Мақолалар

“ИТОАТ ҲАМ – ИБОДАТДИР”

Бир тафаккур қилайлик... “Бирни қараб шукр қил, бирни қараб фикр қил” деганларидай, миллатига, динига, ирқига, жинсига, ижтимоий ҳолатига, турар жойига, ёшига қарамасдан, инсон зотини аямасдан, коронавирус безовта қилаётган ҳолатлардан ҳар қандай ақлли одам ўзига ўзи тўғри, етарли ва ақлли хулосасини чиқариб олади.

Энди ушбу коронавирус COVID-19 балосидан ҳам, бошқа иллатлардан ҳам ўзимизни, оиламизни, юртимизни асрашимиз учун “Асранганни асрайман” деган Буюк Парвадигори оламнинг амрига, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсияларига амал этиб, аввало раҳбарларимизга бўйсунишимиз лозим. Ишлаб турган соҳамиздан, эгаллаб турган лавозимимиздан, эришган мавқеимиздан қатъий назар.

Шу билан бирга COVID-19 коронавирусини оддий кўз билан кўриш иложиси йўқ бўлиб, фақатгина микроскоп кўзи билан кўриш мумкинлигидай, иллатларни ҳам оддий кўз билан қараб эмас, балки ҳар бир ишимизга қалб кўзимиз билан қарасакгина, муҳтарам Юртбошимизнинг иборалари билан айтганда, ҳалоллик вакцинаси билангина даволансак бўлади.

Исломда мусулмонлар ўз раҳбарларига, айни ҳозирги ҳолатда ҳар бир киши табиб-шифокорлар кўрсатмаларига ҳам қатъий риоя этишлари зарур ва шарт! Ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича шифокорлар қандай йўл-йўриқ ва тавсиялар беришса, уларга ҳеч қандай эътирозсиз амал қилишимиз лозим. Зеро, ояти каримада: Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! – деб марҳамат қилинади (Нисо сураси 59 оят).

Имом Ибн Жарир Табарий ояти каримадаги “ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга”нинг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг: “Улар сизлардан бўлган амирлар”, – деб изоҳ берганини ривоят қилган (“Тафсири Табарий” 8-жуз, 492-бет).

Аҳли сунна ва жамоа ақидасини баён қилувчи мўътабар манбаъларидан бири ҳисобланмиш “Ақидатут-таҳовия”да ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб, шундай дейилган: “Имомларимиз, бошлиқларимиз агарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқиш мумкин, деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз, деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.

Пешқадам уламоларимиздан бирлари ҳисобланувчи – Имом Абу Жаъфар Таҳовий ушбу жумлалари билан бўйинсинувчи инсон ва раҳбар муносабатларига доир, аҳли суннанинг муҳим масалаларига урғу бермоқдалар. Унга кўра тинч аҳоли томонидан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам, итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.

Имом Таҳовий ҳазратлари айтган ушбу матнга кўплаб саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. Жумладан Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар: “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қулоқ солинглар ва бўйсунинглар! Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаший бошлиқ этиб тайинланган бўлса ҳам”, – деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Динимизда итоат бежиз ибодат даражасига кўтарилмаган. Чунончи, шоир айтганидек:

Ибодат не? Яратганга итоат ҳам – ибодатдир,

Ҳақиқий бандалик бирлан садоқат ҳам – ибодатдир.

 

Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир мўмин-мусулмон ортиқча ваҳимага берилиб, саросимага тушмасдан, динимизга ҳам, қонун-қоидаларимизга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам, шарқона одоб-ахлоқимизга ҳам тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилмасдан, балки уни ўрнига доно халқимизнинг “Сабрнинг таги – роҳат” деган нақлларини ёдимизда тутиб, ўзимизга ҳам, оила аъзоларимизга ҳам тозалик-озодаликни лозим тутиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя этсак, иншоаллоҳ, бу бало тезда юртимиздан даф бўлади.

Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини эсимиздан чиқаришга асло хаққимиз йўқ:

“Ким мусулмонларнинг дардини ўз дарди дея билмаса, улардан эмас” (Имом Табароний ривоятлари);

“Энг фазилатли ибодат – бошига тушган бир қийинчиликнинг кеткизилишини дуо қилиб кутишдир” (Имом Термизий ривоятлари);

“Аллоҳ таоло Ундан ҳеч нарса дуо қилиб сўрамайдигандан ғазабланади” (Имом Термизий ривоятлари);

“Садақа балони қайтаради”;

“Кимики доимо Аллоҳга истиғфор айтиб юрар экан, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини унга кўрсатади. Мусибатларини енгиллаштиради (кўтаради) ва кутмаган тарафидан мерос (неъмат, ризқ) жўнатади” (Имом Абу Довуд ривоятлари);

“Икки дуо борки, у дуолар билан Аллоҳ орасида қабули учун ҳеч бир парда йўқ. Бири – мазлум(зулмга учраган)нинг дуоси; иккинчиси – мўминнинг бошқа мўмин биродари ҳақига қилган махфий дуоси”;

“Дуо бошга келган ва келмаган ҳар нарсага қарши фойдалидир. Қазо(тақдир)ни фақат дуо олдини олади. Инчунин, дуога маҳкам ёпишинг!” (Имом Термизий ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! Парвардигори оламнинг бундай саноқли синовли кунларида юртимизнинг, эл-халқимизнинг, маҳалламизнинг, оиламизнинг, қариндошларимизнинг, қўшниларимизнинг, дўстларимизнинг, яқинларимизнинг, Ер юзидаги барча инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик...

Шундай экан, бундай кунларда вақтимизнинг қадрига етиб, Қуръон тиловати, илм-маърифат билан шуғулланиш, зикру тасбиҳлар каби эзгу ва савоб амаллар билан машғул бўлишимиз айни муддаодир.

Азизлар! Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини  олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинган. Ушбу Фатвода қуйидаги жумлалар келтирилган: “Аслида, касаллик Аллоҳ таоло томонидан бандаларига юборилган бир синовдир. Унинг юқиши ҳам Аллоҳ таолонинг изни-иродаси билан бўлади. Шундай бўлса-да, шариатимиз бизларни касалликдан ҳимояланишимизга буюрган. Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади: Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).

Бу оятда ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тўхташга буюрилган.

Абу Саъид Худурий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "لا ضرر ولا ضرار"

(رواه الإمام ابن ماجة والإمام الدارقطني).

яъни: “ Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.

Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда:

درء المفاسد مقدم على جلب المصالح

яъни:  “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”;

المشقة تجلب التيسير

яъни:  “Машаққат енгиллатишни талаб этади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариъат инсонга зарар етиши эҳтимоли кучайган пайтда ўз кўрсатмаларини енгил тарзда бажаришга рухсат беради.

Ҳадиси шарифда вабо чиққан жойга кирмаслик, агар ўша ерда бўлса, у ердан чиқиб кетмаслик буюрилган. Бу касалликни олдини олишнинг энг яхши чорасидир. Бунинг устига жамоат жойлари ва бошқа катта тадбирларда бу вируснинг тарқалиш эҳтимоли катта бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга риоя қилишга чақиради:

  1. Юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига пешин намозини уйда ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар...”.

Мазкур Фатводан келиб чиқиб, жамоат намозлари, жума намози, жанозадан бошқа диний маросимлар вақтинча тўхтатилди. Чунки, кўп одамлар йиғиладиган тадбирлар карантин талабларига тўғри келмайди ва касаллик тарқалишига сабаб бўлади.

Ихлос билан, бу синовлардан тез кунларда халос бўлишни Аллоҳ таолодан сўраб, дуо қилсинлар”.

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз фаровонлиги, масжиду мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида ҳамма мутасаддийларнинг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллох таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Парвардигори олам барча беморларимизга Ўзи шифо берсин! Коронавирус инфекциясини тез ва қисқа фурсатда даф этиб, турли бало-қазо, офату кулфат, туҳматлардан, ёмон кўз, ёмон сўзлардан, фитналардан, дардлардан, иллатлардан, турли вируслардан Ўзи асрасин! Деҳқончиликларимизга, касбу корларимизга Худоим таолонинг Ўзи барака, файз-футуҳ ато этсин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочинлик, маъмурчилик насиб қилсин!

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рухлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов

Read 3035 times
Tagged under

Мақолалар

Top