Мақолалар

 Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит. 10-ўгит: Ўзгалар уйига рухсат сўрамасдан кирманг!

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй, иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз”.  (Нур сураси, 27-оят).

Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар”-деганлар. (Имом Абу Довуд ривояти)

Хулоса:

  1. Бу хитоб айнан мўминларгадир. Яъни, сизга ва менга. Роббимиз бизга хитоб қилмоқда. Бир киши айтади: “Қуръони каримнинг қаерида “Эй иймон келтирганлар...” деган хитобни ўқисам ёки эшитсам Аллоҳ таоло худди менга гапиргандек қабул қиламан..”.
  2. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳар қандай киши уз уйидан бошқа уйга киши рухсат сўраши шарт. Рухсат берилса киради, бўлмаса йўқ.
  3. Ўзгалар уйига киришда уй эгаларига салом бериш ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғидир.
  4. Рухсат сўрашлик, салом беришлик, агар рухсат берилмаган тақдирда ортга қайтиб кетишлик мўмин киши учун энг яхши йўлдир.
  5. Инсоннинг юзига уришдан қайтарган дин бегона кишининг ҳовлисига берухсат қараган кишининг кўзи ўйиб олинса эвазига хун тўланмайди демоқда. Демак, бу шундай жирканч ва хатарли гуноҳдир.

Аллоҳ таоло бу дунёда  назарларимизни фақатгина Ўзи рози бўладиган нарсаларга туширсин. Охиратда эса жаннат неъматлари ва Ўзининг жамолини кўриш билан қувонтирсин!

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди

имом ноиби: Ёрбек Исломов

Read 2255 times

Мақолалар

Top