Мақолалар

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт солномаси

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаолият хроникаси” деб номланган тўплам нашрдан чиқарилди. Унда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил сентябрь ойидан 2020 йил 1 январгача бўлган даврдаги сиёсий фаолияти солномаси батафсил акс эттирилган. 

Маълумки, ушбу давр – “Янги Ўзбекистон”, “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи” деган номлар билан Ватанимиз тарихида, жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларимиз силсиласида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Бу давр – Ўзбекистонни, жамиятимиз ҳаётидаги сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларни бутунлай ўзгартирган, мамлакатимизни янги, демократик қиёфада жумлаи жаҳонга танитган даврдир. 

Бу ҳақда юртимиз фуқаролари, экспертлар гуруҳлари билан бирга, дунё сиёсатида етакчи ўрин тутадиган давлат ва жамоат арбоблари, атоқли олимлар ва таҳлилчилар томонидан ҳам кўплаб ижобий фикрлар билдирилмоқда, энг юксак эътироф ва баҳолар айтилмоқда. 

Мамлакатимиз китобхонларига тақдим этилаётган мазкур тўпламнинг энг муҳим хусусияти шундаки, унда кейинги йилларда Ўзбекистонда кечаётган шиддатли ва кенг кўламли ҳаётий жараёнлар тарихий ҳужжатлар, факт ва рақамлар, аниқ далиллар орқали акс эттирилади. 

Кўҳна тарих шундан далолат берадики, бу ҳаётда янгилик қилиш, кўпчилик одамлар ўрганиб, кўникиб қолган эскича қолип ва андозаларни ўзгартириш ҳеч қачон осон кечмайди. Истаймизми, йўқми, бундай ҳаракат ҳар қандай шароитда ҳам очиқ ёки пинҳона тўсиқларга дуч келади. Айниқса, халқни уйғотиш, мудроқ қалбларга ҳаётбахш янги нафас олиб кириш, давлат ва жамият бошқарувини бутунлай янгилаш масаласи ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқишдек буюк миссияни ўз зиммасига олган етакчи шахсдан янада улкан масъулият, жасорат ва донишмандликни талаб этади. 

Ушбу тўплам ана шундай ўта мураккаб ва машаққатли, тарихий заруратга айланган жараёнлар янги Ўзбекистон ҳаётида қандай бораётгани ҳақида тўлиқ маълумот беради. “Ўзбекистон” деган улкан кемани янги тараққиёт уфқлари сари бошлаш, сиёсатшунослар ибораси билан айтганда, давлат ва жамият бошқарувида тарихий бурилиш ясаш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қандай амалга оширилаётгани китобда аниқ тизим асосида кунма-кун, ойма-ой ёритилган. 

Одатда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борганда, давлатимиз раҳбари камтарлик билан “Биз ҳали изланишдамиз, ўрганишдамиз”, деб бу йўлда олдимизда бир-биридан муҳим ва долзарб вазифалар турганини таъкидлайди. Чиндан ҳам, ҳозирги вақтда юртимизда мамлакат етакчисидан тортиб барча бўғиндаги раҳбарлар янгича шароит, янгича муҳитда ишлашга, изланиб, ўрганиб, халқ билан мунтазам мулоқот асосида фаолият юритишга интилмоқда. 

Айниқса, бутун дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган коронавирус пандемияси шароитида ушбу тренд – устувор ҳолат янада яққол намоён бўлмоқда. Ана шу хусусият Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришлар муваффақиятини таъминлаётган муҳим омиллардан бири бўлаётганини нуфузли халқаро эксперт ва таҳлилчилар ҳам эътироф этмоқда. 

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда янги, демократик ислоҳотларни бошлашда энг мақбул йўл танланди ва у ҳаётда қисқа муддатда ўзини тўла оқлади, деб айтишга бугун барча асослар бор. 

Аввало, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш давлат сиёсатининг бош мезони этиб белгиланди. 

Иккинчидан, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик асосида фаол муносабатлар ўрнатиш ташқи сиёсат соҳасидаги устувор тамойил, деб эълон қилинди. 

Учинчидан, дунёга очиқ бўлиш, умумэътироф этилган демократик принципларни амалда жорий этиш жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида қабул қилинди. 

Ҳозирги вақтда миллий тараққиётимизнинг бош ҳужжати бўлиб хизмат қилаётган, мамлакатимизни 2017–2021 йилларда бешта устувор йўналишда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида айнан ана шу тамойиллар энг муҳим қоидалар сифатида акс эттирилди. Юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини амалда таъминлаш, бозор иқтисодиёти принципларини ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини ошириш, ташқи сиёсат соҳасида Марказий Осиё минтақасида дўстлик ва ҳамкорлик руҳини кучайтириш, дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кириш янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди. 

Албатта, 34 миллионлик аҳолига эга бўлган, ўтган даврда кўплаб муаммолар тўпланиб қолган мамлакатнинг тақдири ва келажагини белгилаш борасида тўғри йўл танлаш – бу давлат раҳбаридан улкан ақл-заковат, билим ва тажриба, мустаҳкам ирода, жасорат ва азму шижоатни талаб этади. Айни вақтда танланган ривожланиш йўлини ижтимоий институтлар, таъсирчан механизмлар орқали ҳаётга татбиқ этиш, одамларни ислоҳотларнинг мақсади ва натижасига ишонтириш, бутун жамиятни руҳлантириб, улуғ мақсадлар сари сафарбар эта олиш – янада мураккаб вазифа, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. 

Ана шундай ўта машаққатли вазифани амалга оширишда Шавкат Мирзиёев халқнинг ўзига таянди – фуқаролар билан доимий мулоқот олиб бориб, ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича бевосита учрашувлар, маслаҳат ва фикр алмашувлар ўтказиб, мавжуд муаммоларнинг самарали ечимини топмоқда. Бу мураккаб ижтимоий воқеа-ҳодисаларнинг қанчалик шиддат билан кечаётганини ушбу тўпламдан ўрин олган серқирра жараёнлар яққол тасдиқлайди. 

2016 йил сентябрь ойидан буён 2020 йил январь ойига қадар ўтган вақт мисолида оладиган бўлсак, Президентимиз томонидан мамлакат ҳудудларига 129 марта сафар уюштирилгани, 69 та видеоселектор йиғилишлари, энг муҳим ва устувор масалалар бўйича 112 та йиғилиш ва муҳокамалар ўтказилганини кўрамиз. Ана шу қисқа фурсатда давлатимиз раҳбари томонидан 194 та қонун, 1106 та фармон, 1974 та қарор, 933 та фармойиш тасдиқланганини ҳам қайд этиш лозим. 

Шу даврда Президент Шавкат Мирзиёев 40 марта чет давлатларга расмий ташриф буюрди, 24 та халқаро саммит ва анжуманларда иштирок этиб, уларнинг доирасида 60 та учрашув ўтказди. Бундан ташқари, хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари бошчилигидаги 39 та нуфузли расмий делегация юртимизда қабул қилинди. Шунингдек, вазирлар, халқаро ташкилот ва компаниялар, хорижий ишбилармон доиралар раҳбарлари бошчилигидаги 166 та делегация билан музокаралар ўтказилди. 

Шу вақт мобайнида чет давлатларнинг юртимизда иш бошлаган фавқулодда ва мухтор элчиларидан 32 нафаридан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олинган, хорижий давлат ва ҳукумат бошлиқлари, халқаро ташкилот раҳбарларига 1858 та мактуб йўлланган. Шу ўринда хорижий давлатлар раҳбарлари билан 113 марта телефон орқали мулоқотлар ўтказилганини ҳам таъкидлаш жоиз. 

Президентимиз шу йиллар давомида юртимизда бўлиб ўтган 53 та тантанали маросимда иштирок этиб нутқ сўзлаган, шунингдек, халқимиз ва турли соҳа вакилларига 79 та табрик ва қутловлар йўллаган. 

Буларнинг барчаси Ўзбекистон ўз миллий тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган кейинги йилларда Президентимиз томонидан сиёсий-ижтимоий маконда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кенг кўлам касб этиб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида туну кун тиним билмасдан, бор билим ва тажриба, куч ва имкониятлар сафарбар этилаётгани ҳамда бу жараён тобора кучайиб, янги сифат босқичига кўтарилиб бораётганидан далолат беради. 

Агар давлат аҳамиятига молик биргина ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, бирон-бир расмий тадбирни ўтказиш қандай катта тайёргарликни, маънавий-интеллектуал, руҳий сафарбарликни, кенг кўламли ташкилий-амалий ишларни талаб этишини инобатга оладиган бўлсак, юқорида қайд этиб ўтилган рақамлар замирида тинимсиз изланиш ва меҳнат, чуқур таҳлил, келажакни олдиндан кўра билиш салоҳияти мужассам эканини англаш мумкин. 

Таъкидлаш керакки, мазкур тўпламдан ўрин олган воқеалар хроникаси, қизғин ва бунёдкор жараёнлар занжири мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотлар ўтган вақт давомида амалий самарадорлик билан ривожланиб, ортга қайтмайдиган муқаррар тус олганини ҳам яққол намоён этади. 

Шу маънода, тарихий жараёнларнинг қайноқ изларини ўзида мужассам этган ушбу тўплам мард ва олижаноб халқимиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда қандай оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли ривожланиш йўлини босиб ўтаётганини, ўз кучи, ўз салоҳияти билан янги Ўзбекистон давлатини барпо этаётганини бамисоли кўзгудек ёрқин акс эттиради. Таъбир жоиз бўлса, бу китобни янги Ўзбекистоннинг тараққиёт солномаси, деб аташ мумкин. 

Тўплам бошқарув соҳаси ходимлари, академик доиралар, сиёсатшунос ва социологлар, таҳлилчи ва экспертлар, тадқиқотчи ва талабалар, мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи билан қизиқадиган барча кишилар учун мўлжалланган. 

Ушбу китоб билан танишар экан, юртимизда яшайдиган ҳар бир инсон ўз ҳаёти, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тақдирига дахлдор воқеа-ҳодисалар, ҳужжатлар мазмунидан атрофлича хабардор бўлади ва замонамиз тарихи ҳақиқатан ҳам барчамизнинг кўз ўнгимизда, айнан бизнинг иштирокимизда яратилаётганини чин дилдан ҳис этади.

 

ЎзА

Read 2493 times

Мақолалар

Top