Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит I 14-ўгит: Аёлингиз билан муроса қилинг!

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  

14-ўгит: Аёлингиз билан муроса қилинг!

Роббимиз жалла ва аъло айтади:  “Улар (аёллар) билан яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар, чунки аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!» (Имом Бухорий ривояти)

Хулоса:

  1. Аллоҳ таоло эркакларни аёллар билан муроса қилиб яшашга буюрмоқда. Бу эса ўз навбатида оиланинг тотувлиги учун энг аввало эркак киши масъул эканлигини англатади.
  2. Аёл кишининг баъзи ҳислатлари эркак кишига ёқмаслиги мумкин. Лекин, бу оилани бузиш учун сабаб бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло ёқмаса ажрашиб кетинглар, демади. Балки, яхшилик билан яшашга буюрди.
  3. Инсонга ёқмайдиган нарсаларда фақат ёмонлик бўлади дегани эмас. Чунки, Аллоҳ таоло гоҳида кўп яхшиликларни инсон ёқтирмаган нарсага ҳам жойлаб қўяди.
  4. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлларга чиройли муомала қилишга буюрганлар.
  5. Аёл киши эркаклардек мукаммал эмаслигига юқоридаги ҳадис далолат қилади. Демак, аёл кишидан мукаммаллик кутиш, унинг баъзи камчиликларига “кўз юммаслик” оқил кишининг иши эмас.
  6. Шу билан биргаликда, ўз ҳолига ташлаб қўйишлик ҳам мумкин эмас. Баъзи бир камчиликларига эътибор берилмайди. Бироқ, гўзал муомала билан тарбия қилиб борилади.
  7. Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифда оилани пароканда қилмасликка тарғиб бор. Қолаверса, аёлининг баъзи камчиликларига сабр қилиб яшаган киши учун кўп яхшиликлар берилишлигининг башорати бор.

Аллоҳ таоло аёлларимиз билан Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрганидек муроса қилиб яшашга тавфиқ берсин. Аёлларимизга қилган яхшиликларимиз эвазига қизларимизга ҳам, опа сингилларимизга ҳам солиҳ ва  муттақийн  жуфти ҳалоллар ато қилсин!

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:

Ёрбек Ислом

Read 2496 times

Мақолалар

Top