Мақолалар

Ёшлар одоби

Инсон ҳаётининг ҳар бир босқичи муҳимдир. Мазкур муҳим босқичлар ичида умрнинг ёшлик босқичи алоҳида аҳамиятга эгадир. Ёшлик инсон умридаги энг нозик давр ҳисобланади. Ёшлик инсоннинг қувватга тўлган ва ҳаракатчанлиги зиёда бўлган вақтидир. Шу билан бирга, ёшлик даври инсоннинг ҳаёт йўлларининг чорраҳасида турган пайти ҳамдир.
Агар ўша чорраҳада инсон яхши йўлга кириб қолса, ўзи, оиласи, қариндошлари, халқи, ватани учун жуда катта яхшилик сари юз бурган бўлади. Бу уни дунё ва охират бахтига, саодатига эриштиради. Агар, Аллоҳ таоло кўрсатмасин, мазкур чорраҳада ёмон йўлга бурилиб кетса, ўзи, оиласи, қариндошлари, халқи ва ватани учун ўта кўнгилсиз ҳодиса сари қадам қўйган бўлади. Бу билан унинг дунё ва охиратда яхшиликка эришиши қийинлашиб қолади.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло содиқ мўмин бандаларини сифатлашда уларнинг ёш эканликларини таъкидлаб:

إِنَّهُمۡ فِتۡيَةٌ ءَامَنُواْ بِرَبِّهِمۡ

"Албатта, улар Роббларига иймон келтирган йигитлардир"
(Каҳф сураси, 13-оят).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва қаерга сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича Робби ҳузуридан узилмайди".
Термизий ривоят қилган.

— Ёшлик одобларидан энг муҳими ота-онага яхшилик қилишдир.

— Ёшлик одобларидан бири ёши улуғларни эҳтиром қилиш ва уларнинг тажрибасидан фойдаланишдир.

— Ёшлик одобларидан бири олийжаноб ахлоқларгааҳамият бериб, улар билан хулқланишдир.

— Ёшлик одобларидан бири шайтоннинг иғвосидан ва ноқобил улфатлардан ҳазир бўлишдир.

— Ёшларин иғвога соладиган шайтон малайларидан энг ашаддийси нафс шаҳватидир.

— Ёшларини иғвога соладиган шайтон малайларидан яна бири ёмон дўстдир.

— Ёшларини иғвога соладиган шайтон малайларидан яна бири бузуқ йўлларга чақирувчи динлар, фирқалар, оқим, ҳизб ва гуруҳлардир.

— Ёшлик одобларидан бири келажакка умид билан қараш ва етук инсон бўлиш учун ҳаракат қилишдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
“Ижтимоий одоблар” китобидан

Read 2448 times

Мақолалар

Top