Мақолалар

Қанча шукр қилсак, шунча оз

Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотларимиз бўлсин!

Саноқли кунлардан сўнг Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаймиз. Мамлакатимиз мустақиллиги ҳам Аллоҳ таолонинг бизга берган буюк неъматларидан биридир.

Маълумки, Аллоҳ таоло инсониятга санаб ҳисобига ета олмайдиган даражада неъматларини берган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва У сизларга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, саноғига ета олмайсиз” (Иброҳим сураси, 34-оят).

Ушбу оят тафсири ҳақида “Тафсири Ирфон”да бундай дейилади: “Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этиб қўйган барча неъматларининг ҳисобига етиш жуда мушкул иш. Биз билган ва билмаган барча нарсалар Аллоҳ ато қилган неъматлар денгизининг бир томчиси, холос. Ушбу ояти каримада У Зот айтаяптики, Мен инсонларга ато қилган неъматларимни санамоқчи бўлсанглар, уларнинг ҳисобига асло етаолмайсизлар. Масалан, сиҳат-саломатлик, куч-қувват, узоқ умр ва шу кабилар ҳам неъматлар жумласига киради”.

Мустақиллик ва бу даврда эришилган ютуқлар, ўзгаришлар ҳақида гапириш ҳам шу неъматнинг шукронаси ҳисобланади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукрдир, неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир”, деганлар.

Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳаётнинг барча жабҳаларида турли ислоҳотлар қилиниб, ижобий туб ўзгаришлар юз берди. Ана шу ижобий ўзгаришлар эвазига барча соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилди. Шу жумладан, диний соҳадаги ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бериб, катта муваффақиятлар қўлга киритилди. 
Агар диний соҳадаги ютуқлар ҳақида Қашқадарё вилояти мисолида гапирадиган бўлсак, қуйидагиларни айтишимиз мумкин:

Абу Муъин Насафий каби ўнлаб бобокалонларимиз мангуга қўним топган табаррук масканлар тубдан янгиланиб, халқимиз фахрланиб зиёрат қиладиган гўзал зиёратгоҳга айлантирилди, кўплаб масжидларимиз қайта қурилиб, ибодат қилиш учун қулай ва шинам масканларга айлантирилди, бир қанча янгилари очилди, араб тили ўргатувчи ўқув курслари ташкил қилинди, вилоят мўмин-мусулмонлари умра зиёратларига бориб-келишлари учун квоталар кўпайтирилиб, узун навбатлар бартараф этилди, вилоятдаги жоме масжидларда фаолият олиб бораётган имомлар Тошкент ислом институтида ташкил этилган модул ўқув тизими орқали илмий салоҳиятларини янада оширишга муваффақ бўлмоқдалар.

Албатта барча соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий соҳадаги ўзгаришларни ҳам узоқ санашимиз мумкин.

Маълумки, ҳозирги кунда коронавирус пандемияси хасталигини олдини олиш йўлида вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда самарали иш олиб борилмоқда. Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсат инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган десак, адашмаган бўламиз. Халқ ғами билан яшаш, халқни рози қилиш ҳақиқий инсонпарвар кишининг ишидир. Халқ ғами билан яшаш энг фазилатли амал эканини ўз даврида шоирлар султони Алишер Навоий ҳам қуйидагича таъкидлаган эдилар:

Одами эрсанг, демагил одами,

Оники, йўқ халқ ғамидин ғами.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга ошаётган ислоҳотлар шунчаки ислоҳот эмас, балки инсон учун ва унинг фарвон ҳаёти учун қилинаётган ишлардир. Шу сабабли албатта, биз кўрсатилаётган барча ғамхўрликлар учун Давлатимиз ва барча раҳбарларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Чунки инсонларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга ташаккур қилмаган, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди” (Имом Термизий ривояти), деганлар.

Бугунги мураккаб бир даврда ҳар биримиз давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларга беэътибор бўлмаслигимиз ва буларнинг барчаси учун шукр қилиб яшашимиз лозим. Агар шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини бундан ҳам зиёда қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Ва Роббингизнинг “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга (неъматларни) зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб эълон қилганини ҳам эсланг”.

“Тафсири Ирфон”да: “Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани-ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос”.

Аллоҳ таолога тинч, хотиржам ва фаравон ҳаётни ато қилгани учун қанча шукр қилсак, шунча оз. Аллоҳ таоло юртимизни Ўз паноҳида асрасин! Барчамизга Ватанимиз мустақиллиги муборак бўлсин!

Раҳматилла УСМОНОВ
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

Read 2022 times

Мақолалар

Top