Мақолалар

Масжидга борганнинг хатоси ўчирилиб, даражаси кўтарилади

Масжидлар фазилати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ҳадиси шарифлари бор.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат этадилар: “Масжидга (кўнгли) боғланган кишини кўрсангиз, унинг иймонига гувоҳлик беринг», деганлар («Ҳалаби Кабир»).

Ерда холис масжид қурганга жаннатда уй бино бўлади

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради», деганларини эшитганман» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган).

Масжид қурилишига ҳисса қўшганга жаннатда кўшк барпо этилади  

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун каклик уйидек бўлса-да, масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир кўшк барпо қилади», дедилар (Аҳмад ибн Ҳанбал, Баззорлар ривоят қилишган).

Масжидга борганнинг хатоси ўчирилиб, даражаси кўтарилади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

Масжидга узоқдан келган кўп ажр олади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган). Яъни масжидга қанча узоқдан келса, шунча савобга эга бўлади, деганидир.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълумки, масжидлар – унга доимий қатнайдиган кишининг иймонига гувоҳлик бериладиган, холис масжид қурганга жаннатда уй бино бўладиган, у ерга борганнинг хатоси ўчирилиб, даражаси кўтариладиган, у ерга қанча узоқдан келса, шунча кўп ажр бўладиган жой экан.

Демак, ҳар бир мусулмон ва муслима бундай улуғ масканни икром-эҳтиром қилиши, унинг қадрига етиши, масжидлар ҳақида фақат яхши гумонда бўлиши, уларда макруҳ саналган амалларни қилмаслиги ва уларнинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуриши лозим экан.

Баҳриддин Хушбоқов

 

Read 2134 times

Мақолалар

Top