Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: БОБУР МИРЗО – ЭЪТИҚОДИЙЙА (ИЙМОН-ЭЪТИҚОД   КИТОБИ) (Иккинчи мавзу)

 

ЭЪТИҚОДИЙЙА (ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ)

 

НАЗМ

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

(Ҳамд баёни)

 

Ҳаққа ҳамду сано адо қилдим,

Ҳақ оти бирла ибтидо қилдим.

Ибтидо қилғулиқ неким бордур,

Қилмасанг оти бирла, абтардур.

Қодиру баркамол Тенгридур,

Қоҳиру зулжалол Тенгридур.

Ҳар неким қилса, Ул қилур бешак,

Ҳар не ким қилса, Ул билур бешак.

Мунтазир раҳматиға гумроҳлар,

Муфтахир қуллуғи била шоҳлар.

Ямону яхшиға умид Андин,

Қўрқмоқ андину навид Андин.

Жисмда ҳар нечаки қил бўлса,

Қил сену эл танида тил бўлса,

Ҳамдига зокир ўлса ул тиллар,

Деса ҳамдини ойлару йиллар,

Ул барининг каломи бир бўлғай:

Бори ўз ажзиға муқирр бўлғай.

 

НАСРИЙ БАЁН     

 

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.

(Беҳад меҳрибон ва бениҳоят раҳмли Аллоҳ исми билан.)

(Ҳамд баёни)

 

Аллоҳ  таъолога  ҳамду  сано  айтиб,  сўзимни  –  асаримни  Аллоҳнинг номи билан бошладим. Чунки бошлагулик нимаики хайрли – мўътабар иш  бўлса,  уни  Аллоҳнинг  исми  билан  бошламасанг,  охири  кесикдир  – давоми  йўқдир,  натижасиздир.  (Чунки,  ҳадиси  шарифда  айтилади:  «Ҳар қандай  хайрли  –  мўътабар  иш  Аллоҳнинг  исми  билан  бошланмаса,  абтардир  –  охири  кесик,  давоми  йўқдир”.)

 

(Чунки)  Қодир  –  ҳар  нарсага  кучи  етадиган,  хоҳлаган  нарсасинихоҳлаганидек  яратишга,  хоҳлаган  ишини  хоҳлаганидек  қилишга  қодир бўлган  зот  Аллоҳдир;  баркамол  –  энг  комил  сифатларга  соҳиб  зот  Аллоҳдир,  Қоҳир  –  Қаҳҳор  сифатига  соҳиб,  яъни  ҳамма  нарсага,  ҳар  бир хоҳлаган  киши  ва  нарсага  хоҳлаган  ишини  қиладиган  суратда  ғолиб  ва ҳоким  зот,  Зулжалол  –  ягона  улуғлик  эгаси  Аллоҳдир.

 

Ҳар  нимаики  қилса,  шубҳасиз,  У  қилади,  ҳар  ким  нимаики  қилса, шубҳасиз,  У  билади.  (Қиладиган  ишини  биладиган  ҳам,  билган  ишини қиладиган  ҳам  Удир!)

 

Гумроҳлар – йўлдан адашганлар, хатою гуноҳга тушганлар ҳам Унинг раҳматига  интизор,  умидвор;  шоҳлар  ҳам  Унга  бандалик,  қуллик  ва ибодат  қилиш  билан  фахрланадилар.

Яхши-ёмон инсонларнинг ҳаммасининг умиди фақат Ундандир, хавфу ражо – қўрқув ҳам, умид ҳам фақат Ундандир. (Чунки ҳар мўъмин кишига  хавфу  ражо  –  умид  билан  қўрқув  орасида  яшаш  вожибдир.  Бири  ошса ҳам,  бири  камайса  ҳам,  инсон  учун  хавфлидир,  бу  иккиси  баробар  бўлиши шарт.)

 

Инсоннинг  жисмида  неча  тук  бўлса,  улар  сенинг  ва  бошқа  барча инсонларнинг  танида  тил  бўлса,  агар  бу  тиллар  Аллоҳнинг  ҳамдига зокир  бўлиб,  Уни  зикр  қилса,  ойлару  йиллар  Унга  ҳамду  сано  айтса, барчаларининг  сўзи  бир  бўлади:  ҳаммалари    ўз  ожизлигига  иқрор  бўлади,  холос.  (Яъни,  ягона  ва  қудратли  Зотнинг  наздида  ҳамма  ўз  ажзига иқрордир.)

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2191 times
Tagged under

Мақолалар

Top