Мақолалар

“Иегова шоҳидлари” ёҳуд динидан қайтганлар

Албатта, ҳамду санолар Аллоҳникидир! Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоятга элтувчи йўқ. Гувоҳлик берамизки, ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. Яна гувоҳлик берамизки, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва расулидир.

Бугунги глобаллашув замонида инсонлар орасида бошқа динни тарғиб қилиш, тўғрироғи динни эмас, балки дин ниқоби остида самовий динларнинг барчасига зид бўлган ғояларни ёйиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати хавфи ўз долзарблигини йўқотмай келмоқда.  Бу ҳаракатлар асосан жимжимадор шиорлар ва “хайрия” тадбирлари остида олиб бориляпти.

Миссионерлик билан шуғулланаётган ташкилотлар, уларнинг қандай номланишидан қатъий назар, фаолиятининг турлари деярли бир хил:

- “Библия”нинг маҳаллий тилга таржима қилиниши ва текинга тарқатилиши;

- даъват қилинаётган шахсларнинг савиясига мос равишда китоб, рисола  ва шу кабиларни етказиш;

- уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўзларига янги эргашувчиларни жалб қилиш;

- “Библия”ни тадқиқ қилишга қаратилган видео маҳсулотларни имкон қадар кўпроқ тилларда тайёрлаб, тарқатиш;

- даъватларга, заррача бўлса-да, мойиллик билдирган, “қизиққан” одамларни қидириш;

- уларни таълимотни қабул қилишга тайёрлаш;

- даъват қилинаётган одамнинг онгига Библия курслари ва унинг матнини ўрганиш орқали диний таълимотларини сингдириш кабилардир.

 Бир қарашда, ушбу мавзу бўйича кўп гапирилган, йиғилиш ва тадбирлар ўтказилган, мақола ва рисолалар чоп этилган, ҳаттоки, ҳаётдан олинган фильмлар ҳам намойиш этилган ва юртдошларимизнинг миссионерликнинг аянчли оқибатидан хабардорликлари аниқ кўриниб тургандай туюлади.

Бироқ, шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳали-ҳануз баъзи нодон, нонкўр кимсалар “миссионер” деб номланаётган шайтонларнинг тўрига илиниб, бошқа юртдошларимизни ҳам ўзлари томон чорламоқдалар. Айниқса, бу ифлослик билан аёлларимизнинг шуғулланаётганини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Ҳа-ҳа, аёллар, аёл бўлганда ҳам баъзилари набираларини эркалатиб, фарзандларини, эл-юртни дуо қилиб ўтирадиган нафақа ёшидагилар, бир рўзғорни обод қилдаган ўрта ёшлилар, ҳали бутун ҳаёти олдинда бўлган ёш қизлардан иборат бир гуруҳ шу бугунимизда “Иегова шоҳидлари” ташкилоти ғоялари билан йўғрилган китоблар асосида йиғилишлар ўтказиб, миллатимиз бирдамлигига раҳна солишга интилаётганини қандай баҳолаш мумкин?

Аёлни эъзозлаб, бошига кўтарган муқаддас Ислом динидан воз кечиб, ўзга ғоянинг найрангларига ўйнаётган аёллар ўзлари танлаган йўлни яхши англаб етганмикинлар? Албатта йўқ, улар қандай оғир ишга қўл урганларини, икки дунёларини ўз ҳатти-ҳаракатлари билан барбод этганларини чуқурроқ ўйлаб кўрмаганлар.

Келинг, улар танлаган йўлдагилар аёлларга берган баҳоларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.

Библия Ҳаввони айёр, алдамчи, гуноҳга мойил аёл сифатида тасвирлайди. Мана шу нарса яҳудий ва масиҳийлар ақидасида аёл тушунчасининг салбий маъно касб этишига олиб келган. Библия таълимотига кўра, аёл зоти гуноҳни оналари - Момо Ҳавводан мерос қилиб олган бўлиб, ишончсиз, хиёнаткор ва беодоб сиймода намоён бўлади. Аёлларнинг ҳайз ва нифос кўриши, ҳомиладорликда чекадиган озор ва оғриқлари эса Ҳавво қилган гуноҳ учун уларга берилган абадий азоб эмиш. Иш шу даражага етиб борганки, Библия бирор ёмон ҳулқ ёки амални тасвирлашни ирода этса, ўша нарсани аёлга ўхшатади: “Мен мана бу нарсани билдим. Аҳмоқлик бир аёлга ўхшайди. У ўзи тузоқ, юраги тўр, қўллари эса занжирдекдир. У ўлимдан ҳам аччиқроқ экан. Худога маъқул келадиган ишларни қиладиганлар ундан қоча оладилар, лекин гуноҳкор унинг қўлларига тушади”.

Библияда (Ecclesiasticus 25/19-24) шундай дейилган: “Аёл гуноҳига тенг келадиган бирор гуноҳ йўқдир. Қандайин гуноҳ бўлса, албатта ортида аёл турган бўлади. Аёл сабабли барчамиз ҳалокатга учраймиз”.

Яҳудий Ҳохом (раввин) аёл киши жаннатдан тушгандан кейин тўққиз лаънат ила лаънатлангандир дейди ва уларни қуйидагича санайди: “Аёлга тўққиз лаънат бўлади, сўнгра вафот этади. Ҳайз кўриш, қизлик қони, ҳомила машаққати, туғиш, болалар тарбияси, азадор каби бошини ўраб юриш, ҳайвонлар сингари қулоғининг тешилиши, гувоҳлиги қабул қилинмаслиги. Буларнинг ҳаммасидан кейин ўлим ҳам бордир” (Leonard J.Swidler, Women in Judaism: the Status of Women in Formative Judaism (Metuchen, N.J: Scarecrow Press, 1976, p.115).

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бебаҳо қадриятларимиз, муқаддас динимиз, шарқона мукаррамликдан кечиб, танлаганлари ана шундай хорликдир.

Бундан ташқари, муқаддас Ислом динимизда ўз эътиқодидан воз кечишлик “муртадлик” дейилади. Бу эса кечирилмас гуноҳдир. У, бугунги кун таъбири билан айтганда, улкан хиёнат кабидир. Агар қайтмаса, муртадликни тарк этмаса, унга ўлим жазоси қўлланилиши мумкин.

Диндан қайтиш энг оғир гуноҳдир. Бошқа динга ўтиб кетиш шариатимизда кечирилмас маъсиятдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунё-ю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217-оят).

Диндан қайтган кимса устида қуйидаги шаръий ҳукмлар жорий бўлади:

 У билан хотини (аёл киши бўлса, эри) орасидаги никоҳ бузилади.

  1. Болалари унинг қарамоғидан чиқади.
  2. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.
  3. Унга диндан қайтганлик ҳукми эълон қилинади.
  4. Ўлса ювилмайди, кафанланмайди, унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.
  5. Ўша ҳолида ўлса дўзахий бўлади.

Аммо, у вақтида эсини йиғиб, ўлиб кетмасидан аввал Ислом динига қайтса, Имоми Аъзам ва Имом Молик мазҳабларига кўра, ҳаммасини бошқатдан бошлайди, унга Аллоҳ яна бир бор имкон берар экан.

Ўзбекистон Республикасида миссионерлик фаолияти қонун билан таъқиқланган. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси, Жиноят кодексининг 145, 216, 216-1, 217, 244-3-моддалари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2, 201, 202-1, 240 ва 241-моддаларига кўра республикада миссионерлик ҳаракати ман этилади.

 

Қуръони каримда:

 وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

 “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз”, (Ҳарш, 7) деб таъкидланган. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам келтирган энг буюк нарса Қуръон бўлиб: “Ҳолбуки, у (Қуръон барча) оламлар учун эслатмадир”. Каломи шарифда эса “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103) демоқлик билан, бирдамликка, ўзаро ҳамкорликка, халқлар, миллатлар орасига раҳна солмасликка чорланади.

 

Юртимизда ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида давом этаётган миссионерлик фаолиятини ўз ўрнида англаш, улардан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаракатларни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб муаммоси эканлигини ҳар биримиз англашимиз лозим.

Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили ўринбосари,

“Имом Бухорий” масжиди имом-хатиби

Read 10095 times

Мақолалар

Top