Мақолалар

ОНАНГИЗ ҲАЁТМИ? ҳар лаҳза қадрига етинг!

 

ОНА.

Бу сўзни эшитган кишининг қалбига фараҳлик инади, кўнгли таскин топиб, ҳузур-ҳаловатланади. Она – вафо, садоқат, меҳр-шафқат, муҳаббат, матонат, самимият, назокат, фаросат... тимсоли. Она меҳри ва латофати билан дунёни безаб туради. Онасиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Она қадрини унинг меҳру шафқатини, марҳаматини ҳис этганлар англаб етишади.

Тарозининг бир палласига она меҳр-муҳаббати, бошқасига эса бу дунёдаги барча жонзотнинг меҳри қўйилса, шубҳасиз, она меҳр-муҳаббати оғир келади. Она меҳри мавжуд экан, одамзот насл-насаби заволга юз тутмайди, беминнат меҳр қанотида яйраб-яшнайди. Шу меҳр туфайли гўдаклар бир парча эт ҳолидан қадди расо инсонга айланади.

Бежиз Набиййи муҳтарам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат оналар оёғи остидадир” (Имом Қузоий ривояти), деб марҳамат қилмаганлар. Мана шу ҳадиснинг нақадар чуқур маъноли эканини, афсуски, онам вафот этганларидан кейин янада чуқурроқ англаб етяпман.

Тўғри, мазкур набавий каломни олдин ҳам жума мавъизаларида жуда кўп такрорлаганмиз. Бироқ унинг олам-олам маъноларини сал эртароқ, яъни онам ҳаётлик пайтларида ҳозиргидек теранроқ англаганимда, волидамга яна ҳам кўпроқ хизмат қилиб, олтинга тенг дуоларини олиб қолган бўлар эдим.

Мана, ўн кундирки, ҳаётимиз мазмунсиз, турмушимиз рангсиз, жилосиз. Оиламиздан кўрку тароват, файзу барака аригандек, гўё. Онажон, сизсиз одамга на еган-ичгани татийди, на ширин сўз тасалли беради, кундузи ва на тунларимда ором бор.

Сизнинг ҳаёт дорилфунунингизни тамомлаган рафиқам, фарзандларим ёнимда – гирдикапалак. Айтганларимни дарҳол муҳайё қилишади. Аммо, онажон, ишдан, кўча-кўйдан, бозордан қайтганимда сизнинг “Соғ-омонмисан, яхши келдингми?” деган бебаҳо сўзларингизни соғиндим. Ишга отланаётганимда қўлингизни дуога очиб, дунёдаги энг эзгу тилакларни билдиришингиз, мени алқашингизни соғиндим.

Энди мени ким алқайди, ким дуо қилади?!

Она бор оила тинч, саранжом саришта ўчоқда олов, тандирда нон бўлар экан. Ўн кундан бери уйимиз ҳувиллаб қолди, онажон. Сизни соғинганимда келинингизга, набираларингизга кўрсатмай, тўйиб-тўйиб йиғлаб оламан. Намозу ниёзларим ортидан, Қуръон тиловат қилиб, ҳақингизга дуолар қиляпман, онажон.

Онажон, менга шунчалар меҳр кўрсатиб, ардоқлаб, кафтингизда катта қилганингизни, афсуски, сиз вафот этганингиздан кейин теранроқ англаб етяпман. Онажон, Аллоҳ таоло сизнинг қалбингизга шундай ғаройиб ва беқиёс меҳр-муҳаббат уруғини жойладики, бунинг таърифига тил ожиз, баёнига қалам ноқис ва идрокига ақл забун.

Онажон, бугун орамизда йўқсиз. Лекин, биламанки, сиз жаннат боғларида сайр қилиб юрибсиз. Чунки Набий алайҳиссалом оналар оёғи остига жаннитни поёндоз қилди.

Бир қўлингизда бешикни, иккинчисида дунёни тебратиб, мижжа қоқмасдан, бизларни ҳеч нарсага муҳтож қилмасдан улғайтирдингиз. Лекин, афсуски, сизнинг беқиёс меҳрингиз, беназир хизматингизни кеч англаб етдик.

Барча олиму уламолар, фозилу фузалоларнинг, шоиру ёзувчиларнинг, дунёга машҳур буюк шахсларнинг улуғ мавқе, мартаба ва даражаларни эгаллашлари замирида албатта онанинг хизмати беқиёс. Лекин айрим ҳолларда онанинг бу хизматлари эвазига миннатдорлик билдириш ўрнига, уни ранжитамиз.

Оналаримиз уйларимизни ёритиб, мунаввар қилиб турувчи чироқдир. Уларнинг зиёси хонадонларимизга файз бағишлаб турар экан. Лекин бу чироқ ҳам абадий эмас экан. Вақт-соати етиб, бу чироқ ўчса, хонадонларимиз қоронғи, файзсиз, тароватсиз бўлиб қолар экан.

Ана шундай пайтда кўнгилларга таскин, қалбларга хотиржамлик улашувчи Аллоҳ таолонинг каломидир. Бу илоҳий каломни ўқиб, марҳума оналаримизнинг табаррук руҳларига бағишласак, енгил тортамиз. Онажонларимизнинг руҳларини шод этамиз.

Онажон, сиз доимо қалбимиздасиз. Ҳар сония, ҳар он сизнинг хотирангиз ёдимизда. Мудом руҳингиз шод, охиратингиз обод, ётган жойларингиз жаннат боғларидан бўлсин. Қабрингиз Қуръон ва имон нури билан мунввар бўлсин. Бу ёруғ дунёда қилган барча хайрли ва эзгу ишларингизни Аллоҳ таоло охиратингизга захира айласин.

Ота-онаси ҳаёт бўлган бахтли, саодатли ватандошим, диндошим! Ҳар лаҳза бу улуғ зотларнинг қадрига етинг. Чунки улар бошингиз тожи, кўзингиз нури, қалбингиз сурури экан.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ

Read 2165 times

Мақолалар

Top