Мақолалар

Ноўрин даъвога раддия

Сўнгги пайтларда “Озодлик” радиоси ҳақида бутун инсоният ҳозирда кенг фойдаланаётган интернет тармоғи орқали баъзан-баъзан асоссиз фитналар, миш-мишлар, бўҳтон ва уйдирмаларни эшитиб қоламиз, эшитган одамлар ҳам ҳеч қандай ижобий муносабат билдирмай, афсус билан бир хўрсиниб қўя қолади.

Мен Андижон вилоятиданман, бир масжидда имом-хатибман. Имом-хатиблик фаолиятимни бошлаганимдан буён нафақат меҳробда балки, ташкилотлар, муассасалар, таълим даргоҳлари шунингдек, матбуот ва интернет сайтларида ҳам муқаддас динимизга оид маърифий ислом тарғиботини олиб бормоқдаман. Бу Аллоҳнинг берган улкан неъмати деб биламан ва биз бунга истиқлол туфайли эришдик. Юрт ва Ватан озодлиги, истиқлол учун жон фидо қилганлардан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин. Истиқлолдан олдин матбуотда дин ҳақида бир сатр тугул дин деган сўзни ёзиш мумкин эмас эди. Фақат динни қоралаш учунгина бўлиши мумкин эди, холос. Ушбу мақола ҳам ўз ижодимдан бир намуна. Чунки, жамиятда бир иллат пайдо бўлса, ёки бирор хунук иш авж олса, амри маъруф ва наҳий мункар фарз бўлгани юзасидан албатта имкон қадар ундан одамларни қайтаришга ҳаракат қиламан, бу хислат ва ҳаракат биргина менинг эмас, балки бутун Ўзбекистон диёрида ишлаётган имом-хатиблар ва барча диний ходимларнинг бош мақсадидир.

Мавзуни “Озодлик” радиосидан бошлашимнинг 2 та асосий сабаби бор. Биринчи сабабини юқорида қисқача баён қилиб ўтдим. Чунки, доимо фитна билан яшайдиган, бўҳтон билан нафас оладиган, халқ ўртасига нифоқ уруғини сочадиган бу радиога анчадан буён раддия беришни ўйлаб юрардим. Панада туриб тош отиш, ўзбекнинг, мўминнинг иши эмас. Минг афсуски, минг ҳижолатга қўядиган жиҳати, ўша диёрнинг нариги четида туриб, ўзбек тилида ўзбек халқига, Ўзбекистонимга тош отаётганларида қалбимда бир ўй мени қийнайди, булар ҳақиқий ўзбек эмас, ўзбек тилини ўрганган фитначилар дейман. Чунки, томирида ўзбек миллатининг қони оқаётган ҳақиқий ўзбек фарзанди она юртига тош отмайди. Бунга тарихдан кўп мисоллар бор. “Озодлик”дагилар бу тарихий шахсларни биздан яхши биладилар. Лекин, улар бу буюк сиймоларга авлодлик даъвосини қилишга ҳаққи йўқ. Чунки, уларнинг зурриётларидан ватан хоинлари чиқишлари асло мумкин эмас. Мен бунга аминман. Аждодларимизнинг ватанпарварлигига шак-шубҳам йўқ. Бироқ ҳозирги замон ўзбек фарзандлари ҳам мана шу аждодларига муносиб фарзандлардир. Мен бунга ҳам бир ўзбек фарзандининг ҳаётидан мисол келтирмоқчиман.

Мактабда ўқиётган чоғларимда адабиёт фани дарсида ўқитувчимиз бир ўзбек шоирини, ҳозир исми аниқ эсимда йўқ, ватанга бўлган муҳаббатини айтиб берди. Ватандошимиз Канадага хизмат сафари билан маълум муддатга борган. Хизмат сафари тугагач, Ўзбекистонга қайтишдан олдин унга канадалик шериклари, ҳамкасблари, бирор жойга сафарга чиқишдан олдин қилинадиган канадача урфни ўргатишмоқчи бўлишган. Уларни одатига кўра “киши бирор сафарга чиқмоқчи бўлса, дунё харитасидан, ўша жойни топиб, игна санчиши лозим экан, шунда у бехатар кўзлаган манзилига етиб олади”,- деган фикр бор экан. Ватандошимизни чақиришиб, уни харита олдига тик тургизишиб, қўлига игнани беришиб, ўзларининг амалларини тушунтиришибди, шунда ватандошимиз, игнани қўлига олган ҳолда харитадан Ўзбекистон диёрини топиб, қуйидаги маънодаги шеърий мисрани ўқиб йиғлаб, игнани улоқтирган экан. Маъноси шуки, “мен юртимга бехатар етаманми, ёки етмайманми, бироқ сени ҳатто суратингга тикон санчмасман, Ватан”. Воқеъани кузатиб турган канадалик ҳамкасблари нега йиғлаётганини сўрашганида, ўз шеърини уларга таржима қилиб берганида, уларни ҳижолатдан юзлари қизарган ва бу ишларидан уялган экан.

Мақолани ёзишимга иккинчи туртки, менинг динимга, касбимга, ҳамкасбларимга ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимига отилган тошдир.

2017 йил 31 январь куни барча ташкилотларда бўлгани каби Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилоят вакилигининг катта мажлислар залида вилоятда фаолият кўрсатаёган барча масжидлар имом-хатибларининг 2016 йил якунларига, йил сарҳисобига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда имом-хатибларнинг ютуқ ва камчиликлари муҳокама қилинди. 2016 йилда имом-хатиблар томонидан эришилган ижобий натижалар айтиб ўтилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам санаб ўтилди.

Жумладан, ОАВда ва интернет тармоғида чиқишларда фаол бўлганлар санаб ўтилди.

Вакиллик раҳбарияти имомларни аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига ёрдам беришга тарғиб қилиш, етимпарварлик, саҳоватпешалик динимизнинг кўрсатмаларидан эканлигини имом-хатибларга эслатиб ўтди.

Йиғилишдан сўнг ҳамкасабаларимиздан бири гўёки, ўзларини ҳуқуқ ҳимоячилари деб билган “Озодлик” радиосига телефон орқали шикоят қилибди. Ҳар доимгидек, “Озодлик” воқеани батафсил ўрганмай туриб, барча муҳокама қилинган масалаларнинг аксини ёзиб, радио тўлқинларида достон қилиб ўтирибди. Майлиям, дейлик, у фитна билан нимага эришишди, ҳайронман.

Менимча, йиғилишда айтилган фикрлар шариат доирасида айтилган, зеро мақола чиқариш, бу динни шое қилиш, яъни тарғиб қилишнинг бир усулидир. Имом хутбасида бир жамоани қамраб олса, ОАВ ва интернет орқали жуда катта жамоани қамраб олган бўлади. Имомни ОАВ ва интернет тармоғида кўпроқ ва фаолроқ чиқишларга тарғиб қилиш бу манфаатдан бошқа нарса эмас. Чунки, интернет ёки ғарб оламининг ОАВларида фаҳш ва бузғунчиликка, турли экстремистик оқимларнинг ғоялари тўлиб тошган пайтда, имом-хатибларнинг бу фожеалардан халқимизни асраб, уларни тўғри йўлга бошлаш учун қилаётган саъй-ҳаракатларидир. Йиғилишда мақолалар сонини кўпайтиришга эмас, балки мақолаларнинг сифати ва савиясини яхшилашга ҳаракат қилиш бўйича тавсия берилган. Бу, ҳам  шариат ва ҳам умуминсоний тамойилларга зид эмасдир. Демак, шу хулосага келиш мумкинки, шикоят қилган имом фақат ўз нафсини ўйлайдиган яъни, унга маросимлар бўлса бас, инсонлар маънавий аҳволи, тақвоси, ибодати, тинчлик-осойишталиги уни умуман қизиқтирмас экан-да.

Хабарда келтирилган “бойлардан олиб камбағалга берасан” деган гап умуман йиғилишда айтилган эмас, балки аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига ёрдам беришга тарғиб қилиш, етимпарварлик, саҳоватпешалик динимизнинг кўрсатмаларидан эканлигини имом-хатибларга эслатиб ўтилди.

Шунингдек, вакиллик раҳбарияти томонидан имом-хатибларнинг ахлоқи, одоби, имомлик масъулияти, муомала маданияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Бу хабарни интернет орқали кўрган ва эшитган имом-хатиблар бундай имомнинг савияси паст эканлиги, илмсизлиги, касбига ҳурматсизлиги, масъулиятсизлиги ҳақида гапириб, ундай имомга бизнинг орамизда жой йўқ, деб айтмоқдалар. Шариатдан хабари бор одам орқадан туриб, туҳмат қилиб, фитна қилмайди. Зеро шариатимиз инсонни дунёда фитна-фасод, бузғунчилик қилишдан қайтаради. Ана шу имомга ва “Озодлик” радиоси жамоасига бир насиҳатим бор. Турли хил фитналарни кавлаш, уларни тарқатиб, одамлар орасида бузғунчилик, фитна ва фасодни тарқатишдан олдин Аллоҳ таолонинг Каломи -Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳадиси шарифларида фитна қилмасликка доир оят ва ҳадисларни кўриб олсинлар. Зеро, ер юзида бузғунчилик, фитна ва фасод қилғувчиларга охиратда аламли азоблар борлиги ҳақида бир қанча ваъийдлар келган. Бу ишни ким қилганлиги ёки “Озодлик”нинг мухбирлари кимлиги маълум бўлмас, лекин, хабарларда келишича, қиёматда Яратганнининг ҳузуридан инсоннинг барча амаллари ошкор қилинганида, инсоннинг аъзолари туҳмат ва бўҳтонларни эшитган қулоқлари, фитналарни ёзган ва тарқатган қўллари, радиода сўзлаган тиллари тилга кириб, барча қилган маъсиятлари ҳақида айтиб берганида, не аҳволга тушишларини ўйласинлар. Вақт ва имкон борида тавба қилинг, бундай фасод ишларни тўхтатинг, инсониятга, юртга, Ватанга, халққа яхшилик қилишга ўтинг.

Сизларда танқид қилган мақолалар шу йўсинда нотўғри йўлдан кетаётган одамларни, ўзимизни ислоҳ қилишлик учун ёзилади. Аллоҳу таоло барчаларимизни фитна, фасод, бузғунчилик қилишдан сақласин. Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин.        

 Андижонлик имом     

Read 4709 times

Мақолалар

Top