Мақолалар

Қурбонлик  фазилати (+ аудио)

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман.

Бу масалани иложи борича кишиларни қизиқтириш мақсадида қуръон ва ҳадис маъноси билан суғорилган уламолар сўзлари билан қилишга ҳаракат қилинди. Буни каминадан оддий сухбат ўрнида қабул қилгайсизлар. Зеро Самарқандлик Орифлар Султони, ҳақиқат изловчиларининг ҳужжати, илоҳий халифа, буюк муршид, ҳақиқий қутб    Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар:

  • Яхши киши суҳбати ортиқдир, яхши ишдан!
  • Ёмон киши суҳбати ёмонроқдир, ёмон ишдан!

Шу сабабдан улуғлар сўзларига таянган ҳолда бу суҳбатни иложи борича чиройли қилишга ҳаракат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳаракат қилувчи ва ғайратини Ўзи йўлида сарфловчи бандасига ёрдамини аямайди. Абдураҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳи шарҳи муллада келтиради: Агар банда яхши ишга ўзини сарф айласа, Аллоҳ унинг ёрдамчиси бўламан, деган сўзни келтиради.

Аллоҳ севган бандасининг учта белгиси, аломати бор.

  • Саховати дарёга;
  • Шафқати қуёшга;
  • Тавозеси ерга ўхшар!

Ҳожи кишилар уй тавоф этмоқ билан, муҳаббат аҳли эса кўнгил иморати билан дийдор истарлар, дейди  Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ. Ориф киши ҳеч бир амалига шод, хурсанд бўлмайди. Ва ҳеч нарсага ҳам рози бўлмайди. Аллоҳни таниган кишилар қанча амалларини пухта қилсалар ҳам уни кам санашади ва ҳеч у амалларига кўнгиллари тўлишмайди. Ва нимчаки амалларни назарига асло олишмайди. Бизлар ҳам амалларни қилишда гўё шулар мисоли амал қилишимиз керак. Бу сўзлар аслида амал қилиш учун айтилмоқда. Уни эшитганда мазза қилиш учунмас. Волидайи муҳтарам отамнинг айтишларича: Жарқурғонда бир чўпон қурбонлик ҳақидаги бундай суҳбатларни эшитгандан сўнг ҳар йили қишлоқ оралаб хой кишилар чиқинглар! ким қурбонлик қилишга имкон қилмаган бўлса, бу қўйлардан олсин, деб тинмай айланиб, юрарканлар. Қаранг! Қурбонлик куни уларнинг қалбларига тўлиқ хурсанчиликни солмоқда. Буни аслида ҳозирги кунда деярли кўп бойлар амалга оширса, бўлади. Баъзи бойлар ўзлари қодир бўла туриб ўзларининг жонларини уйлаб, қурбонликни қилишмаганига хайрон бўламиз. Шуни билинг! Бу дунё синов дунёси. Аллоҳ ҳар бир бандасини бойлик бириб синаб кўради. Шу синов муддатидан ўтолмасангиз Аллоҳнинг жазоси қаттиқ бўлади. Юқори савоб амалига юқори жазо тайинланади. Тезроқ ғафлат ўйқусидан уйғонинг ва олдинги қодир бўлган қазо қурбонликларни ҳам қилиб қўйинг, у ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мен бу саҳийликни гўё Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳийлигига ўхшатгим келди. Иброҳим алайҳиссаломнинг қўйларинг сони сон – саноқсиз бўлган. Қўйларини қўриқлайдиган итларининг сони 30 мингта бўлган. Уларнинг ҳар бирининг буйнида тиллодан занжирлари бўлган. Туя ва қорамолларининг ҳам сони йўқ бўлган бой бир пайғамбар бўлган. Бир тасаввур қилинг! Қанча қўй бўлиши мумкин! Аллоҳ таоло у пайғамбарни кўп мақтайверганидан улар ҳасад қилишиб, Аллоҳ таолодан фаришталар Я Аллоҳ нимага сен Иброҳимни Халилим- дўстим(“Ваттаҳазаллоҳу Иброҳийма халийла”)дейсан. Агар сен ундан бутун бойликларини олиб қўйсан, у сенга ибодат қилмай қўяди, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло бўлмаса синаб кўринглар, дейди. Икки фаришта инсон суратида қўй боқаётган Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига келиб, эй Иброҳим бизларга молларингдан бермайсанми? – дейди. Бир мартагина тасбеҳ айтсаларингиз молларимнинг учдан бир қисмини бериб юбораман, дейди. Бу сўздан синовга келган фаришталар қилган ишларидан хижолат бўлган ҳолатда ажабланиб тасбеҳ айтишди. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзлари яна айтди: яна бир марта айтсанглар учдан икки қисми сизларники, деди. Улар тасбеҳ айтишди. Иброҳим алайҳиссалом агар яна бир марта тасбеҳ айтсаларингиз ҳамма молларим сизларники, деди. Улар тасбеҳ айтишди.  Бунга бутун осмондаги фаришталар гўвоҳ бўлишиб, хайратдан қойил қолишди. Кейин икки фаришта хижолат бўлишиб, биз синовга келган фаришталармиз бизга моллар керакмас, дейишди. Кейин Иброҳим алайҳиссалом мен сўзимдан қайтмайман, нима қилсаларингиз ўзларингиз хал қилинглар, деди. Аллоҳ у молларни вақфга айлантирди. Бутун дунёга у пайғамбарнинг моллари тарқаб кетди.

Қурбонлик фазилатига саҳийлар ва саҳий бўлмаса ҳам Унга мухлис бўлган бандалар етишади. Чунки Аллоҳ таоло: “Лекин Унга сиздан тақво етадир”.  Қурбонлик масаласида ҳақиқий тақво зарур ва лобуд. Ихлоссиз гўшт ейиш мақсадида ёки бошқа мақсадлар ила қилсангиз, амалингизга яраша савоб берилади. Айниқса, бу масалага жиддий ёндашиш, иложи бўлса бунга эътиборни тўғри қаратиб, уни қилиш учун хатто жонингизни ҳам аямайдиган даражада қилишга шариат чақиради. Биз шариатга амал қилишни саҳобайи киромлардан ўрганишимиз керак. Улар илоҳий амрга ўзларини тўлиқ фидо қилишга ўлгурган. Улар шариатнинг ҳар қандай қийин синовларини ҳам бажаришга тайёр бўлишган. Шуни учун биз ҳам саҳобалардек амал қилсак, худди шундай савобга  ва мақомга эришамиз.

Кимга қурбонлик вожиб бўлса, унинг зиммасига қурбонлик қилиш зарур ва қилиши ҳам керак. Моли ҳақиқий ёки ўлик нисобга етмаган кишиларга қурбонлик қилиш вожиб эмас. Аммо моли нисобга етмаса ҳам қурбонлик қилишга қурби етса ва у сабабли бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар зойил бўлмаса, бундай кишиларга ҳам қурбонлик қилиш муносибдир. Чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиз. Аллоҳ таоло айтади:

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ.

Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар 2 оят).

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ.

Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз. Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат беринг (Ҳаж сураси 36-37 оятлар).

Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоят неъматига қанча шукур айтса, шунча оздир. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.Ундан ташқари жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса чексиз савобдир. Қурбонликдаги ихлос, хоссатан Аллоҳ таоло ва савоб олиш мақсади билан қилишдир.

 

عن الحسين بن علي رضي الله عنهماقال: "قال رسول اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ ضَحَّى طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ مُحْتَسِباً لأُضْحِيَّتِهِ كَانَتْ لَهُ حِجاباً مِنَ النَّارِ".

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у(қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади” дедилар” (Табароний ривояти).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا عَمِلَ ابْنُ آدَمَ يَوْمَ النَّحْرِ عَمَلًا أَحَبَّ إلَى اللَّهِ مِنْ هِرَاقَةِ دَمٍ وَإِنَّهُ لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَظْلَافِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنْ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ بِمَكَانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ فَطِيبُوا بِهَا نَفْسًا» . رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالتِّرْمِذِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра бирор бир амал Аллоҳ таолога зиёда маҳбуб эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнлари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос мақомга эга бўлади. Шунинг учун мамнуният ила қурбонлик қилинглар” дедилар” (Ибни Можа, Термизий ривояти).

عن زيد بن ارقم رضى الله عنه قال قلنا يا رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ما هذه الاضاحي قال سنة ابيكم ابراهيم قال قلنا فما لنا منها قال بكل شعرة حسنة قلنا يارسول الله فالصوف قال فكل شعرة من الصوف حسنة.

Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати” дедилар.

Биз:

“Ундан бизга нима наф бор?” дедик.

У зот:

“Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана” дедилар.

Биз:

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?” дедик.

У зот:

“Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана” дедилар”.

عن ابي سعيد الخدرى رضى الله عنه قال قال رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لفاطمة قومي إلى اضحيتك فاشهديها فان لك باول قطرة تقطر من دمها يغفر لك ما سلف من ذنوبك قالت يا رسول الله هذا لنا اهل البيت خاصة اولنا وللمسلمين عامة قال بل لنا وللمسلمين عامة.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:

“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Шунда у (Фотима онамиз):

“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз оли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.

Шунда у зот:

“Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар”.

Абул Қосим Асбаҳоний Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Унинг лафзи: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эй Фотима тур ва гувоҳ бўлгин қурбонлигингга. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар. Қурбонлигинг гўшти ва  қони қиёмат кунида тарозингга 70 марта зиёда қилиб тортилади, дедилар. Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат Муҳаммад оиласи учун хосми?”. Чунки улар яхшиликда хосланган оиладандир. Ёки барча мусулмонлар учунми?” дедилар. Шунда у зот:

“Муҳаммад оиласи учун ва барча мусулмонлар учун” дедилар”.

 Баъзи машойиҳларимиз Ҳазрати Алининг бу келтирган ҳадисларини яхши санашди. Яна ҳам тўғрисини Аллоҳ билади. Қаранг! Ва фикр қилинг! Бу фазилати илохийга бир арзимаган амалимиз ортидан хисоби йўқ ва фазилати чексиз бўлган Аллоҳнинг туҳфасини бизларга хабар бермоқда. Мисол тариқасида 35 кг қўй суйсангиз сизга 2,450 кг қўйнинг вазнидаги оғирликни тарозингизга қиёмат даҳшати хавф солиб турганда қўймоқда. Энди биз буни яхшироқ тушунишимиз учун яна кенгроқ мисоллар келтирамиз:

40кг қўй – 2,800кг вазнидаги оғирликни;

45кг қўй – 3,150 кг вазнидаги оғирликни;

50кг қўй – 3,500 кг вазнидаги оғирликни;

60кг қўй – 4,200 кг вазнидаги оғирликни;

70кг қўй – 4,900 кг вазнидаги оғирликни;

80кг қўй – 5,600 кг вазнидаги оғирликни;

90 кг қўй – 6,300 кг вазнидаги оғирликни;

100 кг қўй – 7,000 кг вазнидаги оғирликни;

120 кг қўй – 8,400 кг вазнидаги оғирликни сизга зиёда қилиб беради. Биз қиладиган амалимизни шу тартибда ҳисоблаб кўрсак қурбонлик амалини қилишга янада рағбатимиз зиёда бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжанинг 10 куни, қурбонлик қилиш кунидир. Бу кунда ҳар ким қурбонлик қилса, Аллоҳ таоло қурбонлик қонининг ҳар қатраси баробарига унинг ва аҳли оиласининг гуноҳларини мағфират этади. Қурбонликнинг гўштидан таом тайёрлаб мусулмонларга берса ёки гўштини садақа қилса, унинг савоб тарозисини Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ қилади”, - деб марҳамат қилган эдилар (Мажолис). Бу ҳадиси шариф юқоридаги ҳадисдан ҳам кўпроқ савоб борлигини ҳабарини бермоқда. Биз кўпроқ савобли амалларни аҳтариб уни амал қилишимиз керак. Чунки гуноҳлар атрофингизда сочилиб ётибди. Ҳар қадам гуноҳ шу сабабдан гуноҳлардан савобларимизни сақлай билайлик. Чунки Боязид Бистомий  раҳматуллоҳи алайҳи – Гуноҳ 1 бўлгани билан 100 та тоатни емириб ташлайди. Кичгина ширк бўлган риёкорлик эса барча гуноҳлардан ҳам ёмонроқдир! Деган.

 

Биз инсонлар баъзиларнинг озгина моддий ёрдами деб, ўзимизни анча хор қиламиз. Аллоҳнинг чексиз савоби дейилса ўзимизни ғофил қиламиз. Аслидачи кимлигимизни жуда яхши билиб олайлик. “Унвонул баёнда” келтирилади: Инсоннинг юзининг суви оғирлиги дунёнинг барча бойлигини берса ҳам арзимаслигини айтади. Яъни: инсоннинг бир марта юзининг уятдан қизаришига дунёнинг барча матоҳлари арзимаскан. Тарозига қўйса оғир келаркан. Энди биз нимага Аллоҳ Қуръоннинг кўп жойларида ҳисобсиз савобларни айтса ҳам унга бепорво бўлишимиз керак. Шуни билинг! инсонлардан сўрайдиган нарсаларингиз қанчалик қадрли бўлмасин у сизни қадрингизни туширади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَفَعَهُ : اسْتَفْرِهُوا ضَحَايَاكُمْ ، فَإِنَّهَا مَطَايَاكُمْ عَلَى الصِّرَاطِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:

Ёш, навқирон, бақувват жонворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул ҳабийр)

Яна бир ҳадисда: “Қурбонликни катта қилинг, чунки Сирот кўпригидан ўтаётганингизда у сизга уловлик вазифасини бажаради”.

 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ وَجَدَ سَعَةً لأَنْ يُضَحِّىَ فَلَمْ يُضَحِّ فَلاَ يَحْضُرْ مُصَلاَّنَا».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” дедилар” (Сунани кубро).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига эътибор беринг, у зот “Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” деб ҳукм қилмоқдалар.

Қурбонлик қилмайдиган кишидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса- ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

Ҳазрати Али  розияллоҳу анҳуРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Кимки қурбонлик қилиш учун бозорга борса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини авф этади. Қурбонликни савдо қилаётган вақтида, унинг ҳар бир айтган сўзини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамга 700 юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фариштани яратади ва улар қиёматгача у банда учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмоси учун Исмоил алайҳиссалом фарзанларидан бир қўлни озод қилгандек савобини беради”, дедилар.

Камбағал кишилар учун ҳам насиба бор. Камбағал киши учун қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардандир. Бу нарса Қуръон оятларидан маълум бўлади. Аллоҳ таоло:Инсонлар байтуллоҳга пиёда келишади” дейди. Бу оятдан маълум бўладики пиёда келувчилар камбағал бўладилар.

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг маърузаларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар:

“Бир киши қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ўрнига уни қийматини бева-бечораларга садақа қилар эди. Бир кеча туш кўрди. Қарасаки, қиёмат қоим бўлибди. Сирот кўприги қоим қилинган. Нарги томони жаннат, жуда кўпчилик ўз уловларига миниб, сирот кўпригидан ўтиб жаннатга кирмоқдалар. У киши эса. Хайрон, қандай ўтишни ва нимага минишни чорасини топа олмас эди. Одамларга уловлар қаердан келаётганини тушунмай хайрон ҳолатда турганида ғоибдан овоз келиб, бу уловлар уларнинг дунёда тайёрлаб қўйган уловларидир. Уларнинг қилган қурбонликларидир. Сиз қурбонлик қилмаганлигингиз учун уловдан маҳрумсиз, деган овоз келди. Уйқудан ўйғонгач тавба қилди.

 

Оқувчи қон;Ҳалол ҳайвонларнинг етти аъзосини ейиш жоиз бўлмайди. Улар:

  1. Эркак ва урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;
  2. Эркак ҳайвоннинг тухими;
  3. Сийдик ҳолта;
  4. Орқа жинсий аъзоси;
  5. Ғудда (безлар);
  6. Ўт пуфак.

Одам алайҳиссаломдан то Исо алайҳиссаломгача қурбонлик гўштини ейиш жоиз бўлмаган. Улар даврида қурбонлик Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлса, бир олов келиб, уни куйдириб юборар эди. Уммати Муҳаммадияга келиб, Аллоҳ таоло қурбонлик қилувчига ўзини қурбонлиги гўштини ейишни ҳалол қилди. Сизларга тақдим қилмоқчи бўлган маълумотларимиз шулардан иборат эди. Чиройли эътиборларингиз учун раҳмат! вассаламу  алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу.

Аллоҳим барча мусулмонларни қурбонлик қилиш файзи барокати билан сийлагин. Қиёмат даҳшати пайтида бизга бу амалларимизни парда қилгин ва  кучини кўрсатгин.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳ.

 

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди
имом ноиби Уролназар Мустофо

 

 

Read 2463 times

Мақолалар

Top