Мақолалар

Юртимизда виждон эркинлигига яна бир юксалиш

Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўлаяпти.

Янгитаҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳам анашундай ислоҳотларнинг давоми десак муболаға бўлмайди. Ушбу Қонун диний соҳадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш нуқтаи назаридан ўта аҳамиятга молик эди.

1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун жадал ривожланиб бораётган замон талабида ўзгариш бўлишини кутарди. Сабаби, бу тўғрисида кўп мурожаат ва таклифлар бериб келинишлиги барчага сир эмас.

Янги Қонун лойиҳа билан танишар эканмиз, ушбу Қонун айни муаммонинг ечимига сабаб бўлади деб ўйлаймиз. Аҳолимиз қанча кўпайса, ўсиши ривожланса, улардаги онг-шуур ўзгариб бориши, қонун тизимларини ўзгаришини ҳам тақозо этарди.

Ушбу Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасисайтининг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилгани айни муддао бўлди. Чунки, ўзгаришлар кўп миллатли аҳолимизни талаб-истаги бўлди, улар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлдилар.

Ушбу қонун лойиҳаси ҳақида гап кетганда, аввало, уни ишлаб чиқишда Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш ўринли.

Ушбу Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олинганлиги диққатга сазовордир.

Янги Қонун лойиҳасидаги биргина диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилганлиги айни муддао бўлди десак, муболаға бўлмайди. Чунки қайсидир динга мансуб диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда 100 нафар шахсга мурожаат қилинар эди, ўзи мавжуд бўлмаган ташкилотга розилигини олиш лозим бўлар эди. Энди бу муаммо ўз-ўзидан аризачилар сонини камайтириш билан ечимини топиб олади Инша Аллоҳ.

Шунингдек, Қонунда диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилиши, виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланиши, виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилиши, ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланиши ва ҳоказоларни келтиришимиз мумкин.

Жамиятдаконфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни бузишга кўмаклашувчи миссионерлик ва прозелитизмнинг ҳар қандай кўринишларини чеклаш белгиланганлиги аҳолининг жипслигини таъминлашга қаратилган катта кафолат бўлади дея оламиз.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун лойиҳаси юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг  ўзига хос хусусиятларини теранлаштиради, барқарорлаштиради дейишимиз жоиз бўлади.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Read 2444 times

Мақолалар

Top