Мақолалар

Ўзбекистон бутун дунё учун диний эркинлик таъминланган эркин жамиятга ўтиш йўлини биринчи бўлиб кўрсатмоқда — С.Браунбек​

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раислигида янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича онлайн маслаҳатлашувлар ўтказилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идорасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ричард Коменда иштирок этди. Шунингдек, АҚШ давлат департаменти, Халқаро диний эркинлик бўйича комиссия, Глобал жалб қилиш институти (IGE) мутасаддилари, Бригам Янг университетининг Ҳуқуқий ва диний тадқиқотлар халқаро маркази мутахассислари қатнашди.

Йиғилишда қонун лойиҳасига киритилган асосий ўзгаришлар муҳокама қилинди. Унга кўра, хусусан, қонунчиликда қўлланилган таърифларга аниқлик киритилди, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принциплари белгиланди. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият тартиби соддалаштирилди, давлат органларининг тартибга солиш функциялари оптималлаштирилди.

Онлайн муҳокамаларда сўзга чиққан АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самюэл Браунбек Ўзбекистоннинг диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги муваффақиятли қадамларидан хурсанд эканини таъкидлади. «Маҳбусларни озод қилиш, қонунчиликни либераллаштириш, вояга этмаганларнинг масжидга келишига рухсат бериш, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш — буларнинг барчаси эътирофга молик ютуқ», - деди у.

— Сиз нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё учун диний эркинлик таъминланган эркин жамиятга ўтиш йўлини биринчи бўлиб кўрсатаётганингизга чин дилдан аминман, - деди АҚШ давлат департаменти вакили.

БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган очиқ мулоқот учун миннатдорлик билдирди ва яқинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тақиқланган ташкилотлардаги иштироки учун озодликдан маҳрум қилинган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида қарорини юқори баҳолади.

БМТ вакили қонун лойиҳасининг асосий афзалликларини диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш билан изоҳлади. Шу билан бирга, лойиҳада мустаҳкамланган қонунийлик, тенглик ва дунёвийлик тамойилларини мустаҳкамлаш учун Аҳмад Шаҳид қонун лойиҳасининг қоидаларини Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Дин ва эътиқодга асосланган ҳар қандай муросасизлик ва камситишни йўқ қилиш тўғрисидаги декларация, Работ режаси ва ҳаракатлари нормаларига мослаштиришни таклиф қилди.

Махсус маърузачи, шунингдек, қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани, шунингдек, ҳужжатни ЕХҲТ экспертлари ва Венеция комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этилишини маъқуллади.

Глобал жалб қилиш институти раҳбари Крис Сайпл сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилган ўзгаришларни «чиқаётган қуёш»га қиёслади. IGE раҳбари қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлаб, диний эркинликни таъминлашнинг ўз моделини амалга оширишда Ўзбекистон тажрибаси бошқа мамлакатлар томонидан ўрганилишига умид билдирди.

Бригам университети профессори Янга Элизабет Кларк ўз маърузасида қонун лойиҳасида акс эттирилган болаларнинг ибодат қилишда тўсиқсиз иштирок этишига рухсат бериш ва хусусий диний таълимга қўйилган чекловларни олиб ташлаш, диний ташкилотлар учун рўйхатдан ўтиш жараёнини сезиларли даражада соддалаштириш, уларнинг автоном ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ташкилот раҳбариятини тайинлаш ва хайрия тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ асосий ижобий ўзгаришларни эътироф этди.

Маслаҳатлашувлардан кейин онлайн-тадбирнинг айрим иштирокчилари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасининг тақдимоти хусусида шарҳлар қолдирди. Хусусан, Халқаро диний эркинлик бўйича комиссия раисининг ўринбосари Надин Маэнза «Ўзбекистонда дин тўғрисидаги янги қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига қўшилиш мен учун шараф. Бунда очиқ ва ошкора жараённи кузатаётганимдан хурсандман. Комиссиямиз аъзолари давом этаётган ўзгаришлардан мамнун”, деб ёзган.

Глобал жалб қилиш институти президенти Крис Сайпл ҳам Фейсбукдаги саҳифасида қуйидаги мазмунда хабар жойлаштирган: «Бу икки соат давом этган чин маънодаги мазмунли баҳс бўлди. Онлайн йиғилишимиз ўзбекистонлик дўстлар билан уч йиллик яқин ҳамкорликни намойиш этди. Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси халқаро меъёрларга мос келади ва бунда Ўзбекистон маданияти асос бўлиб хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ўзаро маслаҳатлашувларнинг очиқ жараёни бошқалар учун намуна бўла олади».

 

xs.uz

Read 2093 times

Мақолалар

Top