Мақолалар

Ҳазрат Навоий нега уйланмаган?

Нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон шеъриятининг улкан намояндаси ҳазрат Навоийнинг эл-юрт ташвиши ва қайғусида кечган ҳаёти, яратган илмий ва бадиий дурдоналарини кўз олдимизга келтирганимизда бу даҳо ижодкорнинг ҳам шахсияти, феъл-атвори, яшаш тарзига, айниқса, оила қуриб рўзғор тебратишга унамай яшаганига оид мулоҳазалар ва баъзи бир изоҳталаб тарихий маълумотлар устида ўйланишга мажбур бўласиз. Нима бўлганда ҳам шу мавзу кишилар диққат марказида экан, бир тадқиқотчи сифатида мазкур саволларга жавоб топиш учун изланишга киришдим.

Бу борада шўро даври навоийшунослари ва тадқиқотчи олимлари даҳо шоирнинг ҳаёти ва шахсиятига доир кўплаб маълумотларни эълон қилган. Бироқ уларнинг баъзи бирлари рост гаплар бўлса, айримлари тўқима-уйдирмадан бошқа нарса эмас. Тўғри, Ҳазрат навоийнинг бир умр оила қурмай ўтгани тарихий ҳақиқатдир.

Айни масала шу вақтга қадар кўплаб баҳс-мунозаралар, чалкаш ва хато қарашлардан холи бўлмади. лекин масала асл баҳосини ва ечимини топмасдан қолиб келаверди. Ҳатто нозиктаъб ва инжакўнгил шоирни синаб кўриш ва ҳақиқатни билишга уринишлар бўлганлиги ҳақида турли-туман жоиз-ножоиз нақл ва ривоятлар тўқилгани покдомон, номусли зот шаънига қарата отилган маломат тоши ёхуд чиройли тарзда тўқилган бўҳтонлардан бошқа нарса эмас экан.

Шу ўринда далилларга мурожаат қиладиган бўлсак, тарихчи Зайниддин Восифий “Бадойеъ ул-бақоеъ” китобининг 14-бобини Алишер Навоийнинг мизожи нозик ва латофатига бағишлаб, 16-бобда унинг нафсоний шаҳват ва руҳий лаззатга майл-хоҳиши йўқлиги, лекин оила қуришга лаёқати бўлганини билдиради. Амир Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро” китобида ҳазрат Навоийни “Низомиддин” нисбасини олган миллат ва диннинг низоми, деб улуғлайди. Абдураҳмон Жомий “Баҳористон” асарида: “аммо шариф хотири (Алишер Навоийни айтмоқчи – Б.Э.) тавозеъ ва ўзи камсуқумлик фазилатларига андоқ берилганким, ўзини шу тоифа қаторида кўрар. Дунё лаззатларидан ўзларини четга тортганлар…”, деб келтиради. Ҳазрат Навоий билан деярли бир замонда яшаган Заҳириддин Бобур “Бобурнома”да: “Алишербекнинг мижози нозук била машҳурдур. Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эрдилар. андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий экандур. Самарқандда эрканда ҳам ушмундоқ нозук мижоз экандур”, деб таърифлаб унинг уйланмай ўтганини: “Алишербек… ўғил ва қиз ва аҳлу аёли йўқ, оламни тавре фард ва жарийда (якка-ёлғизлик) ўткарди”, деб маълумот ўрнида келтиради. Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарида: “Мир Алишернинг нозикликдан ва тез ранжишликдан бошқа айби йўқ эди”, деб ёзилади. Аслини олганда, шарқона одоб ва андиша ўзгаларнинг нозик жиҳатларига чуқурроқ кириб боришдан қайтаради ва бу ҳолда ҳад-чегарада туришни маъқуллайди.

Афсуски, шўро даври навоийшунослигида Навоий шахсияти ва таржимаи ҳолини ўрганишда ҳад-чегарадан чиқишдан ташқари бу инжақалб ва нозик табиат шоир шаънига нохолис ва куракда турмайдиган шубҳа-гумон ва уйдирмалар айтилди. Холис айтадиган бўлсак, бу маълумот ва хабарлардан “навоийхон” ўқувчилар даҳо шоирнинг ижод уммонида яратилган беқиёс асарларини англашда заррача бўлсин наф кўрмаганлари ойдинлашди. Мумтоз адабиётимизга оид дарслик ва қўлланмаларда Алишер Навоий ижодий фаолиятининг таҳлилидан олдин яшаган даври ва оиласи ҳақида батафсил маълумот берилиб, Ҳусайн Бойқаро саройида бир умр нуфузли лавозимларда ишлаши қайд этилади. у шоҳ дўстини қўллаб-қувватлаб, ҳар доим ёнида турди, унга беминнат ва садоқат билан хизмат қилди. У Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамонни ўзига тутинган фарзанд сифатида қарамоғига олиб тарбиялади. Ҳусайн Бойқаро дўстининг уйланмаслигига “этаги поклиги”, нафсоний шаҳватга хоҳиши йўқлиги ва бутун диққат-эътиборини
илм-фан равнақи ва шеърият юксалишига бағишлаганини бир ўринда сабаб қилиб келтириб ўтади. Тасаввур қилайлик-чи, шундай ҳурматга ва эътиборга сазовор зотни тафтиш қилиш ва унинг ҳаётининг нозик пардасини кўтариб, ичкарисига кириб боришга кимнинг ҳадди сиғарди?! Хадичабегим Ҳусайн Бойқаронинг суюкли хотини бўлса ҳам бундай “имтиҳон”ни ўтказишга юраги дов берармиди? Аммо бу асоси йўқ тўқима ривоятларга нима дейсиз? Эмишки, Хадичабегим ўзининг жуда гўзал канизакларидан бири Давлатбахтни у зотнинг олдига жўнатади. Давлатбахт турли баҳоналар билан унинг уйида қолади. Эрталаб Давлатбахт Хадичабегим олдига қайтиб воқеани айтиб беради. Натижада Султон Ҳусайн мирзонинг фикри тасдиғини топиб, Хадичабегимнинг Алишерга ҳурмати янада ошди.

Ҳазрат Навоий ўз ҳаётида бирон қизни яхши кўрганми-йўқми, деган савол ҳалига қадар ўз исботини топган эмас. Ўзбек ва туркман фольклорида айни маънони очиб беришга хизмат қиладиган ривоятлар тўқилган бўлса-да, уларни тарихий далил ва ҳужжат сифатида қабул қилишга илм изн бермайди. Уларда Навоийнинг Гули деган севгилиси бўлгани, Алишер Ҳирот кўчаларида отда кетаётиб томда кир ёйиб турган у қизни кўриб қолиб ёқтириб қолиши баён этилган. Қизнинг уйига совчи юборади. Қиз ҳам Алишерни ғойибона яхши кўриб юрар экан. Исми Гули экан. Тўйга тайёргарлик бошланади. Бир куни овдан қайтаётиб, Ҳусайн Бойқаронинг ҳам ўша томда юрган қиз – Гулига кўзи тушиб, уни севиб қолади. Совчи юборишга қарор бериб, совчиликни дўсти ва вазири Алишерга топширди. Алишер совчиликка борди ва ўз дўстлигига содиқ қолиб, Гулини подшоҳга тегишга кўндиради. Аммо Гули бир шарт қўйди: “Подшоҳ тўйдан кейин қирқ кунгача менинг олдимга кирмай туриши керак”, дейди. Алишер бу шартга подшоҳни кўндиражагини айтади. Шунда Гули иккита кичик мактуб ёзиб, Алишердан бу мактубларни табибга олиб бориб беришни ва табиб берган нарсаларни олиб, қайтиб келишни илтимос қилади. Алишер табиб олдига борганида табиб мактубнинг бирини ўқиб, кулиб юборади ва иккинчисини ўқиб, йиғлайди. Иккита дори беради. Алишер дориларни Гулига олиб келади. Гули дорининг бирини ўзига олиб қолади ва иккинчисини Алишерга бериб, ичишни буюради. Алишер ичади. Гули Алишерга подшоҳ олдига равона бўлишга ва тўй тайёргарлигини бошлашга рухсат беради. Подшоҳ Гулининг шартини қабул этади, Катта тўй қилади, аммо келинчак олдига қирқ кунгача кирмайди. Бу орада Гули қаттиқ касал бўлиб қолади. Тўйдан қирқ кун ўтганда Гули Алишерни олдига чақиради. Гули ўлим тўшагида ётар эди. У Алишерга деди: «Икки дори эсингиздами? Унинг бирини мен сизга ичирган эдим, у дори сизни сира ҳам уйланмайдиган қилиб қўядиган дори эди. Иккинчи дорини мен ўзим ичганман, у дори мени қирқ кун ичида ўлдирадиган, секин таъсир қиладиган заҳар эди. Мана, дори ўз таъсирини кўрсатди, мен касал бўлдим. бугун ўламан. Муҳаббатимизга содиқ қолиш учун мен шундай қилдим”. Ўша куни Гули дунёдан ўтади. Алишер ва подшоҳ унинг тобутини икки ёқдан кўтариб борадилар.

Бу ривоят қанчалар таъсирли ва мароқли бўлмасин, асос ва мантиқдан шу қадар йироқки, қизнинг ўзини заҳарлаши мутлақо мумкин эмас. Зеро, ислом эътиқоди бунга йўл қўймайди. шарқона одоб, андиша ва ҳаёнинг ҳад-чегарасидан мутлақо узоқлашиб кетилганини бу каби тўқилган нақл ва ривоятлар таги пучлигига далолат қилади. Шўро даврида тасмага олиниб машҳур бўлган “Алишер Навоий” фильмида Навоийнинг севгилиси Гулини вазир Мажидиддин атайин султон саройига олиб киради. Бу билан мақсадига эришмагач, вазир қизга заҳар беради.
Ростдан ҳам бу фильмда келтирилган Гули тарихий шахсми ёки бу фильм ижодкорлари томонидан тўқилганми? Атоқли адабиётшунос Иззат Султоннинг “Навоийнинг қалб дафтари” китобига ёзган тақризида навоийшунос А.Ҳайитметов Навоийнинг муҳаббати ҳақида шундай фикр билдиради: “Кейинги текширишлар шуни кўрсатадики, у (яъни Навоий) кимлиги бизга номаълум бўлиб келаётган бир қизни севган. қиз ҳам унга ёмон муносабатда бўлмаган, илтифотлар кўрсатган. афсуски, қиз эрта вафот этган. Қизнинг вафоти Навоийдан олисда рўй берган. Шу кўнгилсиз фожеадан кейингина Навоий ўзининг унга бўлган муҳаббати чексиз ва беқиёс эканини билиб қолган. Бу муҳаббат ўти унинг қалбида умрининг охиригача сўнмаган. Шу сабабли шоир ўзининг биринчи муҳаббатига содиқ қолган – уйланмай ўтган” (Шарқ юлдузи, 1970, 12-сон, 201-204-бетлар).

Мирзо Бобурнинг таъкидлашича, Мир Алишер Абусайид Мирзо томонидан сургун қилинган. Бобур сургун тафсилотлари номаълум деб ёзса-да, кейинчалик ҳаммаси малика Хадичабегимни деб содир бўлгани юзага чиқади. Малика Хадичабегим билан Мир Алишерни боғловчи ришталар бўлганми? Хадичабегимнинг Ҳиротда дунёга келгани, Султон Абусайид Ҳиротни забт этгач, олти ёшида унга ҳадя этилгани, 14 ёшида эса унинг никоҳига киргани ҳақида маълумотлар бор. Ҳикоя қилишларича, Султон Абусайид янги танмаҳрами ва ўша пайтда навқирон бўлган Алишербекнинг ўртасида нимадир борлигини сезгач, ёш шоирни Самарқандга сургун қилиб юборган. Хадичабегим Абусайиддан қиз фарзанд кўрди. Аммо у билан кўп яшамай Султон Абусайид Ироқдаги жанглардан бирида 1469 йили вафот этади. Ҳирот тахтини эгаллаган Ҳусайн бойқаро эса бағоят сулув Хадичабегимни танмаҳрамликка олади. Мир Алишер билан Хадичабегим ораларида илиқ муносабатлар бўлгани маълум. Лекин Навоийнинг Хадичага бўлган майли унинг Султон Абусайид Мирзога турмушга чиққунига қадар давом этади. Воқеа бундай тус олгач, севгилисини унутиш учун куч топа олди. Шунга қарамай, миш-мишларга ишонган Абусайиднинг қаҳрига учраб сургун қилинади. Тақдир тақозоси ила Хадичабегим болалик дўсти, кейинчалик мамлакат подшоси Ҳусайн Бойқаронинг танмаҳрамига айлангач, маликага бўлган ҳурмат ва самимийлик ҳисси янада ошди. Лекин Алишербек Хадичабегимнинг хаёлида қандай бўлса, шундайлигича қолаверди. У султоннинг эркатой қаллиғи – маликалар маликаси даражасигача етдию шеърият мулкининг султони – илк севгисини унутолмади. Меҳр-оқибатли малика унинг суҳбатида бўлишни истар, вақти-вақти билан ғамхўрлик қилишга ҳам уринар, шоирнинг ёлғизлигидан хавотирга тушарди. Хадичабегим ўзини оқила қилиб кўрсатса-да, аслида қаҳри қаттиқ малика эди. Шундай аёл билан ҳазрат Навоийдек пок хилқатнинг яқин муносабатда бўлгани ақлга сиғмайди, деганлар ҳам бор. Аксинча, баъзи олиму ижодкорларнинг фикрича, Мир Алишер кейинчалик ҳам суюклиси бўлган Хадичабегимни яширинча севган, юз берган воқеаларга қарамай, у бир умрга қалбининг тўрида қолган.

Хуллас, бу каби ривоят ва ҳикоятларни илм ҳужжат-далил сифатида қабул қилмагани боис, ислом уламоларининг айримлари нима сабабдан оила қурмагани ҳақидаги илмий китобларга мурожаат қилдим. Қизиғи, бу китобларда нафақат оила қуришдан воз кечган, балки бир умр ўз нафсининг роҳат-фароғатини унутиб умрини “Ҳақ” илмини эл-улус ва келажак авлодга аслича етказиб бериш йўлида ҳадсиз-ҳисобсиз машаққат чеккан алломалар рўйхати жуда узун эканига гувоҳ бўлдим. Мусулмон оламига маълум ва машҳур бўлган ватандошимиз Имом Бухорий бисотида икки сидра либоси бўлмаган экан ва у умрининг аксар қисмида қотган нонга қаноат қилиб ўзини илмга бағишлаганини кўрамиз. Бухорий ҳазратлари оила қуриш, ўз номига муносиб баланд иморат қуриш у ёқда турсин, эгнидаги либосини янгилашга ҳам эътибор қилмаган. аммо ул зотнинг машаққатли умри бекор кетмаганига ва бутун ҳаётини Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларини юртма-юрт, элма-эл кезиб йиғиб тўплаганига нафақат бизлар, балки жаҳон аҳли гувоҳдир.

Ва ниҳоят ўтган асрда яшаган машҳур аллома Абдулфаттоҳ абу Ғудда ислом тарихида оила қуришдан кўра умрини илмга бағишлашни афзал билган уламолар рўйхатини тузиб, “Ал-уламо ул-уззабб (“бўйдоқ ўтган уламолар”) деган китобини ёзади. Мазкур китобда келтирилган маълумотларга кўра, ислом дунёсида яшаган баъзи машҳур олимлар ўз ҳаётини илмга бағишлаб, уйланиш, насл ва фарзанд қолдириш роҳатидан ўз ихтиёрлари билан воз кечадилар. Буни илм, дин хизмати ва мусулмонлар фойдасини деб қилганларига ёзиб қолдирган китоблари гувоҳлик беради. Лекин бу ишни ўз ихтиёрлари ила танлаган бўлсалар-да, шариат мутлақо рад этади ва ношаръий алоқадан сақланишга қурби етмайдиган кишига, албатта, уйланишни буюради ва бунинг катта ажр-савобларга муяссар этишини маълум қилади. шунинг учун уйланиш шаръий роҳат деб қаралиб, у ибодат даражасида талқин этилади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илмнинг мартабаси ниҳоятда улуғлиги, олим кишининг даражаси ва қадр-қиймати бу дунёдагина эмас, охиратда ҳам беқиёс мақомга кўтарилиши бот-бот такрорланади. олим киши илм олиш ва беришда хотири жам, фикридан чалғимаслиги ва уй-рўзғор ташвишларидан фориғ бўлсагина улкан ютуқларга эришади. шу боис олимлар уйланиш ҳукмлари ва фазлини яхши билганлар десак, қайси нарса уларни уйланишни тарк этиш тарафига бурди, деган ҳақли савол пайдо бўлади. буюк мутафаккир Маҳмуд Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари, араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид эллиқдан ортиқ асарлар ёзиб қолдириб, “аллоҳнинг қўшниси” (“Жоруллоҳ”), “араблар ва ажамлар устози”, “Хоразм фахри” каби шарафли номларга муяссар бўлади. Лекин қариндош-уруғлари қистовларига қарамасдан, у ёлғиз яшаб ўтади. илмий асарлар яратиш ва муносиб шогирдлар тайёрлашни фарзанд ўстиришдан аъло деб ҳисоблади.
Абдулфаттоҳ абу Ғудданинг таъкидлашича, уйланмай ўтган уламоларга илм жасаддаги руҳ, яшил новдадаги сув, инсон ҳаётидаги ҳавога айланиб шаҳват қувватини кесадиган озуқа ва давога айланди. Шу боис ҳаётда бундай йўлни танлаган уламолар оила қуриб, бола-чақа қилишни ўзларига моддий ва маънавий тушов деб билганлар. Суфён Саврий: “Ким уйланса, денгизга чиқибди. агар фарзанд дунёга келса, маркабидан айрилибди”, деган экан. Дарҳақиқат, уйланган киши оила аҳлини ва фарзандлари ҳақларини адо этиши керак, шуни деб бутун фикри-зикри машғул бўлиб, қалби хотиржам бўла олмайди. Аллома Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам токи ўзига етарли илм ҳосил қилмагунича, яъни қирқ ёшига қадар уйланмаган экан.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳазрат Алишер Навоий ҳам бутун умрини илм-фанга бағишлаган улуғ зотлардан ибрат олган ҳолда ҳаёти мобайнида уйланмай ўтди ва пировардида, ўзига ўлмас ҳайкал қўйди.

Бобомурод ЭРАЛИ,
тадқиқотчи

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан

Read 3926 times

Мақолалар

Top