Ибратли ҳикоялар

Қурбонлик қиссаси

وَقَالَ إِنِّي ذَاهِبٌ إِلَى رَبِّي سَيَهْدِينِ ربِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِن شَاء اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ قَدْ صَدَّقْتَ الرُّؤْيَا إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاء الْمُبِينُ وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ

«“Албатта, мен Раббим (буюрган тараф)га кетувчидирман. Унинг ўзи мени (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Эй Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!” Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик. Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!” – деган эди, у айтди: “Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, унга Биз нидо қилдик: “Эй Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик» (Соффот сураси, 99–107-отлар).

Иброҳим алайҳиссалом кексайиб қолган чоғида Аллоҳ таоло у зотга ўғил фарзанд ато этди. Унга Исмоил деб исм қўйди. Орадан анча йил ўтгани сабабли Иброҳим алайҳиссалом фаришталарга берган ваъдаси (ўғлини Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиши)ни унутиб юборган эди.

Исмоил алайҳиссалом ўн уч ёшга тўлиб, Каъбани барпо этишда отасига кўмаклашган эди. Бино битгандан кейин Байтуллоҳни тавоф қилишган эди. Ҳаж арконларини тугатиб, арафадан бир кун олдин, яъни тарвия куни Иброҳим алайҳиссалом туш кўради. Тушида назрингни бажар, деган нидо келади. Иброҳим алайҳиссалом уйғониб кетади. Назри нима эканини узоқ ўйлайди. Шу боис ўша кунга “тарвия куни” дейилади. Бу кунбизда “ёлғон арафа куни” деб номланган.

Эртаси куни худди шу тушни яна кўради. Иброҳим алайҳиссалом бу туш Аллоҳ таолодан эканини англаб етади. Шу боис бу кунни “Арафа”, яъни “билиш” деб номлади. Аммо назри нима эканини яна эслай олмайди. Байрам куни ҳам шундай туш кўради ва назрини эслайди. Ўғлини қурбонлик қилишни тушида кўрди ва шундан бери шу кун Қурбон байрами бўлиб қолди (“Ширъатул Ислам”, 219-б).

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариши лозим эди. Байрам куни эрта тонгда Ҳожар онамизни чақириб, унга ўғли Исмоилни кийинтиришини айтди. Ҳожар онамиз Исмоилга янги кийимлар кийдириб, уни безайди. Ота-ўғил биргаликда Мино сари йўлга чиқишди. Аммо нима мақсадда, қаерга кетилаётганини она ҳам, ўғил ҳамбилмасди.

Шайтони лаин бундай имтиҳонни асло кўрмаганини ва: “Иброҳим алайҳиссалом бу ишни амалга оширса, мен бу масалада уларни йўлдан оздиролмасам, бундан сўнг асло уларга таъсир кўрсата олмайман, ичим куйиб ҳалок бўламан”, деди (Ширъатул Ислам”, 222-б).

Шайтони лаин Иброҳим алайҳиссаломнинг йўлини тўсиб: “Эй Иброҳим, шундай гўзал болани қурбонлик қилишга кўзинг қандай қияди? Ота ҳам ўғлини сўядими?” деди. Иброҳим алайҳиссалом ердан тош олиб шайтонга улоқтирди ва уни қувди.

Шайтон бу сафар Ҳожар онамизнинг ёнига бориб, уни алдашга киришди. Ҳожар онамиз: “Агар Аллоҳ таолодан шундай буйруқ келган бўлса, бу буйруққа барчамиз бош эгамиз”, деди.

Шайтон Исмоил алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Отанг сени қаерга олиб боряпти, биласанми? Сени сўйишга олиб кетяпти”, деб уни қўрқитмоқчи бўлди.

Исмоил алайҳиссалом ҳам: “У менинг отам.У пайғамбар. Агар бу буйруқ Аллоҳдан келган бўлса, уни бажариши шарт”, дея жавоб қайтарди.

Иброҳим алайҳиссалом ўзини ва зурриёдини васваса қилгани учун Минода шайтонга тош отгани охирзамон пайғамбари шариатига ҳам суннат амал сифатида киритилди ва бу то қиёматгача давом этади.

Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом ишора қилинган жойга етиб келишди. Иброҳим алайҳиссалом учун бу энг қийин дам эди. Чунки у ўғлини нима учун бу ерга олиб келганини унга айтиши керак эди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Эй ўғилчам! Мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман. Бу ишга сен нима дейсан, қандай фикр билдирасан?” деганида Исмоил алайҳисалом қиёматгача инсонларга ибрат бўладиган ушбу сўз: “Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”, деб жавоб қайтарди.

Ота-бола илоҳий амрни бажаришга киришди. Шу аснода Исмоил алайҳиссалом: “Отажон, менинг сизга бир нечта илтимосим бор. Уларни бажаришингизни сўрайман. Аввало, қўлларимни маҳкам боғланг. Акс ҳолда типирчилаб сизга азият етказишим мумкин. Юзимни ерга қаратинг. Кўзимга кўзингиз тушса, меҳрингиз ийиб кетиши тайин. Кўйлагимни онамга элтиб беринг, мени эслаб юрсин. Онамга салом айтинг. Аллоҳнинг амрига сабр қилинг. Мени қандай қурбонлик қилганингизни ва қўлларимни боғлаганингизни ҳеч кимга айтманг. Онам ёш болаларнинг олдига бормасин. Акс ҳолда мени эслаб, Аллоҳга исён қилиши мумкин”, деди.

Иброҳим алайҳиссалом ўғлининг истакларини бажарди. Бироздан сўнг Исмоил алайҳиссалом яна: “Отажон, қўлларимни, оёқларимни ечинг. Мени фариташлар кўриб турибди. Улар мени исёнкор бола экан, отаси унинг оёқ-қўлини боғлашга мажбур бўлибди, демасин”, деди.

Ота ва бола Аллоҳнинг ҳукми олдида бош эгишди. Иброҳим алайҳиссалом ўғлини кунданинг устига ётқизди. Бўғзига пичоқ тиради. Пичоқни жаҳд билан тортди. Шу аснода ер юзидаги ва осмондаги барча фаришталар саждага бош қўйишди: “Аллоҳим, Исмоилни Ўзинг асра!. Иброҳимни афв эт!” деб ёлворишар эди.

Шунда Аллоҳ таоло: “Эй фаришталарим, бандам Иброҳимга қаранг. Менинг розилигим учун ўғлининг бўғзига пичоқ тортяпти. Ҳолбуки, сизлар Одам алайҳиссаломни яратаётган пайтимда:

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُوا أَتَجْعَلُ فِيهَا مَنْ يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاءَ

وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لَا تَعْلَمُونَ

«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман», – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман”»(Бақара сураси, 30-оят), деган эдингиз.

Қурбонлик рисоласи”дан.

Read 3476 times
Tagged under

Мақолалар

Top