Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари хусусида сўз юритганимизда у кишининг замондошларига, яқинларига, ҳаммаслакларига бўлган адолатли муносабатлари, хушмуомалаларининг гувоҳи бўламиз. Бу биз учун муҳим жиҳат...
Ҳаётимиз давомидаги ҳаракатларга нур бергувчи, ёритгувчи манба бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ахлоқлари ҳақида Ҳазрати Оиша онамиздан сўраганларида: «Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари Қуръон эди...» деб жуда қисқа ва лўнда жавоб берганлар. Чунки Оиша онамиз ниҳоятда закий, жуда илмли, тадбиркор аёл эдилар. Шу даражада олима эдиларки, Ҳатто саҳобалардан ёши улуғлари ҳам келиб, у кишидан кўп масалалар хусусида савол сўрашарди. Оиша онамиз эса далил билан чиройли тарзда жавоб берардилар. Фиқҳ илмидан, яъни фатво илмидан яхши хабардор олима эдилар.
Бир куни жиянлари:
«– Холажон! Мен тафсир илмини, ҳадис илмини, фиқҳ илмини билишингиздан ажабланмайман. Лекин тиб илмини қандай ўргандингиз?..» – дея сўрайди.
Чунки Оиша онамиз фавқулода ўткир қобилиятлари туфайли тиб илмини ҳам чуқур эгаллаганлар. Жиянлари шу учун ҳам таажжубланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тенгсиз-мислсиз ахлоқ соҳиби эдилар. Қуръони Каримда бу ҳақда ояти карималар бор... Масалан, Тавба сурасининг охирида айтилган: Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим:
لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
"(Эй инсонлар) Сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл – ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!" (Тавба сураси,128-оят).
Бу ояти каримадаги «анфусикум» сўзини «анфасукум» деб шарҳлаган олимлар ҳам бор... Яъни, «Сизларнинг нафисроғингиз, гўзалроғингиз» маъносида. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўхшаш инсон тоифасидан бўлсалар-да, лекин бизникига нисбатан «анфас»[1] бир шахсияти, айри хусусиятга эга бўлган руҳонияти бор эди... Бу ҳақда Аллоҳу Таолонинг ўзи кафиллик берган... Аллоҳ Таолонинг энг севикли бир бандаси эдилар.
Баъзи мушриклар: «Нега Аллоҳу Таоло бизга башариятдан, инсон жинсидан пайғамбар юборди? Фаришталардан юбормади? Фаришталар қанотлари билан учиб келса бўлмасмиди?...» – деб айтишарди.
Ер юзида инсонлар яшагани ва Аллоҳнинг ҳукмлари инсонларга юборилгани учун, уларни ҳақ йўлига бошловчи комил, намунали киши инсонлардан бўлиши керак эди. Нега? Чунки бошқалар унинг ҳаётига, ҳаракатларига қараб ўз ҳаракатларини тартибга солиши лозим эди. Шу мақсадда Аллоҳу Таоло башардан, инсонларнинг ўз ораларидан бир пайғамбарни танлади ва юборди...
Унинг бизникидек нафси, кўз-қоши, қалби, туйғулари, қувонч-қайғулари бўлган, биз каби еб-ичадиган, ухлайдиган, чарчайдиган; барча инсонлардек бир инсон эдилар... Лекин бу хусусиятлар билан бирга Аллоҳга энг мақбул шаклда қуллик қилишни ишда, амалда, сўзда кўрсатадиган бир пайғамбар, элчи ҳам бўлиб юборилган эдилар.
Бир қанча киши инсониятдан пайғамбар юборилишини тушунолмаганлар. Улар ғайритабиий нарсаларни хоҳлашиб, ҳар хил сўзлар айтишарди. Жумладан: «Икки ёнда иккита фариштанинг юриши, сеҳрли бир боғнинг бўлиши, у ерда турли хил меваларни узиб ейдиган бўлиши керак эмасми?...»
Ахир Оллоҳ Таоло сизга инсониятдан бўлган, сизнингдек бир бандасини пайғамбар қилиб юборяпти-ку! Бу башар пайғамбаридаги табиий бир мукаммалликни кўп кишилар англай олишмаган. Кимлардир тушунган, кимлардир тушунмаган...
Баъзилар «Оллоҳга яқин бўлай, яхши қуллик қилайин», – деб қандайдир йўл танлашади... Масалан, жамиятни тарк қилишади. Ажабо, жамиятни тарк қилиб, узлатга чекиниш билан яхши инсон бўладими ёки яшаб турган жамиятида ўз ҳаётини, ҳатти-ҳаракатини тартибга солишга эришадими?... Агар ҳар бир киши узлатга чекинаверса, жамият тартиби бузилади. У ҳолда ҳар бир киши шахсий эҳтиёжини қондириш учун ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Натижада башариятнинг, жамиятнинг ривожланиши издан чиқади, ҳаёт мезони, яшаш низоми бузилади. Нотўғри ҳолат юзага чиқади...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам ҳар бир кишининг жамиятдан бутунлай ажралиб, тарки дунё қилиб ўз раъйига кўра ғалати ибодат турларини адо қилишдан манъ қилганлар. Ундай ибодатда ҳикмат бўлмайди...
Инсон ўлароқ инсонларга хос ҳаёт кечириб, Оллоҳ Таоло томонидан бизга берилган барча неъмат ва эҳсонлардан фойдаланишимиз, Оллоҳнинг розилигига етишишимиз, яъни Оллоҳнинг неъматларидан Оллоҳ розилигига эришиш учун истифода этишимиз ва яратганга гўзал шаклда қуллик қилишимиз лозим! Яшашимизнинг асосий ғояси ҳам шудир. Афсуски, кўп одамлар буни тушунолмаганлар... Биз буни яхшилаб тушуниб олишимиз керак!
(Мин анфусикум) «Сизларнинг ичингиздан, ўзларингиздан бир киши расул қилиб юборилди. «азизун» «Азиз» – иззатли, қимматли маъноларида келади. Бу ерда эса (азизун) дейилгандан кейин бир вергул бор, (алайҳи ма аниттум) – иккинчи сифатдир. Яъни, «Сизни ранжитадиган нарсалар унинг учун оғирдир, сизларнинг хафа бўлишингизни истамайди». Ёки вергул бўлмаса, тўхташ ишорати бўлмаса, (азизун алайҳи ма аниттум) «Сизларни ранжитадиган нарсалар унга ҳам оғир ботади, уни ҳам хафа қилади», – деган маънони беради...
Ҳар икки маънода ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтимоий ахлоқининг юксак даражада эканлиги намоён бўлаяпти. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ўзларини ўйлайдиган, манфаатпараст инсон эмас, бошқаларнинг ғам-қайғулари ва машаққатларига елкадош, шерик бўлолган, бошқаларнинг маҳзунлигини кўриб, хафа бўлган бир инсон... Бу жуда муҳим сифат, хос хулқ; яъни Аллоҳу Таоло томонидан ижтимоий ахлоқининг, тарбиясининг юксаклиги, мадҳ қилиниши, мақталишидир.
(Ҳарисун алайкум) Бунинг маъноси: “Сизларга нисбатан ўта ҳарис – ташна...” Яъни, онанинг боласига нисбатан меҳри, боласини асраб-авайлаш ҳисси, туйғуси каби; товуқнинг жўжаларини ҳимоя қилишидек; қалби сизга нисбатан ҳимоя туйғулари билан тўла; сизларга нисбатан меҳрибон, шафқатли...
(Бил мўъминина рауфур раҳийм) “Мўминларга нисбатан жуда юмшоқ кўнгилли, жуда марҳаматли...» Булар барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофидаги инсонларга нисбатан ахлоқларининг мақтовидир, мадҳ қилинишидир. Аллоҳу Таоло Қуръони каримида Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу сифатларини мақтаган.
“Рауф” ва “Раҳим” сўзлари Аллоҳ Таолонинг сифатларидир, башарга, инсониятга бериладиган сифатлар эмас. Лекин Аллоҳу Таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мазкур оятда бу сифатлар билан атайди... Яъни Аллоҳу Таоло ўз ҳабибига “Рауф” ва “Раҳим” сифатини берган... Иккинчидан бу сифатлар орқали Аллоҳу Таоло Расулининг юксак ахлоқ соҳиби эканлигини бизга билдирмоқда... Бу ҳам диққатни тортадиган жиҳат...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан
[1] Анфас – нафисроқ.