Мақолалар

Исм қўйиш одоби

Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ, янги туғилган фарзандга ота-онаси ўзларига ёққан исмни танлашлари ва туғилгандан сўнг етти кун мобайнида қўйишлари лозим. Исм қўйиш вақтида боланинг ўнг қулоғига “Азон”, чап қулоғига иқомат (такбир) айтиш керак.

Машҳур ровийлардан ибн Ас-Сунний Ҳасан ибн Алидан ривоят қилиб, айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата: “Янги фарзанд кўрган киши унинг (янги фарзанднинг) ўнг қулоғига “Азон”, чап қулоғига “Иқомат” айтсин. Шундан сўнг унга ҳеч қандай ёвуз кучлар зарар қилмайдилар”, дедилар.

Янги фарзанд кўрган ота-оналар, исм қўйиш тартибини яхши биладиган бирон кишини ёки ўз масжидларининг имомини таклиф қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда имом янги фарзандга Аллоҳ таолодан узоқ умр, бахтли ва самарали ҳаёт, ўз халқига, ватанига ва динига фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишини сўраб, дуо қилади.

Исм қўйиш маросими ҳеч қандай зиёфат талаб қилмайди. Аммо, агар бу маросим “Ақиқа” маросими билан бирга, яъни, бола туғилганидан сўнг еттинчи кунида ўтказилаётган бўлса, у вақтда зиёфат Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига мувофиқ адо этилган бўлади.

Олимхон тўра ўғли Шайх Юсуфхон Шокировнинг

“Ислом ақида, ибодат ва ҳаёт тарзи” китоби асосида

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ

тайёрлади.

Read 6836 times

Мақолалар

Top