.

Улуғбек Ашуров

У берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Мажбурий ижро бюросида иш юритувидаги 992 мингдан ортиқ ижро ҳужжатларининг 245 мингдан ортиғини (24 фоизи) алимент тўловларига оид ишлар ташкил қилади. 2019 йилда эса 224 минг ижро иши алиментга доир бўлган.

МИБга 1 июлгача келиб тушган 58 500га яқин мурожаатнинг 39 мингдан ортиғи, яъни 66 фоизи ҳам алиментга оид мурожаатлар ҳисобланади.

126 710га яқин алимент қарздорлари тўловларини ўз вақтида тўлаб келаётган бўлса, 58 190га яқинининг ижро ҳужжати бўйича алимент пуллари давлат ижрочилари томонидан қарздорларга мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш орқали ундириб келинмоқда.

Демак, 58 190га яқин алимент тўловчи алимент пулини ўз хоҳиши билан тўламайди.

Ота ўз даромадини яширса

Алимент тўловчи ўз даромадини яшириши ҳолатлари талайгина. Бунда агар қарздор ота иш ҳақини камайтириб кўрсатган бўлса, МИБ ходимлари иш ҳақи кўрсатилган ҳужжатга қараб иш тутишга мажбур, бироқ иш ҳақи алимент пулига етмаса, унда қарздор отанинг мол-мулкига қаратилади. Ва алимент пули отанинг мол-мулкига қараб ундирилади.

Яраштиришга ҳам ҳаракат қилинади

«Оилавий муносабатларни тиклаш, фарзандлар учун алимент тўлаш, алимент ундирувидаги қарздорлик масалаларини ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги яхши самара беради.

Бюро органлари ижрочилари томонидан алимент тўловлари бўйича қарздор ва ундирувчилар билан ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида 1 июлга қадар 1463та ижро ҳужжати юзасидан тарафлар ўзаро яраштиришга эришилган. 2019 йилда эса 12 912та оила яраштирилган», – дея маълум қилди Улуғбек Ашуров.

Карантин чекловларининг алимент тўловларига таъсири?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов пандемия бошлангач, қатор корхоналар фаолияти тўхтатилиши туфайли ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашганини маълум қилган эди. Бу алимент олувчи болаларнинг моддий таъминотига ҳам таъсир қилиши аниқ.

«Бундай вазиятда агар қарздорнинг имконияти бўлмаса, алимент пули карантин вақтида фарзанд учун нечоғлик муҳимлигини тушунтириб, масъулиятини ошириш йўлларини кўрамиз, шунақа тадбирлар давомида баъзида бобо-бувилар ҳам невараси учун алимент пулини тўлашга ёрдам берган ҳолатлар ҳам бўлган», – дейди Улуғбек Ашуров.

Алиментни олдиндан тўлаб қўйиш ҳам мумкин

Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомда алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгиланган.

«Қарздор оталар фарзандлари учун улар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлмаган муддатга алиментларни олдиндан тўлаши мумкин. Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади», – дейди Ашуров.

Алимент тўламаган шахс жавобгар бўлади

Алимент тўлашдан бўйин товлайдиган қарздорларни жавобгарликка тортиш белгилаб қўйилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. Қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам алимент тўлаш мажбурияти бажарилмаса, бу уларни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Исломда боланинг ота-онадаги ҳақи ҳақида

Боланинг ота-онаси томонидан таъминланиши қонунчилик билан белгилаб қўйилганидек, Исломда ҳам боланинг ота-онадаги ҳақи аниқ кўрсатилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков маълумот берди.

4RL4jAYSyP-CzFaA_Z58i863i6CZXJsN.jpg (1594×891)
Ҳомиджон Ишматбеков

— Ислом дини болаларга ғамхўрлик қилиш ва уларнинг барча ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилишга чақиради. Фарзандга бўлган бу эътибор нафақат у дунёга келгандан кейин, балки туғилмасидан олдин бошлаб юборилади ва бу эътибор фарзанд ҳаётининг барча даврларини ўз ичига олади. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурий ҳисобланади.

Уламоларимиз айтадиларки, болаларнинг ҳуқуқлари икки қисмга бўлинади: бола туғилишидан олдинги ва бола туғилганидан кейинги ҳақлари.

Бола туғилишидан аввалги ҳақлар

1. Насаб. Ота-онасининг никоҳланиши ортидан дунёга келиши. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш. Оила қуришда ота-онанинг диндорлигига, ахлоқига, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки ота-онадаги хислат ва фазилатлар, ёмон одатлар болага ҳам ўтади.

Бола туғилганидан кейинги ҳақлар

– эмизиш;

– муносиб исм танлаш;

– нафақа. Болаларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой билан таъминлаш – отанинг бурчи. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши шарт.

– таълим-тарбия бериш;

– болага меҳр кўрсатиш;

– болалар орасида адолат қилиш.

Фарзанд нафақаси – ота зиммасида

Ҳозирги кунда кўп учрайдиган ҳолатлардан бири шуки, эрлар хотинига аччиқ қилиб болаларидан юз ўгиряпти, уларнинг ҳолидан хабар олмай нафақасиз қолдирмоқда. Ваҳоланки, шариат ўғил болалар вояга етгунича, қиз болалар ва ногирон фарзандлар эса балоғатга етганда ҳам уларнинг нафақасини отанинг зиммасига вожиб қилган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 233-оятини «У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасида», – дея нозил қилган.

Бу ояти карима оилада талоқ содир бўлиб эр-хотин ажрашиб кетган ҳолатда ўртада қолган болаларнинг, хусусан, эмизикли болаларнинг тақдири нима бўлиши, уларнинг нафақаси кимнинг зиммасида бўлиши ҳақида нозил бўлган.

Болани эмизгани сабаб онанинг нафақаси боланинг отаси зиммасига юклатилганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш ҳам отанинг зиммасида эканига ҳеч шубҳа йўқ. Боланинг нафақаси отанинг зиммасида экани ҳақида Фатовои Ҳиндия китобида: «Балоғатга етмаган болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ўрнини босмайди)», – дея ёзилган.

Ота фарзандлари хоҳ ўзининг қарамоғида бўлсин, хоҳ бошқа жойда бўлсин, уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, таълим-тарбия, даволаниш ва бошпанага бўлган эҳтиёжини ўзининг имкониятига қараб таъминлаши кераклиги уларнинг зиммасидаги вожиб бўлган бурчидир.

Ҳозирги кунда тегишли органлар томонидан белгиланаётган нафақалар (алимент)дан ота бош тортиши жоиз эмас, балки боласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш унинг бурчидир. Аҳли аёл ва болаларни нафақа билан таъминлаш Аллоҳ учун қилинса, савоби улуғ ишлардан ҳисобланади.

Фарзанд таъминотига оғринган оталар ҳақида

Ота зиммасига шариат томонидан юкланган вазифасини имкони бўла туриб бажармасдан камчиликка йўл қўйса, яъни болаларини нафақасиз оч-наҳор қолдирса, болаларга нисбатан зулм қилган бўлиб, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Абдуллоҳ ибн Амир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз қарамоғидагиларни таом бермай зое қилмоғлиги гуноҳкор бўлишига кифоя қилади», деганлар.

Яъни, киши зиммасида уларга нафақа бериши лозим бўлган инсонларга: хотинига, болаларига ва муҳтож бўлган ота-онасига нафақасини бермай уларни оч-наҳор ҳолатда ҳалокатга ташлаб қўйилиши, гуноҳкор бўлишига етарлидир.

Фиқҳий китобларимизда бундай кишларни ўз ҳолига ташлаб қўймасдан уларни жазога тортиш ҳақида ҳукмлар келган. Хусусан, Фатовои Ҳиндия китобида шундай дейилган: Агар ота касб қилиб болаларига нафақа қилишдан бош тортса, касб қилишга, нафақа қилишга мажбурланади, шундан ҳам бош тортса ҳибсга олинади. Агар ота касб қилишга қодир бўлмаса, қози унинг зиммасига нафақани юклайди, ота нафақа топгунча онага эрининг номидан нафақа учун қарз олиб туришга рухсат беради. Ота пул топиб ана шу қарзларни узади.

Ҳудди шунингдек, ота болаларининг нафақасига етадиган моли бўла туриб болаларининг нафақасини бермаётган бўлса, қози отанинг зиммасига нафақани юклайди, она ота нафақа бермагани учун ёнидан болаларига сарфлаган нафақасини отадан ундириб олади. Худди шунингдек, қози отанинг зиммасига нафақани юклаганидан сўнг ҳам ота болаларини нафақасиз ташлаб қўйган бўлса, она қозининг буйруғи билан отанинг номидан қарз олган бўлса, бу қарзларни ҳам ота тўлайди.

Умуман олганда, ота тирик экан, болаларини балоғатга етгунича озуқасиз, уст-бошсиз, дори-дармонсиз ва бошпанасиз ташлаб қўйишга шариатимиз рухсат бермайди.

kun.uz

Read 3120 times

Мақолалар

Top