Мақолалар

“Янги авлодга бағишланган ислоҳотлар...”

“Бир киши туғилиб, вояга етиб, оила қуриши ва оиласини тебратишга киришишга қанча вақт ёки неча йил керак?” деган савол берилса, “тахминан 30 йил” деган жавобни эшитсак керак.

Юртимиз ҳам йигирма тўққизга тўлиб, ўттиз ёшга қадам қўйди. Ўша ўзининг мустақил оиласи бор ёшларнинг фарзанди бўлса неча яшар бўларди, “5-6 ёш” дейилса керак. Бутун халқимиз ҳам ана шундай ёшдаги юрт бағридаги фарзандлармиз, юрт эса бизнинг бағримизда. Шу ёшдаги фарзандга ота-она қандай меҳр қўйиб, унинг истиқболи учун ҳаракат қилса, биз ҳам юртимиз, унда вояга етаётган фарзандларимиз ва кейинги авлод келажаги учун шундай ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ўтган қисқа давр давомида юртимиз туб қўйиб, палак ёзадиган давр бўлган бўлса, эндиликда унинг камолотини янгидан-янги ғоя, режа ва ҳаракат, бир сўз билан айтганда “ислоҳот”лар таъминлайди.

Ислоҳот сўзи араб тилида қуйидаги маъноларни англатади:

أَصَحّ – тўғрилаб қўйиш

 أَصْلَح- яхши томонга ўзгартириш

 صَحّح- тузатиш (даволаш)

 عَدّل- тўғрилаб қўйиш (қаддини)

 قَوَّم- оёққа турғизиш (кучайтириш)

 يُحَسِّن- чиройли ҳолатга келтириш

يعَالج- тузатиш, даволаш ва ҳ.к.

Ушбу маъноларни “яхши томонга ўзгартириш” деган тушунчага жамлаш мумкинлиги маълум бўлмоқда.

Жамиятимизда сўнгги йилларда кечаётган тарихий ўзгаришлар айни ислоҳот дейилишига тўла мос. Зеро, оёққа турган мустақил жамият, давлат бир хилликда ҳаёт кечириши давлатчилик ва жамиятшунослик қоидаларига ҳам зид ҳисобланади. Бугунги кунда эса, дунёнинг шиддат билан тараққий этиб бораётган пайтда, одам тафаккури, интеллект ва ахборот технологиялари прогрессив ривожланаётган шароитда, жамиятимизда мавжуд фаолият кўрсатаётган тармоқ ёки жабҳалар ислоҳот қилиниши давр талабига айланиб бўлди.

Буни тўла масъулият ва узоқни кўзлаб юртимиз равнақи, халқимиз кенгқамровли ривожи учун ислоҳотлар ташаббускори бўлган муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар жамиятимиз қизғин ҳаётига янги ранглар ва умидлар қўшиб келмоқда.

Жамиятимиз янгиланиш босқичи – ислоҳотлар диний соҳада ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, яқин кунларда Имом Мотуридий халқаро илмий-адқиқот маркази очилиши ёки жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни янгиланган лойиҳасида ўзининг аксини топган тамойиллар, соҳанинг тубдан такомиллаштириш ва ислоҳот қилиш ҳаракатларининг ўзи деб баҳолаш мумкин.

Ушбу ислоҳотлар дунёнинг етакчи давлат мутахассислари фикрларида ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, АҚШнинг Ж.Хопкинс университети Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Ф.Старр ҳамда ушбу институт директори С.Корнеллар «Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель» номли мақолаларида “Ўзининг бой ўтмишга эга эканини эътироф этиш билан бир қаторда, Ўзбекистон ана шу тарихни илмий асосда ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ қилишга ҳаракат қилаётгани бутун мусулмон дунёси учун авваллари учрамаган, янги йўналишни тақдим этмоқда”, деб айтилган. “Янги йўналиш” бу ислоҳот натижасида вужудга келган натижа.

Шу ўринда сўзни мухтасар қилиш машойихларнинг насиҳатларини келтириш ўринлидир,

"أصلح لهم دينهم، تنصلح دنياهم" - “Одамларнинг динларини яхши ҳолатга келтирсангиз, дунёлари ўзи обод бўлиб кетади”. Нақадар ажойиб насиҳат. Зеро, диний туйғуларини хотиржам ва тўлақонли туйган одамнинг ихлоси, муҳаббати асосида қилинган дуолари, илтижолари албатта қабул бўлишида шак йўқ.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар қаторида динимиз равнақи, халқимиз диний-маънавий жабҳасининг тобора яхшиланиб ва янгиланиб бориши йўлида кечаётган ижобий ўзгаришлар натижасида, албатта, янги авлод мутахассислари –Бухорий, термизий, Насафий ва Мотуридий каби олимлар чиқишида катта умид боғлаб, хайрли дуоларда бардавом бўлайлик.

Обод юртимиз бағрида вояга етаётган ёш авлод саодатли, диёнатли бўлиб Ватан содиқ фарзандлари бўлиб, юрти учун ҳаракатчан, куюнчак бўлиб етишишларини Яратганнинг ўзи насиб қилсин.

 

Шавкат ХАМДАМОВ,

ЎМИ етакчи мутахассиси,

Тошкент шаҳар “Тўра бува

 жоме масжиди имом-хатиби

Read 1963 times

Мақолалар

Top