Мақолалар

Ислоҳотлар – ютуқларимиз асоси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳга ҳамд, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!

Жонажон юртимиз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлашга ҳам саноқли кунлар қолди. Мустақиллик йилларида хусусан, ўтган уч-тўрт йилда мамлакатимиздаги барча жабҳаларда ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Шу жумладан, диний соҳада ҳам қатор ютуқлар қўлга киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва қарорларининг қабул қилиниши диний соҳанинг янада ривожланишига ҳуқуқий асос бўлди.

Тошкент шаҳрида Ислом цивилизация маркази, Самарқандда “Калом ва ҳадис” мактаби, Бухорода Мир Араб Олий мадраси ва Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби, Фарғонада “Ислом фиқҳи” мактаби, Сурхондарёда “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот” маркази ва янги мадраса, масжидлар, вилоятимизда эса “ Абу Муъин ан-Насафий” номидаги “Ақида илми” мактаби очилди.

2020 йил 11 август куни Давлатимиз раҳбарининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази”ни ташкил қилишдан мақсад Имом Мотуридий, Абу Муъин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби Ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялашдир. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши ҳам диний соҳада узоқ йиллардан бери кутилган янгилик бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Ҳозир коронавирус пандемияси бутун дунё халқлари соғлиғига хавф солиб турган пайтда диний соҳада хизмат қилаётган ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қуввватлаш учун ёрдам маблағи берилди. Бу ёрдам маблағлар Қурбон ҳайити арафасида республакамиздаги барча диний ходимларга бориб етиб, уларни чексиз қувонтирди. 

Юртимизда биз фуқароларга қилинаётган бундай ғамхўрликлар,  амалга ошаётган  ислоҳотлар шунчаки эмас, балки шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг соғлиғи, келажаги, шу юртнинг тараққиёти, фаравонлиги учун қилинаётган ишлардир.

Шу сабабли, кўрсатилаётган ғамхўрликлар, қилинаётган ислоҳотлар учун Давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирган ҳолда уларнинг ҳақларига дуолар қилишимиз лозим. Қўлимиздан келганча юртимизнинг тинчлиги, осойишталиги ва фаравонлиги йўлида хизмат этмоқлигимиз даркор.

Яқинлашиб келаётган байрам барчамизга муборак бўлсин. Аллоҳ таоло юртимизни Ўз паноҳида асрасин!

Руҳиддин АКБАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими

Read 2188 times

Мақолалар

Top